Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев россиялик Wildberries маркетплейси раҳбарияти билан экспортчилар муаммолари, жумладан дебиторлик қарздорлиги масаласи бўйича алоҳида йиғилиш ўтказишни топширди.
Бунга Хоразмдаги ARTATEX тўқимачилик компанияси раҳбари Наргиза Бекмуратованинг 5 август куни тадбиркорлар билан учрашувда корхона экспорти камайгани ҳақидаги мурожаати сабаб бўлди.
Наргиза Бекмуратова.
Унинг сўзларига кўра, ARTATEX Европа мамлакатлари ва АҚШга маҳсулот экспорт қилади. Корхонада қарийб 300 нафар ходим ишлайди, йиллик экспорт ҳажми эса одатда 3 миллион доллар атрофини ташкил этади.
Унинг айтишича, бу йил экспорт ҳажми камайиши кутилмоқда. Бунга сабаблардан бири сифатида Wildberries орқали ишлаш билан боғлиқ муаммолар келтирилди.
«Бу йил экспортимиз камайди. Одатда йилига 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қиламиз. Сабаб ҳаммага маълум: деярли ҳар куни Wildberries’нинг қайсидир омборида ёнғин чиқмоқда», — деди тадбиркор.
Унинг қўшимча қилишича, юзага келган вазият оқибатида компанияда дебиторлик қарздорлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин.
Жамшид Хўжаев.
Жамшид Хўжаевнинг маълум қилишича, ушбу масала юзасидан жума куни алоҳида йиғилиш ўтказилади. «Мен аллақачон компания (Wildberries) раҳбарияти билан гаплашдим, улар йиғилишда масофадан туриб иштирок этади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан биргаликда мазкур муаммони ҳал этиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.
Шунингдек, бош вазир ўринбосари мутасаддиларга экспортчиларнинг дебиторлик қарздорлиги бўйича алоҳида маълумот тайёрлаш ва уни Wildberries раҳбарияти билан муҳокама қилишни топширди.
Wildberries маълумотларига кўра, 2025 йилда маркетплейс орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошган. Таqqослаш учун, Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, бу кўрсаткич 2023 йилда 418 миллион доллар бўлган. РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровга кўра, 2024 йилда савдо ҳажми 605 миллион долларга етган.
Бошқа таклифлар
Шунингдек, Наргиза Бекмуратова СТ-1 товарнинг келиб чиқиш сертификатини дам олиш кунлари ҳам беришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг айтишича, компания экспорт ҳужжатларини кечқурун ва якшанба кунлари расмийлаштиради, аммо сертификат берувчи эксперт бўлинмалари бу вақтда ишламайди.
Жамшид Хўжаев хизмат тўлиқ онлайн шаклга ўтгунча, Хоразм вилоятида СТ-1 сертификатларини шанба ва якшанба кунлари ҳам беришни ташкил этиш бўйича топшириқ берди.
«Экспортни шанба ва якшанба кунлари тўхтатмаймиз», — деди масъул идора вакили.
Шунингдек, ARTATEX раҳбари экспорт маҳсулотларини лабораторияда текшириш харажатларини субсидия қилинадиган харажатлар рўйхатига киритишни сўради. Унинг таъкидлашича, бундай текширувлар Европа бозорига чиқиш учун зарур, аммо қўшимча харажат талаб қилади.
Жамшид Хўжаев Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва мутасадди идораларга таклиф тайёрлаб, эксперимент тариқасида Хоразм вилоятида қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этишни топширди. Шунингдек, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мирвохид Азимовга компаниянинг Лондон ва бошқа Европа бозорларига чиқиш лойиҳасини назоратга олиш вазифаси юклатилди.
Учрашувда тадбиркор захира электр таъминоти ускунаси носозлиги ва фабрика олдидаги йўлнинг аҳволидан ҳам шикоят қилди. Бош вазир ўринбосари электр таъминоти муаммосини икки кун ичида ҳал этиш, йўлни таъмирлаш масаласини эса Шовот тумани ҳокими билан муҳокама қилишни топширди.
Wildberries атрофидаги вазият
2026 йил июль-август ойларида Россиянинг турли ҳудудларида, жумладан Электросталь шаҳри, Самара, Владимир ва Тула вилоятларида жойлашган Wildberries логистика объектлари ҳамда тақсимлаш марказлари Украина учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумларига учради.
Ҳужумлар оқибатида компания омбор майдонларининг 15−20 фоиздан ортиғи шикастланган ва ишдан чиққан. Мутахассислар тўғридан-тўғри етказилган зарарни 100−300 миллиард рубль (тахминан 1,2−3,7 миллиард доллар) деб баҳоламоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқларда зарар кўрган Wildberries омборларини «Россия армиясини дронлар учун бутловчи қисмлар, навигация ускуналари ва жиҳозлар билан таъминлашда иштирок этган логистика марказлари» деб атаган.
