Туркиянинг Бурса вилояти Инегўл туманида меҳнат фаолиятини олиб борган Ўзбекистон фуқароси — 36 ёшли Ойбек Ниёзов вафот этди, деб хабар бермоқда мамлакатнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.
Қайд этилишича, консулхона томонидан марҳумнинг яқинларига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ҳамда ваколатли турк идоралари билан тегишли ташкилий масалалар мувофиқлаштирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миграция агентлиги томонидан кўрсатилган моддий кўмак асосида марҳумнинг жасади ватанга олиб келиниб, яқинларига топширилди.
Марҳумнинг ўлими сабаблари юзасидан Туркия ваколатли органлари томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Турк ОАВнинг ёзишича, 3 августга ўтар кечаси Инегўл давлат шифохонасининг паллиатив ёрдам бўлимида беморлар парвариши билан шуғулланган Ойбек Ниёзов ўз вазифасини бажараётган вақтида тоби қочиб, ҳаётдан кўз юмган.
Олинган маълумотларга кўра, унинг аҳволи тўсатдан ёмонлашиб, ерга йиқилган. Бу ҳолатни пайқаган ҳамширалар Ниёзовга биринчи ёрдамни кўрсатган. Шундан сўнг тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган.
Ниёзовнинг жасади ўлим сабабини аниқлаш мақсадида Суд-тиббиёт институтига юборилган. Бошқа бир турк нашрига кўра, полиция воқеа юзасидан шубҳали ўлим ҳолати бўйича тергов-суриштирув ишларини бошлаган.
