Ўзбекистон ва Қозоғистон 10 августдан бир қатор товарлар учун тариф ва нотариф тўсиқларни бекор қилади. Бу ҳақда 5 август куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форумида маълум қилинди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Gazeta`га маълум қилишича, қарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машиналар, электротехника маҳсулотлари, мебель ва бошқа товарларни қамраб олади.
Форумда таъкидланишича, савдодаги чекловлар яқинда Ақтау шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари иштирокида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида муҳокама қилинган. Музокаралар якунлари бўйича томонлар аввалроқ бизнес ҳамжамияти эътибор қаратган тўсиқлар юзасидан қарорлар қабул қилган.
«Бизнес бу ҳақда анчадан бери гапираётган эди — бу муаммо эди… Бир ҳафта аввал 10 августдан бошлаб ўрнатилган барча тариф ва нотариф тўсиқлар бекор қилиниши маълум қилинди. Бу икки мамлакат тадбиркорлари учун катта туртки бўлишига ишонамиз», — деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерлан Тургумбаевнинг маълум қилишича, қабул қилинган қарорлар қарийб 20 турдаги маҳсулотларга тааллуқли.
«Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз жуда юқори суръатларда ривожланмоқда. Албатта, бу давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ишончли, биродарона муносабатлар билан боғлиқ… Қарийб 20 турдаги товар бўйича бир ҳафта ичида тўсиқлар олиб ташланди. Менимча, бундай тезкор қарорлар илгари бўлмаган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳам Ўзбекистонга 261 та товар позицияси бўйича етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятлари мавжуд.
Рўйхатга қайси товарлар киритилган?
Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, гап қуйидаги товарлар ҳақида кетмоқда:
|
ТИФ ТН коди |
Товарлар гуруҳи |
|
07 |
Янги ва совитилган сабзавотлар |
|
08 |
Мевалар, резаворлар ва полиз маҳсулотлари |
|
10 |
Донли экинларнинг айрим турлари |
|
11 |
Донни қайта ишлаш маҳсулотлари |
|
17 |
Шакар ва қандолат маҳсулотлари |
|
19 |
Дондан тайёрланган маҳсулотлар |
|
20 |
Қайта ишланган сабзавот ва мевалар |
|
22 |
Алкоголсиз ичимликлар |
|
39 |
Пластмасса буюмлари |
|
52 |
Пахта ва пахта толаси |
|
54−63 |
Тўқимачилик маҳсулотлари, матолар, кийим-кечак ва трикотаж |
|
68 |
Қурилиш материаллари |
|
69 |
Керамика маҳсулотлари |
|
70 |
Шиша ва шиша буюмлари |
|
73 |
Металл конструкциялар ва қора металлардан тайёрланган буюмлар |
|
84 |
Машина ва ускуналар |
|
85 |
Электротехника маҳсулотлари |
|
87 |
Автокомпонентларнинг айрим турлари |
|
94 |
Мебель |
Савдо-саноат палатаси ҳар бир товар гуруҳи бўйича айнан қандай чекловлар амал қилгани ва улар икки мамлакат томонидан бир вақтнинг ўзида бекор қилиниши ёки қилинмаслигига аниқлик киритмади.
Қозоғистон «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси Канат Шарлапаев ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ишларини доимий форматга ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
«Логистикадаги зиддиятлар ҳал қилиниши лозим бўлган йўналишлар бор. Чегарада ҳам, ўзингиз биласиз, муаммолар мавжуд — буни инкор этмаймиз, уларни ҳал қилиш керак. Бу узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши», — деди у.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ўсиб, қарийб 5 млрд долларга етган. Икки мамлакат президентлари товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган.
«10 млрд долларлик кўрсаткич 5 млн долларлик шартнома, 1 млн долларлик шартнома ва ҳар кунлик меҳнатдан шаклланади. Биз 10 млрд долларлик товар айирбошлашга сиёсий баёнотлар орқали эмас, балки мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар кунлик иш орқали эришишимиз керак», — деди Канат Шарлапаев.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон икки томонлама савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олган эди.