4 август куни Gazeta Юнусобод туманидаги 17-даҳа аҳолиси 2026 йил март ойидан бери Тошкент ҳокимининг ҳовлидаги автотураргоҳ ўрнида беш қаватли маҳалла маркази қурилишига оид қарори устидан судлашиб келаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Ишни туманлараро ва шаҳар маъмурий судлари кўриб чиққан.

5 август куни кечқурун Юнусобод тумани ҳокими Аброрхўжа Саидалиев бошчилигидаги делегация ҳудудга келди. Аҳоли билан учрашувда у қурилиш бўлмаслигини маълум қилди.

«Ҳоким кўп қаватли бино қурилмаслигини, ер автотураргоҳ учун қолдирилишини айтди», — деди Gazeta`га 23-уйда яшовчи Антонина Мирзаева.

«Аҳолининг манфаатлари ва уларнинг ҳақли эътирозлари тўлиқ инобатга олинди», — дейилади Юнусобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати баёнотида.

Учрашув чоғида аҳоли бошқа масалаларни ҳам кўтарди. Фуқаролардан бири даҳада футбол майдончаси қуришни таклиф қилди. Бошқалар эса автотураргоҳ бўйлаб ҳаракат жадал экани ва уларнинг айтишича, бу ерда болалар ва кекса ёшдагилар автомобиллар остида қолгани сабабли сунъий нотекисликлар ўрнатишни сўради. Ҳоким бу таклифлар юзасидан аҳоли билан алоҳида учрашув ўтказиш учун мутахассисларни юборишга ваъда берди.

23-уй уй бошқарувчиси Раъно Абдусатторова ҳам маҳалла қўмитаси кекса ёшдагилар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатмаётганини билдирди.

Аҳолининг ревизия шикояти бўйича суд мажлиси 14 августга белгиланган.

Gazeta вазиятни кузатишда давом этади.

Аввалроқ нашр шунга ўхшаш ҳолатни ёритган эди — Яшнобод туманидаги Чўлпон маҳалласида аҳоли бир йилдан ортиқ вақт давомида футбол майдони ўрнида маҳалла биноси қурилишига қарши судларда муваффақиятсиз баҳслашган. Gazeta мақоласи эълон қилингач, туман ҳокими аҳоли билан учрашиб, лойиҳадан воз кечишга ва ободонлаштириш ишларида уларнинг таклифларини инобатга олишга ваъда берган. Орадан икки кун ўтиб, чуқур кўмилган ва қурилиш тўсиғи демонтаж қилинган.

Миробод туманидаги Лолазор маҳалласида эса Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ташрифидан сўнг прокуратура қурувчи компания мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатган. Улар болалар ва спорт майдончалари ўрнида қурилиш қилишда ҳужжатларни сохталаштириш ва ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда. Бош прокуратурага шаҳар бўйлаб шунга ўхшаш объектларни текшириш топширилган.