Ўзбекистон 9−16 август кунлари илк бор Халқаро информатика олимпиадасига (International Olympiad in Informatics — IOI-2026) мезбонлик қилади, у ҳисоб бўйича 38-си бўлади.
Пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, интеллектуал беллашувларда 97 мамлакатдан 386 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этади. Делегация раҳбарлари, мураббийлар, халқаро қўмита аъзолари ва меҳмонлар билан биргаликда иштирокчилар сони 900 нафардан ошади.
Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасини тайёрлаш 2025 йил ноябрь ойида бошланган. Қозоғистон, Польша ва Руминиядан келган экспертлар иштирокида 10 га яқин ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. Саралаш якунларига кўра 100 нафар мактаб ўқувчиси орасидан 8 нафар иштирокчидан иборат иккита миллий терма жамоа шакллантирилди.

Ўзбекистоннинг тадбирни ўтказиш бўйича талабномаси 2023 йилда Венгриянинг Сегед шаҳрида 28 августдан 4 сентябргача бўлиб ўтган 35-олимпиада давомида маъқулланган эди.
IOI’да ҳар йили турли мамлакатлардан юқори синф ўқувчилари иштирок этади. Улар масалаларни таҳлил қилиш, алгоритмлар ва маълумотлар тузилмаларини ишлаб чиқиш, дастурлаш ҳамда тестдан ўтказиш каби йўналишларда беллашадилар.
Ҳар бир иштирокчи мамлакат олимпиадада ўз шарафини ҳимоя қилувчи тўрт кишидан иборат жамоани танлаб олади. Жамоа етакчи ва унинг ўринбосари ҳамроҳлигида икки кун давомида куч синашади. Ҳар бир иштирокчи якка тартибда беллашади ва ҳар бир мусобақа кунида беш соат ичида учта алгоритмик масалани ечиш орқали максимал натижага эришишга ҳаракат қилади.

IOI-2026 логотипи сифатида ҳумо қуши танланган. Унинг танаси ва қанотлари геометрик шакллар, схемаларга ўхшаш чизиқлар ва иккилик рақамлари (0 ва 1) ёрдамида яратилган. Логотипдаги иккилик кетма-кетлиги йилни ва мезбон мамлакатни акс эттиради.
