Ўзбекистон томони Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоларига Тошкентда баҳорда ўтказилган «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмасида эришилган келишувлар асосида саноат соҳасида ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф қилди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди, деб ёзмоқда ТАСС.

«Саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш. „Иннопром. Марказий Осиё“ кўргазмаси доирасидаги келишувлар базасида қўшма кооперация дастурини тайёрлашни таклиф этамиз», — деди у Қирғизистонда ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида.

Ўзбекистон томони ҳужжатга истиқболли лойиҳалар, ишлаб чиқариш майдончалари, ҳамкорлар ва аниқ молиялаштириш манбалари рўйхатини киритишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик қиладиган кооперация офисини мамлакатда очишга тайёр, деб ёзмоқда нашр.

Ўзбекистон бош вазири бу таклиф президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг май ойидаги йиғилишида илгари сурган Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусларини амалда рўёбга чиқариш йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши 6−7 август кунлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда, жумладан, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь ҳукумати раҳбари Александр Турчин, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов, шунингдек, Эрон ва Куба вакиллари иштирок этмоқда.

Ўз навбатида, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар (Ўзбекистон — кузатувчи) ҳукумат раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

абдулла арипов, евроосиё иқтисодий иттифоқи, еоии, иннопром