Самарқанд вилояти туманларининг бирида электр таъминоти корхонаси раҳбари тадбиркордан пора олаётган вақтида ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, мансабдор шахс тадбиркорнинг умумий овқатланиш шохобчасида электрдан ноқонуний фойдаланилгани сабабли етказилган 393 млн сўмлик зарар бўйича жиноий иш қўзғатмаслик эвазига 5 минг доллар талаб қилган.

Бунинг эвазига у зарар миқдорини камайтириб, ишни маъмурий судга оширишни ваъда қилган. Июль ойи охирида ушбу маблағнинг 4 минг долларини олган мансабдор қолган минг долларни ҳам тезроқ беришни сўраган.

У қолган минг долларни учинчи шахс орқали олаётган вақтида ушланган. Қайд этилишича, ушбу раҳбар муқаддам ҳам судланган бўлган.