Андижон вилояти Хўжаобод туманида хусусий боғчанинг 21 нафар тарбияланувчини Tracker автомобилида ташиб кетаётган ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Gazeta ҳайдовчи устидан ўтказилган суд жараёнини ўрганди.
Суд ҳужжатларига кўра, воқеа 2026 йил 21 февраль куни эрталаб содир бўлган. Ўша куни ҳайдовчи И.А. ўзига тегишли Tracker автомашинада хусусий мактабгача таълим муассасасининг 21 нафар вояга етмаган тарбияланувчисини боғчага олиб кетаётган бўлган.
Суд автомобиль ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларининг бир қатор талабларини қўпол равишда бузганини қайд этди. Хусусан, у болаларни ташишга мўлжалланмаган транспорт воситасида белгиланганидан ортиқ йўловчи билан ҳаракатланган, болалар гуруҳи учун мажбурий кузатувчи ва махсус белгилар бўлмаган, транспорт воситаси техник имкониятидан ортиқ одам олиб кетилган.
Ҳаракат вақтида ҳайдовчи автомобиль бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги бетон устунга урилган. Оқибатда 6 ёшли М.Х. оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган. Яна етти нафар бола енгил ва ўрта оғир тан жароҳатлари олган.
Суд мажлисида Иродахон Абдиразакова айбига иқрор бўлди. Унинг айтишича, боғча расман бошқа шахс номида бўлса-да, ундан шериги билан биргаликда фойдаланган.
«Боғчанинг болаларни уйидан олиб келиш учун алоҳида транспорти йўқ эди. Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида уларни ўзимнинг машинамда олиб келиб, кейин уйларига қайтариб қўярдим», — деди у суд мажлисида.
Судланувчи воқеа куни ҳам болаларни уйларидан йиғиб келаётганини билдириб, ЙТҲ қандай содир бўлганини қуйидагича тушунтирди.
«Чап томонимдан катта тезликда бир автомобиль ўтиб, машинамга жуда яқинлашиб кетди. Шундан чўчиб, билмаган ҳолда рулни ўнг томонга буриб юбордим. Машина йўл четига чиқиб кетди ва бошқарувни бутунлай йўқотиб, бетон устунга урилди», — дейди у.
«Машинамга 21 нафар болани, жумладан салоннинг олди, орқа қисми ва ҳатто багажига ҳам чиқарганман. Қилган ишимдан пушаймонман», — деди.
Судланувчи марҳуманинг дафн маросимига моддий ёрдам берганини, II гуруҳ ногирони эканини ҳам маълум қилиб, суддан енгиллик сўради.
Судда сўроқ қилинган жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари фарзандлари айнан И.А. томонидан ҳар куни уйидан боғчага олиб кетилганини тасдиқлади.
Ҳалок бўлган қизалоқнинг онаси қизи воқеадан сўнг тўрт кун реанимацияда ётиб, кейин вафот этганини айтди. Бироқ у ҳам, бошқа жабрланувчиларнинг ота-оналари ҳам судланувчига нисбатан моддий ёки маънавий даъвоси қолмаганини, етказилган зарар қопланганини ва унга қонуний енгиллик беришни сўрашди.
Суд қарори
Суд И.А.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айбли деб топди.
Жазони тайинлашда суд унинг аёллиги, айбига иқрор бўлгани, чин кўнгилдан пушаймонлиги, илгари судланмагани, етказилган зарарни қисман қоплагани, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этилгани каби ҳолатларни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади.
Натижада суд унга 3 йил муддатга уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси ва 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, судланувчига назорат органи рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Андижон вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик мажбурияти юклатилди.
Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган.
Май ойида Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Matiz ҳалокатга учрагани хабар қилинганди. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Шундан сўнг ЙҲХХ 1−8 май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолатни аниқлаган. Идора ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Damas’ларда 25−28 нафаргача, Spark автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай қоидабузарликнинг оғир оқибатлари ҳақида мунтазам хабар ва огоҳлантиришлар бериб келинаётгани ва назорат тадбирлари ўтказилаётганига қарамай, йўлларда болалар ҳаётини хавфга қўйиб, уларни сиғимдан ортиқ ташиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.
