Тошкент вилояти Зангиота тумани «Токзор» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Изза» бозори яқинидаги дўконларда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса тўғрисидаги хабар 6 август куни соат 12:29 да ФВБ навбатчилик қисмига келиб тушган. Шундан сўнг воқеа жойига қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғинни ўчириш ишлари бошланган.

Ёнғин соат 13:48 да қуршаб олинган ва соат 14:09 да тўлиқ бартараф этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида дўконларнинг 400 квадрат метр қисми ёниб зарарланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаганини билдирди. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида «Изза» бозорининг қурилиш материаллари сотиладиган дўконларида ёнғин чиққанди. Ўшанда вазирлик ёнғиндан олдинги текширувда бозорда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бир қатор бузилиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилганди.