Axios хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ ҳудудида туғилиш бўйича фуқаролик ҳуқуқини айрим ҳолларда чеклашга ва «туғуруқ туризми»га қарши курашиш бўйича федерал чораларни кучайтиришга қаратилган иккита фармонни имзолади.

Биринчи фармон АҚШ ҳудудида туғилгани учун фуқаролик ҳуқуқидан фойдалана олмайдиган чет элликларнинг фарзандлари тоифаларини белгилайди. Булар:

  • чет эл дипломатик ходимларининг фарзандлари;
  • «душманлик қилувчи чет элликлар» (alien enemies) деб таснифланган шахсларнинг фарзандлари;
  • оналари фақат фарзанд кўриш мақсадида АҚШга алдов йўли билан кириб келган болалар.

Иккинчи фармон давлат котиби ва миллий хавфсизлик вазирига «туғуруқ туризми»га чек қўйиш ҳамда ушбу соҳага қарши ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда курашиш бўйича чоралар кўришни буюради.

АҚШда туғилиш бўйича фуқаролик ҳуқуқи АҚШ Конституциясининг 14-тузатиши билан кафолатланган. Унга кўра, мамлакат ҳудудида туғилган ва унинг юрисдикциясига бўйсунадиган барча шахслар Қўшма Штатлар фуқаролари ҳисобланади. Бу тузатиш 1868 йилда — АҚШдаги Фуқаролар уруши тугаганидан кўп ўтмай ратификация қилинган.

«Бу Фуқаролар урушидан кейин дарҳол жорий қилинган эди. Бу қулларнинг фарзандлари учун мўлжалланганди, лекин ҳозир нима бўляпти? Одамлар бундан бутун бошли бизнес қурмоқда», — деди Трамп фармонларнинг имзоланишини эълон қиларкан. Унинг қўшимча қилишича, «туғуруқ туризми» туфайли АҚШда юз минглаб болалар туғилган.

Шу билан бирга, Миграция сиёсати институтининг АҚШ аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, Қўшма Штатларда «туғуруқ туризми» натижасида ҳар йили 22 мингдан 26 минггача бола туғилади. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2024 йилда хорижий манзиллар қайд этилган оналарда 9600 нафар бола дунёга келган.

Бу Трампнинг туғилиш ҳуқуқи бўйича фуқароликни чеклашга бўлган иккинчи уринишидир. 30 июнь куни АҚШ Олий суди Трамп томонидан инаугурация куни имзоланган, АҚШ фуқароси бўлмаганлардан туғилган шахсларни автоматик фуқароликдан маҳрум қилувчи фармонни рад этганди.