• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш қандай ўзгаради? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta



1 сентябрдан Ўзбекистонда одам савдосидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади. Мазкур тизим президентнинг 3 август санасида имзолаган фармони билан белгиланди.

Жабрланганлар қандай аниқланади?

Одам савдосидан жабрланганларни дастлабки аниқлаш ҳуқуқи «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг ихтисослаштирилган муассасалари ҳамда уставларига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларига берилади.

Дастлабки аниқлаш якунларига кўра, шахсга бир ойгача одам савдоси эҳтимолий жабрланувчиси мақоми берилиши мумкин. Ҳудудий комиссиялар эса 10 сутка ичида якуний идентификацияни ўтказади. Жабрланган мақоми энг кўпи билан бир йилга берилади.

Одам савдосининг эҳтимолий жабрланувчиси деб топилиб, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагини билдирган шахс ҳақидаги маълумотлар «Инсон» марказига юборилади. У ерда унинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ёрдамга эҳтиёжи ва оила аъзоларининг ҳолати баҳоланади.

Эҳтимолий жабрланувчиларга минимал ижтимоий хизматлар пакети уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, бепул кўрсатилади.

Доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар вояга етмаган фарзандлари билан бирга вақтинча ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилиши мумкин. Бундай ҳолларда дастлабки идентификация уч сутка ичида ўтказилиши шарт.

Ишонч телефони ва аэропортларда маслаҳат бюролари

1 сентябрдан одам савдосидан жабрланганларнинг мурожаатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1146 қисқа рақамли ишонч телефони орқали қабул қилинади. Мутахассислар ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича маслаҳат беради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида ҳам ишонч телефонлари йўлга қўйилади.

Тошкент ва Самарқанд аэропортларида сунъий интеллект технологиялари асосида миграция масалалари бўйича маслаҳат бюролари ташкил этилади. Хорижга ишлаш учун кетаётган фуқаролар бориш мамлакатидаги элчихоналар ҳамда Миграция агентлигининг ҳудудий вакиллари алоқа маълумотларини олиши мумкин.

Болаларни реабилитация қилиш

Ҳукумат одам савдосидан жабрланган болаларни ўз оилаларига қайтариш чораларини кўради ҳамда ижтимоий хизматларни нафақат болага, балки унинг яқинларига ҳам кўрсатади.

Агар ноқонуний ҳаракатлар оила аъзолари томонидан содир этилган бўлса, бола бир сутка ичида профессионал қабул қилувчи оилага топширилади ёки ихчам ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирилади.

Шунингдек, болалар ўз хоҳиши ёки қонуний вакилларининг мурожаатига кўра ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилиши мумкин.

Касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш

Ихтисослаштирилган муассасаларда доимий яшашни истамаган жабрланганлар кундузи «Инсон» марказларига мурожаат қилиши мумкин.

Белгиланган талабларга мувофиқ келса, улар ва оила аъзолари алоҳида мурожаатсиз Ижтимоий реестрга киритилади.

Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган фуқароларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб касбга ўқитиш ташкил этилади. Бу харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўқишни тамомлаб, сертификат олган фуқароларни уч ой ичида ишга жойлаштириши шарт.

Чет эл фуқаролари учун алоҳида шартлар

Одам савдосидан жабрланган деб тан олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонга қандай мақомда кирганидан қатъи назар, реабилитация даврида мамлакатда вақтинча бўлиб туриш ҳуқуқи берилади. Улар ихтисослаштирилган муассаса манзили бўйича вақтинча рўйхатдан ўтказилади.

Реабилитация даврида уларга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш чоралари қўлланилмайди. Вақтинча яшаш учун рухсатнома расмийлаштириш харажатлари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Жавобгарлик кучайтирилади

Фармонда болалар савдоси, шунингдек вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилиш билан боғлиқ жиноий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун алоҳида жиноий жавобгарликни жорий этиш назарда тутилган.

Бундай жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни прокуратура органлари ваколатига бериш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, болаларни фоҳишаликка жалб қилиш мақсадида одам савдосида айбдор деб топилган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилиши мумкин бўлмаган маҳкумлар тоифасига киритиш режалаштирилган.

Туризм ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ишловчи мансабдор шахслар одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган тақдирда, суд уларга тегишли фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш тарзида қўшимча жазо тайинлаши мумкин.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига уч ой муддатда қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш топширилди.

Реабилитация марказлари қайта номланади

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази деб қайта номланади.

Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги ҳудудий марказларга аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш учун қўшимча 17 та тарбиячи штат бирлиги ажратилади.

Эҳтимолий жабрланувчилар ихтисослаштирилган марказлар хизматларидан бир ой, жабрланган деб тан олинганлар эса олти ойгача фойдаланиши мумкин. Бу хизматлар учун жабрланган мақоми берилган кундан бошлаб бир йил ичида мурожаат қилиш мумкин.

Реабилитация марказларига келиш ва улардан қайтиш учун транспорт харажатлари «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан қопланади. Республика марказига мурожаат қилувчиларга БҲМнинг бир баравари, ҳудудий марказларга мурожаат қилувчиларга эса БҲМнинг ярми миқдорида компенсация тўланади.

Шунингдек, жабрланганлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ихтисослаштирилган марказ жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳар поликлиникаси ёхуд шифохонасига бириктирилади. Заруратга қараб уларга стационар ёки амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 177 та ҳолат қайд этилган. Шундан 92 таси жинсий эксплуатация, қолганлари эса меҳнат эксплуатацияси ва чақалоқлар савдоси билан боғлиқ.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *