• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда июль қандай об-ҳаво билан эсда қолди?


2026 йил июль ойида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1,3−2,3 даражага, шимолий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса 2,5−2,8 даражага юқори бўлди. Бу ҳақда Ўзгидрометнинг иқлим шарҳида маълум қилинди.

Июль ойида ҳарорат режими ўзгарувчан бўлди. Ой боши одатдагидан анча салқин келиб, ҳаво ҳарорати иқлимий меъёридан 3−5 даражага паст кузатилди. Кундузи ҳаво ҳарорати +27…+32 даражадан ошмади.

Бироқ июль ойининг иккинчи беш кунлигидан бошлаб ҳаво ҳарорати кун сайин кўтарилди. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида жазирама 18−19 июль кунлари энг юқори чўққига етди, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса экстремал иссиқ икки кун аввал бошланди.

Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати +43…+45 даражага, жанубий ва чўл ҳудудларида эса +46…+50 даражагача етди. Қатор ҳудудларда максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар қайд этилди. Фарғона водийси вилоят марказларида эса максимал ҳарорат рекордлари икки марта янгиланди.

Тошкентда жазирама энг юқори чўққига 19 июль куни етди. Шу куни ҳаво ҳарорати +44,3 даражани ташкил этиб, бу пойтахтда 1997 йил 18 июль куни қайд этилган мутлақ максимумдан (+44,6 даража) атиги 0,3 даражага паст бўлди.

Бу даврда тунлар ҳам дим бўлди. Энг паст ҳарорат +25…+28 даражадан тушмади, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса +30…+33 даража қайд этилди.

Июль ойининг учинчи ўн кунлиги бошида нисбатан салқин ҳаво оқими таъсирида ҳарорат қисқа муддатга иқлимий меъёрига ва ундан бироз паст даражага тушди. Бироқ ой сўнгига келиб ҳаво ҳарорати яна меъёрдан 2−3 даражага юқори бўлди.

июль, об-ҳаво

Ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони марказий ва шарқий ҳудудларда 3−8 кунни, қолган ҳудудларда 9−18 кунни, Қизилқум чўли ҳамда жанубнинг айрим туманларида эса 19−23 кунни ташкил этди. Бу кўрсаткич кўп йиллик ўртача меъёрдан анча юқори бўлди.

Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ой давомида июль ойига хос қуруқ об-ҳаво сақланди.

Қорақалпоғистон, Тошкент, Сирдарё вилоятлари, Фарғона водийси ҳудудлари, шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим жойларида айрим кунлари маҳаллий қисқа муддатли ёмғирлар ёғди.

Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида кучли ёмғирлар кузатилди. Айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайди. 1 июль куни Нукусда, 19 июль куни эса Устюрт платосининг (Жаслиқ) айрим ҳудудларида шамол тезлиги 22−25 м/с гача етди. Айрим туманларда чанғ бўронлари ҳам қайд этилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *