Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган Миллий боғ сайилгоҳи ҳудудидаги чўмилиш соҳилида 4 ёшли қизча чўкиб кетди. Бу ҳақда Gazeta`га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Ҳодиса 5 август куни соат 16:30 атрофида содир бўлган. 4 ёшли қиз 8 ёшли опаси ва бувиси билан бирга чўмилиш келган ва сувга чўкиб кетган.

Воқеа жойига чақирилган тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай, у вафот этган.

Шифокорлар томонидан тақдим этилган маълумотномага кўра, марҳуманинг танасида ҳеч қандай тан жароҳати аломатлари аниқланмаган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи, прокуратура ва суд-тиббий экспертиза бюроси ходимлари томонидан ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.