Президент қарори билан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни аниқлаш, баҳолаш, таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжатда инклюзив таълим муҳитини кенгайтириш, болаларни замонавий ёрдамчи жиҳозлар билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва махсус педагоглар тайёрлашга оид янги тартиблар назарда тутилган.
Қарорнинг асосий мақсадлари сифатида:
- алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг психологик-педагогик ҳолати, функционал имкониятлари, кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини комплекс баҳолаш ҳамда таълим ва ижтимоий хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш;
- яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, инклюзив ва коррекцион таълимни ривожлантириш, «оилабай» ижтимоий ҳамроҳлик тизимини кучайтириш, нодавлат секторни жалб қилиш орқали уйда ва интернат шаклида таълим олаётган болалар сонини қисқартириш;
- таълим муассасаларида тўсиқсиз ва инклюзив муҳитни шакллантириш, болаларни ассистив жиҳозлар билан таъминлаш, индивидуал таълим режалари ҳамда коррекцион-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
- ногиронлиги бўлган болаларнинг интеллектуал, ижодий, касбий ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган дастурлар, касбий маҳорат ва ижодий танловларни кенг жорий этиш белгиланди.
Замонавий инклюзив таълим экотизими шакллантирилади
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади.
Унга кўра, ижтимоий ходимлар ота-оналарга болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади, боланинг ушбу хизматлардан фойдаланишини доимий мониторинг қилиб, заруратга кўра бошқа ижтимоий ёрдам ва хизматларга йўналтиради.
Шунингдек, 3−18 ёшли болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжи «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг Болани комплекс баҳолаш гуруҳи томонидан аниқланади ва давлат таълим муассасаларига йўналтирилади.
Бунда:
- таълимга эҳтиёж психологик-педагогик диагностик мезонлар асосида;
- функционал имконият, кундалик ҳаётдаги фаоллик ва иштирок эса ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллийлаштирилган мезонлари асосида баҳоланади.
Баҳолаш гуруҳи фаолияти 2026 йил 1 октябрдан Навоий ва Хоразм вилоятларида йўлга қўйилади.
Ассистив жиҳозлар ва имтиёзлар жорий этилади
2027 йил 1 майдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.
Ваучер:
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ҳамда баҳолаш гуруҳи хулосаси асосида берилади;
- жиҳозлар белгиланган тартибда харид қилиниб, етказиб берилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентларга олий таълимга кириш имтиҳонлари, ногиронлиги бўлган педагогларни аттестациядан ўтказиш ҳамда миллий сертификат олиш синовларида белгиланган вақтнинг қўшимча 50 фоизи ажратилади. Шунингдек, Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
2026/2027 ўқув йилидан:
- давлат мактабларида ишловчи ҳар бир кўзи ожиз педагог учун бир нафар шахсий ассистент (таржимон-котиба);
- руҳий ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мактаб ва мактаб-интернатларининг биринчи ҳамда иккинчи синфларининг ҳар бирига бир нафар ассистент-ўқитувчи штат бирлиги ажратилади.
Индивидуал таълим режалари асосида ўқитиш йўлга қўйилади
2026/2027 ўқув йилидан ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида ўқитиш ҳар бир боланинг индивидуал таълим эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасидан келиб чиққан ҳолда тайёрланадиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
Бунда асосий эътибор:
- боланинг шахсий салоҳиятини ривожлантириш;
- мустақил ҳаётга тайёрлаш;
- коммуникатив, ижтимоий, академик ва касбий кўникмаларини шакллантиришга қаратилади.
Шунингдек, ўқув режаларига янги фанлар, коррекцион ва касбга йўналтирувчи машғулотлар киритилиши, айрим фанлар ёки коррекцион машғулотлар ҳажми ўзгартирилиши мумкин.
Молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари
2026 йил 1 сентябрдан:
коррекцион синф ташкил этган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига ҳар бир ўқувчи учун:
- Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 11 баравари;
- вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида — 9,5 баравари;
- бошқа туман ва шаҳарларда — 8,5 баравари миқдорида субсидия берилади.
Шунингдек, ҳар йили камида 50 та давлат мактаби учун БҲМнинг 500 бараваригача миқдорда «Инклюзив таълим муҳити» гранти ажратилади.
Грант маблағлари:
- пандуслар ўрнатиш;
- сенсор хоналар ташкил этиш;
- санитария хоналарини мослаштириш;
- кўргазмали ва ривожлантирувчи таълим материалларини харид қилиш каби ташаббусларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва педагоглар тайёрлаш
Ҳар йили:
- «Имкониятлар олимпиадаси» (Abilympics) ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача бир марталик пул мукофоти берилади;
- «Ўсиш ва ривожланиш» (UPSHIFT) танлови ўтказилиб, ғолибларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача грант ажратилади ҳамда менторлар орқали маслаҳат ва ҳамроҳлик хизмати кўрсатилади.
2027/2028 ўқув йилидан:
- давлат ОТМларида мақсадли қабул асосида эшитишида нуқсони бўлган болаларга хорижий тилларни ўргатувчи педагоглар тайёрланади;
- бошланғич синф ўқитувчиси йўналишида таҳсил олаётган талабалар махсус педагогика фанларини чуқурлаштирилган дастур асосида ўқийди;
- махсус педагогика бўйича қабул кўрсаткичлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
2026 йил 1 сентябрдан махсус педагогларнинг малака ошириш курслари агентлик билан келишилган дастурлар асосида онлайн ёки офлайн шаклда ўтказилади.
Шунингдек, махсус педагогика йўналиши талабалари ҳамда қайта тайёрлов дастури тингловчилари агентлик ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги белгилайдиган базавий таълим муассасаларида амалиёт ўтайди.
