• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент боғлари 700 гектарли «яшил йўналиш» билан боғланмоқда

Тошкент боғлари 700 гектарли «яшил йўналиш» билан боғланмоқда


Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектарлик ҳудудда очиқ жамоат боғини барпо этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳа ҳудудни комплекс ободонлаштириш ва уни замонавий шаҳарсозлик талаблари ҳамда аҳоли эҳтиёжларига мослаштиришни назарда тутади.

Жумладан, боғга киришни чеклаб турган тўсиқлар демонтaж қилиниб, улар ўрнида қулай кириш йўлаклари ва ўзаро боғланган пиёдалар йўлаклари тармоғи барпо этилади.

Ҳудудда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, болали оилалар ва болалар аравачасидаги ташриф буюрувчилар учун тўсиқсиз муҳит яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, сояли сайр йўлаклари ва сокин дам олиш масканларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилади. Боғда замонавий ёритиш тизими, навигация ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш воситалари ўрнатилади.

Ҳокимликка кўра, лойиҳа пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва марказий кўчалар ҳамда уларга туташ ҳудудларда қулай жамоат маконларини яратишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг бир қисми ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Азизхон Шавкатовнинг маълум қилишича, ҳудудда қарийб 2 километр тўсиқларни демонтаж қилиш ишлари бошланган. Шу билан бирга, ташриф буюрувчилар учун қулай инфратузилма барпо этилади.

Унинг сўзларига кўра, боғнинг 10 гектар қисми келгусида тахминан 700 гектар майдонни қамраб оладиган Тошкентнинг «яшил йўналиши»га киритилади. Ушбу йўналиш Magic City, «Анҳор-Локомотив» боғи, Экопарк, Мирзо Улуғбек номидаги Марказий боғ, Абдулла Қодирий боғи, Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа жамоат маконларини ўзаро боғлайди.

«Яшил йўналиш» деганда Тошкентдаги барча боғлар ўзаро боғланиб, одамлар биридан иккинчисига бемалол ўта оладиган ягона макон назарда тутилмоқда. Бу шаҳарни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурнинг бир қисми ҳисобланади, деди ҳоким ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, ҳудудда капитал қурилиш ишлари режалаштирилмаган. Боғда сайр йўлаклари ва дам олиш масканлари барпо этилиб, ўриндиқлар ўрнатилади, мавжуд йўлаклар асосида тротуарлар янгиланади. «Бирорта ҳам дарахт кесилмайди», — деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Азизхон Шовкатов.

Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси 2017 йилда «Оқсарой» қароргоҳи ҳудудида ташкил этилган. Унинг таркибига музей, илмий-тадқиқот ва таълим маркази, кутубхона ҳамда конференция зали киради.

Аввалроқ Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева «Оқсарой» қароргоҳи атрофидаги ҳудуд барча учун очиқ бўлишини маълум қилган эди. Шунингдек, у Экопарк ва Марказий боғни бирлаштириш, «Бродвей» ҳамда бошқа жамоат ҳудудларини янгилаш лойиҳалари билан танишган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *