• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чорвоқдаги Sea Breeze лойиҳаси бўйича ҳали тўлиқ хулоса берилмаган — Экоэкспертиза маркази


Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси бўйича ҳали тўлиқ экологик экспертиза ўтказилмаган. Лойиҳа юзасидан фақат ер танлаш босқичига хулоса берилган. Бу ҳақда 5 август куни Контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг Давлат экологик экспертизаси маркази директори Ғайрат Мухамедов Gazeta мухбирига маълум қилди.

Унинг айтишича, экологик экспертиза икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда қурилиш учун ер танлаш баҳоланса, иккинчисида лойиҳанинг атроф-муҳитга тўлиқ таъсири ўрганилади. Sea Breeze Uzbekistan бўйича ҳозирча фақат биринчи босқич — ер танлашга оид ҳужжатлар кўриб чиқилган.

«Бизга лойиҳанинг биринчи босқич ҳужжатлари тақдим этилган ва фақат ер ажратиш масаласи бўйича хулоса берилган. Иккинчи босқичга оид лойиҳа ҳужжатлари ҳали келиб тушгани йўқ. Шунинг учун жамоатчиликда кўтарилаётган масалаларни баҳолаш учун зарур бўлган лойиҳалар ҳали тақдим этилмаган», — дейди у.

Ғайрат Мухамедовнинг таъкидлашича, иккинчи босқичда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир, оқова сувларни тозалаш иншоотлари, бош режа, қуриладиган объектлар ва бошқа барча маълумотлар баҳоланади.

Ғайрат Мухамедов.

«Бунинг учун Ботаника ва Зоология институтлари иштирокида куз, қиш ва баҳор фаслларини қамраб олган илмий тадқиқотлар ўтказилиши керак. Институтлар бу ишлар бўйича бизга мурожаат қилган, ҳозир тадқиқотлар давом этяпти. Улар тугагач, ўз хулосаларини тақдим этади. Шу талаблар бажарилгандан кейингина иккинчи босқич бўйича қарор қабул қилинади», — дейди марказ директори.

Унинг қайд этишича, марказга иккинчи босқич ҳужжатлари келиб тушгач, қонунчиликда белгиланган муддат — 25 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Марказ раҳбарига кўра, Sea Breeze Uzbekistan`нинг умумий лойиҳаси ҳали тайёр эмас ва шу сабабли унга экологик хулоса ҳам берилмаган.

«Лойиҳа якунига етмаган. Масалан, оқова сувларни тозалаш иншооти қандай бўлади, қуввати қанча бўлади, қанча одам қабул қилади, нечта коттеж ва уй қурилади — буларнинг бирортаси бўйича ҳали бизга лойиҳа тақдим этилмаган. Лойиҳани ишлаб чиқиш яна икки йилча давом этади. Ҳозир эса соҳилни мустаҳкамлаш, дарахт экиш ва ерни тайёрлаш ишлари олиб бориляпти. Бошқа қурилиш ишлари амалга оширилмаяпти», — деди у.

Ғайрат Мухамедовнинг айтишича, экологик экспертиза хулосаси имзоланиши биланоқ очиқ портал ва марказ сайтига жойлаштирилади.

«Биз чиқараётган ҳар бир экологик экспертиза хулосаси имзоланган куниёқ сайтимизга жойланади. Бу маълумотлар очиқ ҳисобланади», — дейди марказ директори.

Лойиҳа бўйича бошқа тафсилотларни ўхшаш хабарлар қисмидан ўқиш мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *