• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ҳайвонларга паспорт берилаётгани йўқ». Мутахассис — Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизими ҳақида


Ўзбекистонда 7 августдан «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Тармоқларда «ҳайвонларга паспорт берилади», «қорамоллар ҳам «ЗАГС»дан ўтаркан», «бу солиққа ёки ижтимоий нафақаларга таъсир қилади» каби гаплар тарқалиб, муҳокама қилинмоқда.

Gazeta мухбири Миролим Исажонов ушбу тизим қандай ишлаши, қайси ҳайвонлар идентификация қилиниши, маълумотлар базасида нималар сақланиши, нега «паспорт» эмас, айнан электрон рўйхатга олиш тизими жорий этилаётгани, шунингдек, аҳолини қизиқтираётган бошқа саволларга Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази бўлим бошлиғи Ғайрат Қўзибоев билан суҳбатлашди.

Ғайрат Қўзибоев.

— Тармоқларда ҳайвонларни идентификация қилиш тизими ортиқча оворагарчилик ва назорат сифатида ҳам қабул қилиняпти. Буни жорий этишдан мақсад нима?

— Ушбу тизимнинг асосий мақсади ҳайвон эгаларига қўшимча муаммо яратиш ёки жаримага тортиш эмас. Аввало, ҳайвонлар ва уларнинг эгалари ҳақида ягона электрон базани шакллантириш кўзда тутилган. Бу ҳайвон орқали юқадиган юздан зиёд касалликларни назорат қилиш имконини беради. Масалан, бир ҳудудда куйдирги, қутуриш, бруцеллёз ёки бошқа хавфли касаллик аниқланса, идентификация орқали касаллик қайси ҳайвонлар билан боғлиқ экани ва хавф қай даражада тарқалганини тез аниқлаш мумкин. Шу тариқа эпизоотик барқарорлик таъминланиб, касалликлар тарқалишининг олди олинади.

Идентификация чорвачилик учун ҳам муҳим. У орқали ҳайвонларнинг ҳаракати, наслчилик, эмлаш, сунъий уруғлантириш ва бошқа ветеринария тадбирлари тизимли ҳисобга олинади. Шунингдек, гўшт, сут каби маҳсулотларнинг келиб чиқиши, ҳайвоннинг соғлиғи ҳамда ветеринария назоратидан ўтгани ҳақида маълумот шаклланади. Бу истеъмолчилар ишончини ошириб, назоратсиз маҳсулотларнинг бозорга чиқишини чеклайди.

Давлат учун эса ҳайвонларнинг сони, жойлашуви ва ҳаракати ҳақида аниқ маълумотлар шаклланади. Бу ветеринария назорати, эпидемияларнинг олдини олиш ва соҳани режалаштириш самарадорлигини оширади. Шу сабабли идентификация тизимининг асосий вазифаси аҳолига қўшимча талаб қўйиш эмас, балки инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳани рақамлаштиришдир.

— Идентификация қайси ҳайвонлар учун жорий этилади?

— Қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан кейин 14 кун ўтгач, отлар 4 ойдан сўнг, чўчқалар 1 ой, ит ва мушуклар эса 3 ойдан кейин идентификация қилиниши керак. Белгиланган муддат тугагач, улар бир ой ичида электрон рўйхатга олинади.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

— Ҳайвонлар қандай идентификация қилинади?

— Идентификация усули ҳайвон турига қараб фарқ қилади. Қорамол, қўй, эчки ва туяларга икки қулоғига бир хил рақамли сариқ бирка тақилади. Агар ҳайвонда идентификация рақами бўлмаса, унинг қаерда парваришлангани, қачон сўйилгани, қайси маҳсулот шу ҳайвондан олингани ёки касаллик манбасини аниқлаш қийинлашади.

Ҳар бир биркада Ўзбекистон белгиси, ҳудуднинг ҳарфли коди, ҳайвон турини билдирувчи рақам, қўмита логотипи ва QR код бўлади. Масалан, ҳудудлар автомобиль давлат рақамларидаги каби сонлар эмас, ҳарфлар билан белгиланган: A — Қорақалпоғистон Республикаси, B — Андижон вилояти, M — Тошкент вилояти. Ҳарфдан кейин ҳайвон турини билдирувчи рақам келади: 1 — йирик шохли мол, 2 — майда шохли мол, 3 — от ва бошқа турлар учун алоҳида рақамлар белгиланган. Кейин эса ҳар бир ҳайвонга хос такрорланмас идентификация рақами берилади.

2030 йилгача ушбу тизим орқали ҳайвондан олинган маҳсулотларни ҳам тўлиқ кузатиш имкони яратилади. Масалан, гўштдаги QR кодни сканер қилганда ҳайвоннинг қайси хўжаликда парваришлангани, ёши, зоти, эмлаш тарихи ва ветеринария назоратидан ўтгани ҳақида маълумот кўринади. Шу тарзда маҳсулотнинг келиб чиқиши ва хавфсизлигини тўлиқ кузатиш мумкин бўлади. Ит ва мушукларга эса микрочип ўрнатилади.

— Идентификация учун ишлатиладиган бирка ва микрочиплар қайси давлатлардан олиб келиняпти ҳамда уларнинг нархи қанча?

— Бирка ва микрочиплар хориждан олиб келинган. Улар халқаро тажриба асосида танланган ва миллий стандарт талабларига жавоб беради. Бирка ва микрочиплар юқори ҳароратга чидамли, ранги ўчмайди ва узилиб кетмайди. Масалан, қорамол учун иккита қулоқ биркасидан иборат тўпламнинг халқаро бозордаги нархи ўртача 1 доллар ёки ундан арзонроқ туради.

— Идентификация рақами қандай ишлайди, ҳайвон сотилганда ёки бошқа ҳудудга олиб ўтилганда у ўзгарадими?

— Йўқ. Идентификация рақами ҳайвонга умри давомида фақат бир марта берилади ва бошқа ҳайвонда такрорланмайди. Ҳайвон сотилса ёки бошқа ҳудудга олиб ўтилса, фақат эгаси ҳақидаги маълумот янгиланади, рақам эса ўзгармайди.

Ҳар бир рақам ягона электрон базага киритилади. Шу рақам орқали ҳайвоннинг рўйхатдан ўтган ҳудуди, эгаси, ветеринария тадбирлари ва бошқа маълумотлар кўринади. Ҳозирга қадар 3,7 миллиондан ортиқ чорва ҳайвони идентификация қилинган. Базада ҳар бир ҳайвон ҳақидаги маълумот сақланади. Идентификация рақамини ҳайвон эгаси танламайди. Рақамлар ҳар бир вилоят ва туманга белгиланган тақсимот асосида кетма-кет ажратилади ва ҳайвонга шу тартибда бириктирилади.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

— Тармоқларда «ҳайвонларга паспорт берилади» деган гаплар ҳам тарқалди. Бу қанчалик тўғри?

— Йўқ, ҳайвонга алоҳида паспорт берилмайди. Шунингдек, идентификациядан кейин солиқ жорий қилиниши ёки ижтимоий нафақалар, жумладан, бола пулига таъсир қилиши ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз. Юқорида айтганимдек, идентификациянинг ягона мақсади ҳайвонлар ва уларнинг эгалари ҳақидаги маълумотларни ягона электрон ахборот базасида юритишдир.

Илгари чорвадорлар ҳайвонларини ажратиш учун уларнинг пешанасига турли рангда бўёқлар суртган, шохига белги қўйган ёки бўйнига махсус белги боғлаган. Айрим наслчилик хўжаликларида эса тамға босиш усулидан ҳам фойдаланилган. Замонавий идентификация тизими ана шу усулларнинг рақамлаштирилган ва аниқроқ кўриниши ҳисобланади. Бу тизим эса кўплаб давлатларда анча йиллардан бери қўлланади.

— Электрон ахборот базасида ҳайвон ва унинг эгаси ҳақида қандай маълумотлар сақланади?

— Агар ҳайвон эгаси жисмоний шахс бўлса, унинг Ф.И.Ш., туғилган санаси, ЖШШИР, яшаш манзили ва телефон рақами киритилади. Юридик шахс бўлса, ташкилотнинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтган санаси, манзили, СТИРи ҳамда раҳбарининг Ф.И.Ш. ва телефон рақами қайд этилади.

Шунингдек, тизимда ҳайвоннинг идентификация рақами, бирка ёки микрочип каби идентификация воситалари, ҳайвон ҳақидаги маълумотлар, сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида чет элдан олиб кирилган бўлса, унинг Ўзбекистонга олиб кирилган санаси ҳам сақланади.

Бундан ташқари, ҳайвон сўйилганда, нобуд бўлганда, йўқ қилинганда ёки мамлакат ҳудудидан олиб чиқилганда бу ҳақдаги маълумотлар ҳам базага киритилади. Тизимда профилактика тадбирлари, ташхис ва даволаш ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам юритилади.

— Фуқаролар ҳам базага кириб, ўз ҳайвони ҳақидаги маълумотларни онлайн кўра оладими?

— Маълумотлар Vis-Chinor электрон ахборот тизимида сақланади. Базага фақат махсус логин ва паролга эга давлат ветеринария хизмати мутахассислари кира олади. Улар ҳайвон ва унинг эгаси ҳақидаги маълумотларни киритади. Тизим давлат ахборот базалари билан интеграция қилинган бўлиб, ветеринария назоратини рақамли шаклда юритишга хизмат қилади.

Қонунда ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Масалан, эгаси ўз ҳайвони ҳақидаги маълумотларни ветеринария участкаси орқали электрон ёки қоғоз шаклида олиши, шунингдек, ҳудудда ўтказилаётган эмлаш ишлари ҳақида маълумот сўраши мумкин.

— Ҳайвон эгалари идентификация учун қаерга мурожаат қилиши керак?

— Фуқаролар бирор идорага бориши шарт эмас. Ҳар бир маҳаллага бириктирилган ветеринария участкаси шифокорлари кўчама-кўча юриб, хонадонлардаги ҳайвонларни босқичма-босқич идентификация қилиб бормоқда.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

Агар ҳайвон эгаси навбатни кутмасдан идентификация қилдирмоқчи бўлса, ветеринария участкаси шифокорига ёки туман бўлимига оғзаки, ёзма ёки телефон орқали мурожаат қилиши мумкин. Яқин вақтларда бунинг учун махсус мобил платформа ҳам ишга туширилиши режалаштирилган.

Қонунга мувофиқ, мурожаат келиб тушганидан кейин беш иш куни ичида ветеринария ходими хонадонга бориб, ҳайвонни идентификация қилади ва маълумотларни электрон базага киритади.

— Битта ҳайвонни идентификация қилишга ўртача қанча вақт кетади?

— Жараён кўп вақт талаб қилмайди. Фермер хўжаликларида ҳайвонлар бир жойда сақлангани учун иш тезроқ кечади. Аҳоли хонадонларида эса асосий вақт ҳайвонни ҳаракатланмайдиган ҳолатда ушлаб туришга сарфланади. Биркани тақиш ўртача 2−3 дақиқа, электрон базага маълумот киритиш эса тахминан бир дақиқа вақт олади. Умуман олганда, битта ҳайвонни тўлиқ идентификация қилиш учун ўртача беш дақиқа етарли.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир ветеринария участкаси ходими бир иш кунида ўртача 32 бош чорва ҳайвонини идентификация қилиши мумкин. Кўп ҳолларда эмлаш ва идентификация ишлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Жараённи тезлаштириш учун ветеринария ходимлари планшетлар билан босқичма-босқич таъминланмоқда. Интернет яхши ишламайдиган ҳудудлар учун эса офлайн режим жорий этилмоқда: маълумотлар жойида киритилиб, интернет пайдо бўлгач автоматик равишда базага юкланади.

— Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш билан шуғулланадиган ветеринария ходимлари етарлими? Бу жараён узоқ чўзилиб кетмайдими?

— Бугунги кунда ветеринария тизимида республика бўйича 10 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади. Улар эмлаш, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва бошқа ветеринария хизматлари билан ҳам шуғулланади. Бевосита идентификация ишларида эса тахминан 7−8 минг нафар ходим иштирок этяпти. Бирка тақишда бошқа мутахассислар ҳам қатнашиши мумкин, аммо электрон базага маълумот киритиш ҳуқуқи фақат ветеринария участкаси масъул мутахассисига берилган.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

— Хусусий ветеринария клиникаларини ҳам ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнига жалб этиш режалаштирилганми?

— Ҳозирча электрон ахборот базасига маълумот киритиш ҳуқуқи фақат давлат ветеринария хизмати ходимларига берилган. Агар барчага логин ва парол берилса, тизимни назорат қилиш қийинлашади.

Бироқ келгусида эҳтиёж туғилса, хусусий ветеринария клиникалари ҳайвонларга бирка тақиш, идентификация жараёнида техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, олис ҳудудларда эмлаш ва бошқа ветеринария тадбирларида иштирок этиши мумкин. Ҳозир ветеринария соҳасини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш жараёни кетмоқда. Шу боис келажакда хусусий клиникаларнинг идентификация тизимидаги иштироки кенгайиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу борада ҳозирча аниқ қарор қабул қилинмаган.

— Бу тизим қаровсиз, яъни дайди ҳайвонларга ҳам татбиқ этиладими?

— Қонунда идентификация жисмоний ва юридик шахслар томонидан парваришланаётган ёки кўпайтирилаётган ҳайвонларга нисбатан қўлланиши белгиланган. Шунинг учун эгасиз ҳайвонлар тўғридан тўғри ушбу тизимга кирмайди. Бироқ бошпанага олинган ва юридик шахс тасарруфида сақланаётган қаровсиз ҳайвонлар мурожаат асосида бепул идентификация қилинади.

— Кўп қаватли уйда боқиладиган ит-мушук билан ҳовлида боқиладиган ит-мушук учун идентификация тартиби бир хилми?

— Ҳа. Қонунда кўп қаватли уйда ёки ҳовлида боқиладиган ҳайвонлар ўртасида фарқ йўқ. Асосий талаб — ҳайвоннинг эгаси аниқ бўлиши, яъни ҳайвон жисмоний ёки юридик шахсга тегишли бўлса, у умумий тартиб асосида идентификация қилинади.

— Идентификация қилиш пуллими? Харажатлар ва манбалар ҳақида айтсангиз.

— Ҳайвонларни идентификация қилиш тўлиқ бепул амалга оширилади. Бу ишлар президент қарори асосида Жаҳон банки томонидан ажратилган 33 миллион доллар маблағ ҳисобидан босқичма-босқич жорий этилмоқда. Айни пайтда биркалар ҳам, уларни ўрнатиш хизмати ҳам аҳоли учун бепул ва бу жараён учун ҳақ ундириш назарда тутилмаган.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

— Чорвачилик фермер хўжаликлари ҳам ҳайвонларни идентификация қилиш учун ўзлари мурожаат қилиши керакми?

— Йўқ. Фермер хўжаликларига ҳам ветеринария хизмати ходимлари ўзлари боради. Фермерлар фақат ҳайвонни ушлаб туриш ёки бирка тақиш жараёнига ёрдам беради. Идентификация фермерлар учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади. Рўйхатдан ўтган ҳайвонлар бўйича кредит, суғурта ва давлат имтиёзларидан фойдаланиш осонлашади. Масалан, суғурталанган наслдор мол нобуд бўлса, унинг товонини олиш мумкин.

— Ҳайвон идентификация қилингач, у сотилса, сўйилса ёки чет элдан олиб келинса, тизимдаги маълумотлар қандай янгиланади?

— Европа ва бошқа давлатлардан импорт қилинадиган наслдор ҳайвонларнинг барчасида идентификация рақами бўлади. Улар Ўзбекистонга олиб кирилгач, 21 кун ичида маҳаллий электрон базага киритилиши шарт.

Ҳайвон сўйилса, нобуд бўлса, ўлса, йўқ қилинса ёки мамлакатдан олиб чиқилса, у етти кун ичида электрон рўйхатдан чиқарилиши керак. Бунинг учун ҳайвон эгаси ветеринария участкаси шифокорига мурожаат қилиши лозим. Ҳайвон сотилганда, юқорида айтиб ўтганимдек, идентификация рақами ўзгармайди, фақат эгаси ҳақидаги маълумот янгиланади. Ветеринария ходими янги эгаси маълумотларини базага киритгач, ҳайвон автоматик равишда унинг номига ўтади.

Ҳайвон сўйилганда ҳам бу маълумот базада қайд этилади. Аввал ветеринария кўриги ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Шундан кейин ҳайвон электрон рўйхатдан чиқарилиб, мақоми «сўйилган» деб белгиланади. Бу маълумотлар ва статистика фақат ваколатли ветеринария ходимлари учун очиқ.

ғайрат қўзибоев, ҳайвонларни идентификация қилиш

— Агар ҳайвон эгаси уни идентификация қилдирмаса, унга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланадими?

— Ҳозирги кунда ҳайвонларни идентификация қилиш мажбурий эмас. Қонун 7 августдан кучга киргач, аввало, давлат органлари ва масъул ташкилотларнинг вазифалари босқичма-босқич амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахслар учун ҳайвонларни мажбурий идентификация қилиш талаби 2028 йил 1 январдан кучга киради. Унга қадар тизим босқичма-босқич жорий этилади. Барча ҳайвонларни бир вақтнинг ўзида рўйхатга олиш имкони бўлмагани учун ишлар аввал маҳсулот берувчи ҳайвонлардан бошланиб, кейин бошқа турларга ҳам татбиқ этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *