• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Нега одамлар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолади ва бунинг олдини олиш мумкинми? Оила психологи тушунтириши


Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари мунтазам равишда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Қийноққа солиш ва ўлдириш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда эътирозларни келтириб чиқармоқда. Шу кунларда зооҳимоячилар, фаоллар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар президент ва бошқа ҳокимият вакилларига ҳайвонларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга чақирувчи видеомурожаатлар йўллаяпти.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тегишли ўзгартиришлар 28 июндан кучга кирди. Бу ҳақда яқинда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева эслатиб ўтди. У ҳар қандай ҳаётга бўлган ҳурмат жамият меъёрига айланиши кераклигини таъкидлади.

Gazeta оила психологи София Ҳасанова билан одамлар нима учун ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатиши, бундай хулқ-атворни тузатиш ва олдини олиш мумкинми-йўқми — шу ҳақда суҳбатлашди.

— Одамларда зўравонликка бўлган мойиллик қаердан пайдо бўлади? Нима учун баъзилар, оғриқ етказаётганини тушуниб турса-да, буни қилишда давом этади?

— Агрессиянинг ўзи аномалия эмас, балки биз туғилишдан эга бўлган базавий қобилиятдир. Муаммо уни тартибга солиш механизми бузилганда юзага келади: одамда ўзини тута олиш етишмайди, ҳис-туйғуларни жиловлаш қийинлашади, эмпатия — бошқанинг ҳолатини ҳис қилиш ва тушуниш қобилияти пасаяди. Оқибатда у бошқа мавжудотни оғриқни ҳис қиладиган тирик мавжудот сифатида қабул қилмай қўйиши мумкин.

Кўпинча бу болаликдаги тажриба билан боғлиқ. Агар инсон зўравонликка дуч келган ёки уни мунтазам кузатган бўлса, унда шафқатсизлик ва жазолашга йўл қўйилиши мумкин, баъзилар эса шундай муносабатга «лойиқ» деган ишонч шаклланиши мумкин.

Яна бир муҳим омил — мустаҳкамланиш эффектидир. Агар зўравонлик бир марта бўлса ҳам енгиллик, куч ёки назорат ҳиссини берган бўлса, бундай муносабат билдириш усули мустаҳкамланиб қолиши мумкин. Секин-аста хулқ-атвор сценарийси шаклланади: зўриқиш — агрессия — енгиллашиш. Одам оғриқ етказаётганини тушуниб турса-да, бу сценарийни қайта-қайта такрорлайверади.

— Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ортида кўпинча нима туради?

— Бу ўринда ёш ва контекстни фарқлаш муҳим. Агар гап кичик ёшдаги болалар (тахминан беш-олти ёшгача) ҳақида кетаётган бўлса, бундай ҳаракатлар дунёни англашнинг бир қисми бўлиши мумкин. Бола бошқа мавжудотга оғриқ етказаётганини ҳали тўлиқ тушунмайди ва ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатларини англаб етмайди. Шу сабабли бу ерда тарбия ҳал қилувчи роль ўйнайди — унга ҳайвонлар билан қандай муомала қилиш кераклиги ва чегаралар қаерда экани тушунтирилганми-йўқми, шу муҳим.

Каттароқ ёшдаги болалар ва ўсмирларда эса ўзини тута билиш механизмларининг ҳали етилмагани сақланиб қолади. Миянинг хулқ-атворни назорат қилиш ва оқибатларни баҳолаш учун масъул бўлган зоналари ривожланишда давом этаётган бўлади, шунинг учун баъзи қилмишлар аслида зарар етказаётган бўлса-да, уларга қизиқарли ёки безиён бўлиб туйилиши мумкин.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Катталарда сабаблар, одатда, мураккаброқ бўлади. Кўпинча шафқатсиз муносабат ожизлик ҳисси билан боғлиқ: инсон ўзидан ожизроқ мавжудот устидан устунлик қилиш орқали назорат ҳиссини қайта тиклашга ҳаракат қилади. Бу катта ёшда ҳам мустаҳкамланиб қолиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатлари катта ёшдаги эркаклар орасида тез-тез қайд этилади.

Бундай хулқ-атвор шахсий зўравонлик тажрибаси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин: собиқ жабрланувчи энди зарар етказувчи ролида ўзига таниш бўлган муносабат моделини такрорлай бошлайди.

Бошқа эҳтимолий сабаблар — эмпатиянинг етишмаслиги, эмоционал совуқлик ёки ташвиш ва ғазабни конструктив йўллар билан енгишга қодир эмасликдир. Етарлича ҳамдардлик билдириш одат бўлмаган, боланинг ҳис-туйғулари эътиборсиз қолдирилган ёки зўравонлик меъёр деб ҳисобланган оилаларда ўсган инсонга бошқанинг кечинмаларини англаш ва эътиборга олиш қийинроқ кечиши мумкин.

Баъзида шафқатсизлик ўзини тута билиш ва хулқ-атворни танқидий баҳолаш қабилиятини сусайтирадиган психофаол моддалар — алкоголь ёки гиёҳвандлик воситалари таъсирида намоён бўлади.

— Ҳайвонларга нисбатан зўравонликка бўлган мойилликни янада жиддийроқ психик ёки хулқ-атвор бузилишларининг эрта маркери деб ҳисоблаш мумкинми?

— Баъзида — ҳа, аммо алоҳида бир эпизоднинг ўзи психик бузилиш мавжудлигидан далолат бермайди. Агар гап болалар ҳақида кетаётган бўлса, ёш ва контекстни эътиборга олиш муҳим. Масалан, 9−10 ёшда бундай хулқ-атвор хулқ-атвор бузилишлари, хусусан, норозилик хулқ-атвори, таъсирчанлик, низоларга ва қоидаларни бузишга мойиллик билан тавсифланувчи мухолиф-исёнкор бузилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Келажакда баъзи болаларда бундай ҳолатлар асоциал хулқ-атворнинг янада оғир шаклларига ўтиб кетиши мумкин.

Баъзида ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик бошқа психологик қийинчиликларда ҳам учрайди — масалан, оғир травматик воқеалардан сўнг ёки яқин муносабатлар ўрнатиш ва ҳамдардлик билдириш қийин бўлган боғланиш бузилишларида. Тўғри, бунинг ўзи ушбу ҳолатларнинг ўзига хос аломати ҳисобланмайди.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Биргина эпизоднинг ўзи ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Энг муҳими — хулқ-атворнинг хусусияти. Қасддан қилиш, такрорланувчанлик ва пушаймонликнинг йўқлиги хавотирли белгилар ҳисобланади. Агар бунга одамларга нисбатан агрессия, ёлғончилик, ўғрилик, импульсивлик ва ижтимоий меъёрларнинг тизимли равишда бузилиши қўшилса, бу антисоциал хусусиятларнинг шаклланаётганидан далолат бериши мумкин.

Шу билан бирга, ҳайвонларга шафқатсизлик кўрсатган ҳар бир бола келажакда одамларга нисбатан агрессив бўлиб етишади деб таъкидлаб бўлмайди. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оғир зўравонлик жиноятларини содир этган кўплаб инсонларнинг болалигида шу каби эпизодлар кузатилган. Яъни бундай хулқ-атвор ҳар доим ҳам зўравонликка олиб келавермайди, аммо унга замин яратиши ва вақт ўтиши билан янада жиддийроқ шаклларга ўтиб кетиши мумкин. Шу сабабли бундай хулқ-атворга кўз юмиб бўлмайди: унга қанчалик эрта эътибор қаратилса, вазиятни тузатиш имконияти шунчалик юқори бўлади.

— Қайси омиллар кўпинча шафқатсиз хулқ-атворга олиб келади? Бу оилами, атроф-муҳитми ёки травматик тажрибами?

— Биринчи ўринда барибир оила туради. Бола ўсаётган муҳит ва у кузатаётган хулқ-атвор моделлари унинг бошқаларга, шу жумладан, ўзидан ожизроқ бўлганларга қандай муносабатда бўлишини белгилаб беради. Гап фақат тўғридан тўғри зўравонлик ҳақида кетаётгани йўқ. Оилада агрессия, камситиш, шафқатсиз жазолар ёки ҳис-туйғуларни эътиборсиз қолдириш меъёр деб ҳисобланиши ҳам муҳим. Боланинг ўзи жабрланувчига айланмаса-да, катталар ўртасидаги зўравонликни мунтазам кузатиб борса, бу ҳам унинг хулқ-атворига таъсир қилиши мумкин.

Агар боланинг ўзи шафқатсиз муносабатга — жисмоний, эмоционал зўравонликка ёки фақат базавий эҳтиёжлар қондирилиб, меҳр ва мулоқот бўлмаган эмоционал эътиборсизликка дуч келган бўлса — бу ҳам хавф омили ҳисобланади. Ички зўриқиш, ожизлик ва ғазаб ўзидан ожизроқларга нисбатан агрессия кўринишида намоён бўлиши мумкин. Нафақат ғамхўрлик етишмаслиги, балки гиперопека (ота-оналарнинг фарзандига ҳаддан ташқари кўп ғамхўрлик қилиши, унинг ҳар бир қадамини назорат қилиши ва мустақил ҳаракат қилишига йўл қўймаслиги — таҳр.) ҳам баъзида ўз ролини ўйнайди. Болада қарор қабул қилиш ва масъулиятни ўз зиммасига олиш имконияти бўлмаганида, бу ўзини тута билиш кўникмаларининг ривожланишига халақит бериши мумкин.

Умуман олганда, травматик тажриба асосий омиллардан биридир. Шу билан бирга, бир хил воқеа турли одамларга турлича таъсир қилади. Кўп нарса атрофда қўллаб-қувватлаш бўлгани ва инсонга бу кечинмаларни енгиб ўтишга ёрдам берилгани ёки берилмаганига боғлиқ.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Атроф-муҳит ҳам, айниқса, ўсмирлик ёшида, катта аҳамиятга эга. Биз бошқаларни кузатиш орқали ўрганамиз: агар оилада, тенгдошлар даврасида ёки онлайн жамоатчиликда агрессия меъёр сифатида қабул қилинса, унинг такрорланиш эҳтимоли ортади.

Интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Контентнинг ўзи инсонни агрессив қилиб қўймайди, аммо шафқатсизлик саҳналарини мунтазам томоша қилиш эмоционал реакцияни сусайтириши мумкин. Агар бунинг устига бундай видеолар муаллифга эътибор ва эътироф олиб келса, ўсмирда шафқатсизлик — тан олинишга эришиш усули деган тушунча мустаҳкамланиб қолиши мумкин.

Шу сабабли оддий тақиқлар, одатда, камроқ самара беради. Кўрилган нарсани муҳокама қилиш анча фойдалироқдир: боладан бу видеода уни нима қизиқтирганини, унинг фикрича, ҳайвон ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраш ва ўз муносабатингиз билан ўртоқлашиш лозим. Бундай суҳбатлар ишончни сақлаб қалишга ёрдам беради ва эмпатия кўникмасини ривожлантиради.

— Боладаги бир марталик қизиқувчанлик эпизодини шаклланаётган зўравонликка мойилликдан қандай фарқлаш мумкин?

— Асосий жиҳат — боланинг катталар бундай қилиш мумкин эмаслигини тушунтиргандан кейинги реакцияси. Агар у тўхтаса, ҳамдардлик билдирса ва вазиятни тузатишга ҳаракат қилса, бу, одатда, ёш хусусиятларига мос келади. Шу билан бирга, «Сен ёмонсан» демасдан, қилмиш ва боланинг шахсини бир-биридан фарқлаш муҳим: «Сен ёмон иш қилдинг, лекин бу сени ёмон одам қилиб қўймайди». Шу орқали у ўзида «нимадир жойида эмас» деган ҳисни туймасдан, чегараларни тушунишни ўрганади.

Қасддан қилиш ва такрорланувчанлик хавотирли белгилар ҳисобланади. Агар бола тушунтиришга қарамай оғриқ етказишда давом этса, буни атайлаб, азоб чекаётганини кўриш учун қилса, айбдорлик ва ҳамдардлик ҳиссини туймаса, бу энди жиддий сигналдир. Айниқса, бундай хулқ-атвор нафақат ҳайвонларга, балки бошқа болаларга ёки ўзидан ожизроқларга нисбатан ҳам намоён бўлса.

— Агар ота-оналар болада ҳайвонларга нисбатан агрессияни пайқаб қолса, нима қилиши керак?

— Биринчи навбатда, бундай хулқ-атворни дарҳол тўхтатиш ва хотиржам, аммо аниқ тарзда тирик мавжудотларга оғриқ етказиш мумкин эмаслигини тушунтириш муҳим. Сўнгра оқибатларни оддий ва тушунарли тилда англатиш лозим. Масалан: «Сенга ҳам оғриқ етказишса, оғрийди-ку». Ҳайвон ўз ҳис-туйғулари ҳақида гапириб бера олмагани учун у янада ожизроқ эканига эътибор қаратиш мумкин.

Эмпатияни ривожлантириш муҳим. Бола билан ҳайвон нималарни ҳис қилаётганини муҳокама қилиш, бошқанинг кечинмаларини пайқашни ўргатиш керак. Кичик ёшдаги болалар билан ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш ёки уларни «даволаш» мумкин бўлган сюжетли ўйинлар жуда яхши ёрдам беради — бу орқали авайлаб-асраш муносабати тажрибаси шаклланади.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Агар бундай хулқ-атвор такрорланса, фақат тақиқлар билан чекланиб қолмасдан, унинг сабабларини тушунишга ҳаракат қилиш муҳим. Баъзида бола катталарнинг хулқ-атворини кўчиради, баъзида эса бу орқали ички зўриқиш, ташвиш ёки оиладаги нотинчликлар намоён бўлади.

Бола билан самимий ва мустаҳкам мулоқот жуда катта роль ўйнайди. Катталар унга ўз ҳис-туйғуларини англашга ёрдам берганда — «Сен ҳозир ғазабланяпсан», «Сенга алам қиляпти» — ва бу туйғуларни агрессиясиз енгиш мумкинлигини кўрсатганда, бола секин-аста соғломроқ муносабат билдириш усулларини эгаллайди. Изчиллик ҳам тенг даражада муҳим: қоидалар тушунарли, барқарор ва оиланинг барча аъзолари учун бир хил бўлиши керак.

Профилактика алоҳида суҳбатлар эмас, балки бола ўсаётган муҳитдир: ҳурматга асосланган муносабатлар, ҳис-туйғуларни қўрқмасдан ифода этиш ва бошқаларга, шу жумладан, ўзидан ожизроқларга нисбатан авайлаб-асраш муносабатида бўлишдир.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

— Яқин инсонда бундай мойилликлар намоён бўлса, нима қилиш керак? Бу ҳақда қандай гаплашиш ва қаерга мурожаат қилиш лозим?

— Бундай вазиятда содир бўлаётган воқеага кўз юммаслик жуда муҳим. Сўзлашувни айбловларсиз, ўз ҳис-туйғуларингиз орқали очиқчасига олиб борган маъқул: «Бу мени қўрқитмоқда», «Бу мени хавотирга соляпти». Шу билан бирга, аниқ чегарани белгилаб олиш зарур: бундай хулқ-атворга йўл қўйиб бўлмайди.

Муносабатларни сақлаб қолиш учун яқин инсонни оқлашга ёки унинг хатти-ҳаракатларини нормал ҳолат деб қабул қилишга уринмаслик керак. У содир бўлаётган ҳодиса учун ўз масъулиятини англаб етиши муҳим. Агар шафқатсиз хулқ-атвор такрорланса ёки янада кучайса, мутахассисга мурожаат қилиш лозим, айниқса, нафақат ҳайвонларга, балки одамларга ҳам зарар етказиш хавфи пайдо бўлса.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Ўз хавфсизлигингиз, шунингдек, болалар, оиланинг бошқа аъзолари ва ҳайвонларнинг хавфсизлиги ҳақида қайғуриш ҳам муҳим. Муаммо ўз-ўзидан йўқолиб кетади деб умид қилмаслик керак. Бундай вазиятларда эътиборсизлик ва сукут сақлаш, аслида, розилик шаклига айланади. Агар шафқатсизлик такрорланувчи хулқ-атвор моделига айланса, у агрессиянинг бошқа шаклларига ҳам кўчиши мумкин, шу сабабли бундай вазиятларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Энг муҳими — содир бўлаётган ҳодисага кўз юммаслик, шафқатсизликни оқламаслик ва ўз вақтида ёрдам сўраб мурожаат қилиш.

— Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни жамият даражасида олдини олиш мумкинми?

— Ҳа. Бу ўринда фақат оила ҳақида эмас, балки давлат ва инсон яшаётган муҳитнинг роли ҳақида ҳам гапириш муҳим. Масалан, ҳайвонлар учун шаҳар инфраструктурасини ривожлантириш — итларни сайр қилдириш майдончалари, мушуклар учун уйчалар ва шу каби бошқа ташаббуслар — фақат қулайлик масаласи эмас, балки ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш маданиятининг бир қисмидир.

Одамлар ҳайвонларга нисбатан авайлаб-асраш муносабатининг мисолларини мунтазам кўриб турса ва буни болалари билан муҳокама қила олса, бу қўрқув ва янглиш қарашларни камайтиришга ёрдам беради ҳамда эмпатиянинг ривожланишига хизмат қилади.

психолог, софия ҳасанова, шафқатсизлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик

Умуман олганда, ҳайвонларга бўлган муносабат жамиятда қабул қилинган қадриятлар ҳақида кўп нарсани сўзлайди. Шу сабабли фақат қоидаларни белгилаб қўйиш эмас, балки тирик мавжудотга бўлган ҳурмат меъёрга айланадиган муҳитни яратиш муҳимдир. Бу шиорлар ёки дарсликлардаги сатрлар орқали эмас, балки кундалик мисоллар — оилада, мактабда, жамоат жойларида ва давлат институтлари даражасида намоён бўлиши орқали амалга ошади.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *