• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Фабио Каннаваро — жамоа ичидаги «каламушлар», ЖЧдаги хатолар ва Осиё Кубоги учун жамоани янгилаш ҳақида


Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро 5 август куни Жаҳон чемпионатидан сўнг илк бор журналистлар билан мулоқот қилди. Италиялик мутахассис жамоа натижалари борасидаги танқидларга батафсил жавоб қайтарди, нотўғри маълумотларни инкор этди ва бўлажак Осиё Кубогига тайёргарлик ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳеч ким қочиб кетмади»

Журналистларнинг саволларига жавоб беришдан олдин Фабио Каннаваро узоқ давом этган кириш сўзи билан чиқиш қилди. У гўёки Жаҳон чемпионатидан сўнг дарҳол терма жамоани тарк этиб, Италияга дам олишга кетгани ҳақидаги хабарлардан сўз бошлади.

«Жаҳон чемпионатидан кейин терма жамоани ташлаб, Италияга таътилга учиб кетганим ҳақидаги хабарларни кўрдик. Бироқ биз федерация билан олдиндан Ню Йоркда ҳамма билан хайрлашишга келишиб олган эдик, ҳеч ким қочиб кетгани йўқ. Охирги ходим ва ўйинчи меҳмонхонани тарк этгунча мен ҳам ўша ерда эдим. Қочиб кетадиган ҳеч қаерим йўқ — мен жамоам ва футболчиларимдан фахрланаман», — дея сўзини бошлади Каннаваро.

Каннаваро уйга қайтишини Ўзбекистон чемпионатидаги танаффус билан изоҳлади. Мусобақа қайта бошлангач, у мамлакатга қайтиб, яна ўйинларга боришни бошлади.

У терма жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ташкил этиш масаласидан мамнун эканини таъкидлади: футболчиларда АҚШ ва Канада ўртасидаги парвозлар, жойлашиш ва сафарлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юзага келмаган. Бунинг учун мураббий Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва жамоанинг бутун штабига миннатдорлик билдирди.

Мураббий турнирдан анча олдин Жаҳон чемпионатидаги ўйинлар юқори шиддатда кетиши ҳақида огоҳлантирганини эслатиб ўтди.

«Саккиз ой олдин, биз ҳали ЖЧ ҳақида энди гаплаша бошлаганимизда, мен ўйинчиларни қандай яхшилаш, лигамиз ва бутун тизим даражасини кўтариш масалаларини кўтарган эдим. Биринчи навбатда мен ўйинларнинг шиддати ҳақида ўйлаган эдим. Жаҳон чемпионати қаттиқ ва аёвсиз ўтишини билардим. Мен учун бу бош мураббий сифатида ЖЧдаги биринчи тажриба, лекин унутманг: ортимда ўйинчи сифатида тўртта турнир бор, уларнинг бирида ғолиб чиққанман. (…) Эҳтимол, кимдир кулиб: „Йўқ, биз ЖЧга чиқдик ва ҳеч нарсадан қўрқмаймиз“, дегандир, лекин мен бу турнир ниҳоятда оғир синов бўлишини аниқ билардим», — деди у.

Шу билан бирга, Каннаваронинг сўзларига кўра, терма жамоа атрофида таркиб, тиббий штаб, овқатланиш, маошлар ва ички қоидалар ҳақида жуда кўп нотўғри хабарлар пайдо бўлган.

«Билмадим, эҳтимол жамоа ичида қандайдир „каламушлар“ бордир. Лекин мураббий сифатида мен футболчиларимни ҳимоя қилишим керак. Сиз мени танқид қилишингиз мумкин — муаммо йўқ. Аммо менинг футболчиларимни эмас, чунки улар бор кучини берди», — деди у.

Каннаваро натижа учун жавоб беришга ва ўз манзилига йўлланган танқидларни қабул қилишга тайёрлигини таъкидлади, бироқ футболчиларни «охиригача» ҳимоя қилишини билдирди.

2026 фифа жаҳон чемпионати, фабио каннаваро, футбол, футбол ассоциацияси

Машарипов ҳақида: «Эҳтимол, мен уни ЖЧга олиб келишга ҳаракат қилган ягона аҳмоқ мураббий бўлгандирман»

Италиялик мутахассис таркибни танлаш масаласига алоҳида тўхталиб, Азиз Турғунбоев ва бошқа футболчиларнинг қайдномага киритилмагани эътирозларга сабаб бўлганига изоҳ берди.

«Ўйинчилар рўйхатини эълон қилганимизда, биз чақирмаганлар борасида эътирозлар бошланди. Масалан, Азиз ёки Ҳожимат [Эркинов] ҳақида. Менинг уларга қарши ҳеч қандай шахсий ғаразим йўқ. Шунчаки уларга Суперлигадаги ўйин даражаси ва майдондаги тана тили ўша пайтда миллий терма жамоа талабларига жавоб бермаганини айтдим. Ҳа, улар саралаш босқичига улкан ҳисса қўшди, муҳим голларни урди, лекин баъзида бу турнирнинг ўзи учун қайдномага киришга етмайди», — деди Каннаваро.

Каннаваро сўзларининг давомида Жалолиддин Машариповга алоҳида тўхталиб ўтди. Тренернинг таъкидлашича, футболчи салкам саккиз ой давомида расмий ва ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмаган, Каннаваро эса уни ўз қўл остида бирор марта ҳам ўйнаганини кўрмаган.

Шунга қарамай, мураббийлар штаби ярим ҳимоячининг савияси ҳамда терма жамоанинг турнирга чиқишига қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда уни муҳим мусобақага тайёрлашга уриниб кўрган. Каннаваро уни Дубай ва Римда шахсан қўллаб-қувватлаган, унинг тикланиши учун махсус мутахассислар ҳам жалб қилинган.

«Эҳтимол, мен Машариповни чақириши мумкин бўлган ягона аҳмоқ мураббий бўлгандирман. Нима учун? Чунки Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб, уни бирор марта ҳам ўйинда кўрмагандим. Лекин уни яхши футболчи деб ҳисобладим ва Жаҳон чемпионатига боришига ёрдам бериш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим», — деди у.

Каннаваронинг сўзларига кўра, асосий тўсиқ тизза билан боғлиқ муаммо эмас, балки бел соҳасидаги оғриқлар бўлган. Мураббий Машариповда оғриқли грижа (диск чурраси) пайдо бўлгани ва вақти келиб у ҳатто юришга ҳам қийналганини таъкидлади.

«Натижада муаммо тиззада эмас, белда экани маълум бўлди. Тошкентдаги тайёргарлик жараёнида тиббий тестлар оёқлар тонусида фарқ борлигини кўрсатганди ва биз уни чуқурлаштирилган текширувдан ўтказиш учун юбордик. Белидаги муаммолар туфайли у жисмоний жиҳатдан юкламаларга дош бера олмасди. Бу оғир қарор эди. У яхши ўйинчи, саралаш босқичида улкан ишларни амалга оширди. У Жаҳон чемпионатида иштирок этишга лойиқ эди. Аммо кимдир бу қарорни қабул қилиши керак эди», — дея тушунтирди мутахассис.

Каннаваро ўзи ҳам жароҳат сабабли Европа чемпионатини ўтказиб юборганини, шунинг учун Машариповнинг ҳолатини яхши тушунишини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у терма жамоада бошқа жароҳат олган футболчилар ҳам бўлганига қарамай, нега айнан шу вазият атрофида бунчалик фаол муҳокамалар келиб чиққанини тушуна олмаётганини билдирди.

2026 фифа жаҳон чемпионати, фабио каннаваро, футбол, футбол ассоциацияси

«Агар сиз хорижий мураббий терма жамоани дарҳол «Барселона»га айлантиришини кутган бўлсангиз, бу нотўғри»

Жаҳон чемпионатида терма жамоанинг ўйинида мураббийлик услуби кўриндими, деган саволга Каннаваро жамоани олдинги ўйинлари билан таққослашни таклиф қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси у келгунига қадар ҳам рақиблар устидан доимий устуворлик кўрсатмаган. Хорижий мутахассис тайинланганидан кейин жамоа дарҳол «Барселона» каби ўйнай бошлашини кутиш нотўғри, деди у.

Каннаваро ижобий мисол сифатида Колумбияга қарши ўйинни келтириб ўтди. Ўйиннинг биринчи бўлимида Ўзбекистон терма жамоаси қийинчиликларга дуч келди, бироқ танаффусдан кейин янада шижоатли ҳаракат қилиб, гол урди ва вазиятлар яратди.

«Агар сиз хорижий мураббий билан кейинги ўйиндаёқ „Барселона“ ўйинини кўраман деб ўйласангиз, эҳтимол, муаммо кутилмалардадир. Жаҳон чемпионатида хато қилиб бўлмайди: бундай даражадаги рақиблар ҳар бир хато учун жазолайди», — деди у.

Шунингдек, мураббий Достон Ҳамдамовнинг узатмасидан кейин урилган голлардан бири жамоа машғулотларда пухта ишлаган комбинация натижаси бўлганини айтди.

Каннаваро ҳақиқий маънода жамоа учун хавотир олган ягона баҳс Португалияга қарши ўйин бўлган.

«Уларнинг футболчилари вазиятни шунчалик тез ўқийдиларки, уларга қарши стратегия тайёрлаш жуда қийин эди. Бизнинг даражамимиз учун бу жуда оғир бўлди», — дея қайд этди у.

Мураббийнинг сўзларига кўра, фарқ фақат югуриш тезлигида эмас, балки қарор қабул қилиш тезлигида ҳам эди: ўзбекистонлик футболчилар ҳужумни давом эттиришнинг бир йўлини ёпганида, португалияликлар дарҳол бошқасини топган.

2026 фифа жаҳон чемпионати, фабио каннаваро, футбол, футбол ассоциацияси

Сўнгги 20 дақиқадаги муаммо

Каннаваро терма жамоа ўйинида аллақачон ўзгаришлар юз берганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, футболчилар янги машғулот методикаси ҳақида ижобий фикр билдирган, айримлари эса янада ишончли ҳаракат қилиб, клубларида ўсиш кўрсата бошлаган.

Бироқ жамоа айрим бўлимларни ҳар хил ўтказган. Конго ДРга қарши баҳсда терма жамоа танаффусгача яхши ўйнаган, аммо кейин сустлашган. Колумбияга қарши эса бунинг акси содир бўлган: эҳтиёткор биринчи бўлимдан сўнг Ўзбекистон иккинчи таймда кучайган.

«Мен футболчиларга пастроқ блокда ўйнашни айтмаганман. Аксинча, танаффусда улардан олдинга интилишни ва юқоридан прессинг қилишни давом эттиришни сўрадим», — деди мураббий.

У сўнгги 20 дақиқаликда ўйин сифатининг пасайиб кетишини асосий муаммо сифатида кўрсатди.

«Ўйинчилар чарчаганда, концентрация пасаяди. Шунингдек, бизга майдонда мулоқот етишмаяпти — футболчилар бир-бири билан кам гаплашмоқда. Ўйин 45 ёки 75 дақиқа эмас, 90 дақиқа давом этади. Ҳозирда ўйинлар 95−98 дақиқагача давом этмоқда», — деди Каннаваро.

Унинг кузатувларига кўра, терма жамоага реакция билдиришни бошлаш учун кўпинча «зарба олиш» керак бўлади: тренер агрессив бошлашни талаб қилса-да, дастлабки дақиқаларда футболчилар ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган.

Каннаваро дарвозабонни ўзгартиришни эҳтимолий хато деб атади

Ўз хатолари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Каннаваро мураббийлик қарорлари ҳам тўғри, ҳам нотўғри бўлиб чиқиши мумкинлигини айтди. У Жаҳон чемпионатининг биринчи ўйинида 18 ёшли футболчи Беҳруз Каримовнинг асосий таркибда майдонга тушишини муваффақиятли қарор деб ҳисоблайди, бироқ асосий дарвозабонни алмаштириш, эҳтимол, хато бўлган бўлиши мумкин.

Гап Ўткир Юсупов ва Абдувоҳид Неъматов ўртасидаги танлов ҳақида борди. Каннаваро у келганидан кейин Юсупов жароҳатдан кейин тикланаётгани ва кўплаб ўйинларни ўтказиб юборганини тушунтирди. Неъматов эса, аксинча, Миср ва Эронга қарши баҳсларда, бошқа ўртоқлик учрашувларида ҳамда машғулотларда ўзини яхши томондан кўрсатганди.

«Эҳтимол, дарвозабонни ўзгартириш тўғри қарор бўлмагандир. Аммо машғулотларда Неъматов анча яхши кўринганди. Мураббий сифатида мен қарор қабул қилишга мажбурман», — деди у.

Шунингдек, Каннаваро кўп йиллар давомида терма жамоа сафида тўп сурган айрим тажрибали футболчиларга Жаҳон чемпионатида ҳатто 5−10 дақиқалик ўйин вақти берилмаганидан таассуф билдирди.

«Хатолар қилдим ва уларнинг устида ишлашим керак. Лекин барча хатоларим футболчиларга ёрдам беришга уринишлар билан боғлиқ бўлган», — деди у.

Мураббий турнирдан олинган асосий сабоқлардан бири сифатида таркибни шакллантиришда футболчиларнинг олдинги хизматларини ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, айрим футболчилар саралашдаги ҳиссаси туфайли Жаҳон чемпионатига йўл олган. Кейинчалик таркибни шакллантиришда ўтмишдаги ютуқлар эмас, балки жорий форма ва жамоага ёрдам бериш қобилияти ҳал қилувчи бўлиши керак.

2026 фифа жаҳон чемпионати, фабио каннаваро, футбол, футбол ассоциацияси

«Квалификация учун бонус тугади»

Каннаваро Осиё Кубоги олдидан терма жамоа таркиби ўзгаришини тасдиқлади.

«Рўйхатда саралашда қатнашган кўплаб ўйинчилар бор эди. Баъзиларига олдин қилган ишлари учун ўзига хос бонус бердим. Энди бу бонус тугади. Биз баъзи футболчиларни ўзгартиришимиз керак», — деди у.

Мураббий тўрт йилдан кейин 22−24 ёшга тўладиган ёш ўйинчиларни босқичма-босқич майдонга тушириш ниятида. Каннаваронинг сўзларига кўра, ёш тўсиқ эмас: агар футболчи етарлича яхши бўлса, у ўйнаши керак.

Мураббий бунга мисол қилиб Беҳруз Каримовни келтирди. Айримлар ёш ҳимоячини Жаҳон чемпионатининг биринчи ўйинида майдонга тушириш қарорини ҳаддан ташқари хавфли деб ҳисоблаган эди, бироқ Каннаваро ёшларга ишонишдан қўрқмаслигини билдирди.

«Осиё Кубогига тажриба орттириш учун бормаймиз»

Каннаваро Жаҳон чемпионати ва Осиё Кубогидаги вазифалар ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатиб ўтди.

У Жаҳон чемпионатини терма жамоа сабоқ чиқарадиган, тажриба орттирадиган ва энг кучли жамоалар даражасини тушуниб етадиган турнир деб атаганди. Қитъа биринчилигида эса Ўзбекистон янада юқори мақсадларни қўйиши керак, деб ҳисоблайди мураббий.

«Осиё Кубогига шунчаки завқ олиш учун бормаяпмиз. Бу — батамом бошқа турнир. Иложи борича олдинга ўтиш учун салоҳиятимиз етарли. Осиё терма жамоаларидан қўрқмаслигимиз керак», — деди у.

Каннаваро рақиб ким бўлишидан қатъи назар, футболчиларга нисбатан талабчанроқ бўлишини қўшимча қилди.

«Менга Япония ёки Эрон билан ўйнаётганимиз муҳим эмас. Майдонга тушиб, ўйнаш ва ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш керак — буни ҳам яхши футбол орқали амалга ошириш лозим», — деди у.

Осиё Кубогига тайёргарлик кўриш учун Каннаваро ассоциациядан имкон қадар кучли рақиблар билан ўртоқлик учрашувларини ташкил этишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, фақат шундай баҳсларгина ўсиш имконини беради.

У режалар қаторида Жанубий Корея билан ўйин ҳамда Ўзбекистонда Эрон билан баҳс бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтди. Шунингдек, яна бир юқори даражадаги терма жамоа билан учрашув ва ноябрь ойидаги ўйинлар учун кучли рақиблар масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Терма жамоа 4−3−3 схемага қайтиши мумкин

Каннаваро Ҳусниддин Алиқуловнинг жароҳати уни учта марказий ҳимоячидан иборат схемадан фойдаланишга мажбур қилганини айтди.

Мураббий ўзи учун қулайроқ позиция дея 4−3−3 ни келтирди. Тўрт нафар ҳимоячига ўтиш ҳужум чизиғига яна бир футболчини қўшиш имконини беради, бу эса, айниқса, Осиё терма жамоаларига қарши ўйинларда жуда муҳим.

«Менинг асосий схемам ҳар доим 4−3−3 бўлган. Ғоя тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнашдан иборат», — деди у.

Терма жамоа ҳимоядан қисқа паслар орқали тезроқ чиқиши, майдон марказини назорат қилиши, чизиқлар оралиғидаги футболчиларни топиши ва олдинга ҳаракат қилиши керак. Каннаваронинг фикрича, жамоа илгари узоқ масофали узатмаларга ҳаддан ташқари кўп таянган.

У сентябрь ойида ёшлар терма жамоалари мураббийлари билан учрашишни режалаштирмоқда. Каннаваро эрта ёшдан яхшиланиши лозим бўлган йўналишлар қаторида узатмалар тезлиги, майдонни сканер қилиш, ўйинни ўқий олиш ва қарор қабул қилишни санаб ўтди.

«Ёш футболчилар Европани орзу қилиши керак»

Каннаваро кўпроқ ўзбекистонлик футболчиларнинг Европа чемпионатларига ўтишини терма жамоа ўсишининг асосий шартларидан бири сифатида атади.

«Замонавий футбол, эҳтимол, 90 фоиз жисмоний тайёргарликдан иборат. Бусиз натижага эришиб бўлмайди. Бизда U-17, U-19, U-23 ёшлар терма жамоаларида ажойиб пойдевор бор, у ерда интизом ва натижалар ҳам бор. Лекин кейинги қадамни ташлаш учун биз футболчиларни хорижга, Дубай ёки Саудия Арабистонига эмас, Европага юборишимиз керак. Ёш ўзбекистонлик футболчилар Европада ўйнашни орзу қилишлари шарт. Япония ёки Марокашга қаранг — уларнинг футболчилари бутун Европа бўйлаб тўп суради ва терма жамоага қайтгач, натижа кўрсатади», — деди мураббий.

Жароҳатлар ва машғулотлар интенсивлиги ҳақида

Каннаваро кўплаб жароҳатлар машғулотларнинг ҳаддан ташқари интенсив ўтгани оқибати бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

Унинг сўзларига кўра, бевосита тайёргарлик вақтида фақат Одил Ҳамробеков жароҳат олган. Қолган футболчилар терма жамоага аввалги муаммолари билан келган.

Мураббийнинг маълум қилишича, Ҳамробеков машғулотларни давом эттиришни истагани сабабли мушакларидаги ноқулайлик ҳақида ўз вақтида хабар бермаган.

«Замонавий футболда интенсивликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Агар ўйинчи зарба олган бўлса, у майдонда охиригача курашиши мумкин. Лекин бу мушаклар билан боғлиқ муаммо бўлса, у бу ҳақда хабар бериши шарт — бунинг учун мулоқот керак», — деди Каннаваро.

Унинг қўшимча қилишича, ФИФА маълумотларига кўра, Ўзбекистон футболчилари юқори интенсивликдаги югуриш бўйича яхши кўрсаткичларни қайд этган. Шунингдек, мураббийлар штаби ўйинчиларнинг ўз клубларидаги GPS маълумотларини ўрганган, айрим футболчилар эса клубларидаги машғулотларни етарлича интенсив эмас деб ҳисоблаб, ўзлари қўшимча юкламалар беришни сўраган.

Маош, хорижий мутахассислар ва овқатланиш ҳақида

Каннаваро унинг маоши 4 миллион доллар экани ҳақида тарқалган маълумотларни рад этди, бироқ шартноманинг аниқ суммасини айтмади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишувга асосан, у ўзи таклиф қилган баъзи мутахассисларнинг меҳнатини ўзининг ёнидан тўлайди. Мураббийнинг қайд этишича, Роландо Бьянки штабга бепул қўшилган, айрим итальян физиотерапевтлари эса клубларда олган маошларидан сезиларли даражада кам пул эвазига ишлашга рози бўлган.

«Тиббиёт штабини кучайтириш учун Италиядан икки нафар физиотерапевтни таклиф қилдик. Арнальдо Эспозито илгари «Ювентус»да ишлаган, Симоне эса бизга қўшилиш учун City Football Group билан шартномасини бекор қилган ва одатдаги маошининг 20 фоизига рози бўлган», — деди Каннаваро.

Шунингдек, Каннаваро терма жамоа фақат итальян таомлари билан овқатлантирилгани ҳақидаги хабарларни ҳам инкор этди. Унинг сўзларига кўра, меню спорт овқатланиши бўйича мутахассиснинг тавсиялари асосида тузилган, ўйинлардан кейин эса футболчилар ўзбек миллий таомларини ҳам истеъмол қилишлари мумкин бўлган.

«Мен ўйинчиларнинг ёнида қурол тираб туриб, айнан нимани ейишлари шартлигини айтмаганман. Ўйинлардан кейин уларда бўш вақт бор эди», — дея таъкидлади у.

Матбуот анжумани якунида Каннаваро яна бир бор журналистларни маълумотларни текширишга ҳамда штаб ва футболчилар меҳнатини ҳурмат қилишга чақирди.

«Италияда 64 миллион аҳоли бор — ва 64 миллион мураббий мавжуд. Бу ерда ҳам деярли шундай вазият. Аммо янгилик эълон қилганингизда, у 100 фоиз ишончли бўлиши керак», — деди у.

Каннаваронинг сўзларига кўра, Жаҳон чемпионати мухлисларни хурсанд қилиши мумкин бўлган натижага олиб келмади, аммо футболчилар, мураббийлар, ассоциация ва бутун мамлакат учун тажриба бўлди. Кейинги мақсад бир марталик эмас, балки Ўзбекистонни Жаҳон чемпионатларига мунтазам чиқиб турадиган терма жамоага айлантириш бўлиши керак.

Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор ЖЧда иштирок этди. Гуруҳ босқичида жамоа Колумбия (1:3), Португалия (0:5) ва Конго ДРга (1:3) имкониятни бой бериб, очко тўплай олмади ва плей оффга чиқолмади. Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатларидаги тарихидаги илк голи муаллифи Аббосбек Файзуллаев бўлди.

30 июнь куни Шавкат Мирзиёев миллий футбол терма жамоасини Жаҳон чемпионатидаги иштирокдан сўнг қўллаб-қувватлашга чақирганди. Унинг сўзларига кўра, ўйинчилар муҳим тажриба орттирди, айбдорларни қидириш ва ҳаддан ташқари ҳиссиётлар билан эътирозлар билдириш «халқимизга хос эмас». У катта ғалабалар ҳали олдинда эканини таъкидлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *