Тошкент вилояти солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолати фош этилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум бўлишича, солиқчилар 6 та МЧЖда ўтказилган аудит текширувлари давомида далолатномаларни 5,2 млрд сўмлик солиқларни ҳисобга олмасдан расмийлаштирган.
Натижада давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ўз навбатида, ушбу корхоналар масъуллари ва бошқа шахслар 32,6 млрд сўмлик қўшилган қиймат солиғини бюджетдан қайтариб олган, 195,9 млрд сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, тушумни банкка топширмаган.
Шунингдек, савдо қоидаларини қўпол равишда бузиб, жами 42,5 млрд сўмлик солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
