6 август куни Россиянинг Мордовия Республикаси Лямбир туманида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ўлим билан якунланган ЙТҲ содир бўлди, деб хабар бермоқда Қозон шаҳридаги Бош консулхона.

Қайд этилишича, тумандаги Блохино қишлоғи яқинида жойлашган М-5 «Урал» автомагистралида «МАЗ» юк автомашинаси ва Ўзбекистон давлат рақами билан ҳаракатланган Spark ўртасида мазкур ҳодиса рўй берган.

ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг 2 нафар фуқароси (30 ёшли А.А.П. ва 29 ёшли Б.Ш.А.) ҳалок бўлган. Яна 3 нафар фуқаро (24 ёшли А.Р.П., 37 ёшли Б.М.А. ва 20 ёшли А.М.П.) турли хил жароҳатлар билан Мордовиянинг марказий клиник шифохонасига жойлаштирилган.

Россия ОАВнинг ёзишича, 58 ёшли маҳаллий фуқаро бошқарувида бўлган «МАЗ» тўхтаб турган Spark автомобилига урилган. Тарқалган суратларда қора рангли Spark (давлат рақами 90 N 146 TA) орқа қисмидан жиддий шикастланганини кўриш мумкин.

Прокуратура маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг иккиси ҳам йўловчи бўлиб, ҳайдовчи ва яна икки йўловчи касалхонага тушган. Юк машинаси ҳайдовчиси жабрланмаган. ЙТҲдан сўнг жиноят иши қўзғатилган.

Бош конcулхона ҳолат ўз назоратида эканини, вафот этганларнинг жасадларини суд-тиббий экспертиза ва бошқа жараёнлардан сўнг ватанга қайтариш ишлари амалга оширилишини билдирди.

Шунингдек, жабрланганларга зарур тиббий муолажалардан сўнг жавоб берилгани қўшимча қилинди.