Тошкент ҳокимлиги Сергели туманида Original Lyuks Servis компанияси томонидан барпо этилаётган Quyliq Avenue турар жой мажмуаси қурилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан хизмат текширувини ўтказди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
«Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқаролар ва қурувчи ўртасида тузилган шартномаларда тараф ҳисобланмайди. Қурилиш ва квартираларни топшириш муддатларига риоя қилиш, пул маблағларини қайтариш, эҳтимолий зарарларни қоплаш ва бошқа мажбуриятларни бажариш масалалари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда, жумладан суд орқали ҳал этилади. Шу билан бирга, шаҳар маъмурияти уй-жой сотиб олиш учун сармоя киритган фуқароларнинг хавотирини тушунади», — дейилади хабарда.
«Фуқароларнинг кўп сонли мурожаатлари ва вазиятнинг ижтимоий аҳамиятини инобатга олган ҳолда», шаҳар ҳокимлиги вакили уй-жой харидорлари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти, прокуратура, давлат қурилиш назорати органлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.
Учрашув давомида фуқаролар қурилишни якунлаш ва квартираларни топшириш муддатлари, келгуси молиялаштириш манбалари, компаниянинг кредит ва гаров мажбуриятлари, шунингдек, мавжуд чекловлар билан боғлиқ масалаларни кўтарди. Қурувчи яқин вақт ичида фуқаролар кўтарган масалаларни ҳал этиш ҳамда зиммасига олган мажбуриятларни бажариш бўйича аниқ жадвал тақдим этиш мажбуриятини олди.
Июль ойида Daryo турар жой мажмуасидан хонадон сотиб олиш учун 500 дан ортиқ киши шартнома тузганини хабар қилганди. Фуқаролар бир неча йил давомида тўловларни амалга оширган, айримлари эса уларни тўлиқ тўлаб бўлган. Бироқ мажмуа ҳалигача қуриб битказилмаган. Қурилиши 2021 йил қишида бошланган объектни 2024 йилнинг тўртинчи чорагида топшириш ваъда қилинган. Кейинчалик эса хонадонларни топшириш муддатини 2025 йил августигача узайтириш бўйича қўшимча шартнома тузилган.
Нашр ёзишича, шаҳар прокуратураси компания мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик), 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Нашрнинг қайд этишича, бошқа бир қурилиш компанияси лойиҳага мувофиқ болалар майдончаси, дам олиш ва ободонлаштириш учун ажратилган ҳудудда бино қурмоқда.
Ҳокимлик томонидан ўтказилган текширув давомида 13 051 квадрат метр ер участкаси қурувчига 2021 йилда ижара асосида ажратилгани аниқланди. Қурилиш учун рухсатнома 2022 йил октябрь ойида олинган. Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси 2023 йил 22 сентябрда берилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатлари 2024 йил 29 июлда ҳудудий қурилиш назорати органларида рўйхатдан ўтказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, объектда қурилиш ишлари тахминан 53 фоизга бажарилгани аниқланди, дейилади ҳокимлик хабарида.
«Вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг шахсий назоратидадир. Ҳокимлик ўз ваколатлари доирасида фуқаролар, қурувчи, банк ва масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашишда давом этади. Масалани кўриб чиқишнинг кейинги бориши ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади», — дея қайд этди шаҳар маъмурияти.
Ҳокимлик рухсат берувчи ва лойиҳа ҳужжатларининг мавжудлиги «қурувчининг фуқаролар олдидаги шартнома мажбуриятларини бажарганини англатмаслигини» эслатди. «Битим тузишдан олдин алоҳида ҳушёр бўлиш: мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатларини, қурувчининг молиявий аҳволини, ишбилармонлик нуфузини, фаолият тарихини ва олдинги лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасини синчиклаб ўрганиш, шунингдек, унинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариш қобилиятини баҳолаш лозим», — дея даъват этди ҳокимлик.
Июнь ойида президентга ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш бўйича таклифлар тақдим этилганди. 2025 йилда 1952 та ноқонуний қурилиш аниқланган.
Май ойида Сенат қурилиш соҳасидаги коррупция, бюджет маблағларининг сарфланишидаги қонунбузилишлар ва сифат устидан назоратнинг етарли эмаслиги муносабати билан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига парламент сўрови юборганди. Маълум қилинишича, 2025 йил давомида 1601 та ҳолатда 29 млрд сўмлик сифатсиз қурилиш ишлари аниқланган. 2024 йилда бу кўрсаткич 63 млрд сўмни ташкил этган.
