Шавкат Мирзиёев мамлакатда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди, дея хабар қилди Президент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилган. Энди 2030 йилга қадар мамлакатни мазкур рейтингда дунёдаги энг илғор 50 давлат қаторига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Шунингдек, сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ўтган ой «Рақамли ҳукумат» дата-марказида АҚШнинг NVIDIA технологиялари асосидаги суперкомпьютер ишга туширилгани, у қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллагани қайд этилди. Бир ой ичида кластер юкламаси 90 фоизга етгани мамлакатда ҳисоблаш қувватларига талаб юқори эканини кўрсатган.
Бугунги кунга қадар 24 миллион долларлик замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилган. Мавжуд кластерни кенгайтириш учун яна 70 миллион доллар йўналтириш таклиф қилинган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дата-марказлар лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Президент соҳадаги технологиялар жадал ривожланаётганини таъкидлаб, жаҳон ва минтақадаги тенденцияларни мунтазам таҳлил қилиш, илғор ишланмаларни тезкор ўзлаштириш ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, сунъий интеллект ечимлари самарадорлиги сифатли маълумотлар базасига боғлиқлиги таъкидланиб, вазирлик ва идоралардаги маълумотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда соҳалар кесимида сифатли маълумотлар тўпламларини шакллантириш вазифаси қўйилди.
2026 йилнинг ўзида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект асосида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш зарурлиги қайд этилди. Тақдимотда тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, ҳуқуқий хизматлар, жамоат хавфсизлиги, экология ва геология соҳалари учун ишлаб чиқилаётган ечимлар ҳам намойиш этилди.
IT Park резидентлари, стартаплар ва сунъий интеллект лабораториялари билан тизимли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Жорий йил якунига қадар мазкур йўналишда фаолият юритаётган резидентлар сонини 300 тага, улар кўрсатадиган хизматлар ҳажмини 2 триллион сўмга, экспортни эса 160 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Тақдимотда кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирга қадар сунъий интеллект бўйича 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи махсус сертификат олган. Шунингдек, 900 нафар раҳбар, 3 мингдан зиёд давлат хизматчиси, 1 минг нафар банк ходими ва 200 нафар маслаҳатчи махсус курсларда ўқитилган.
Келгуси икки йилда «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш, ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва кенг аҳоли қатламлари учун замонавий ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Нукус, Самарқанд, Термиз, Бухоро, Фарғона, Андижон, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида соҳавий хакатон ва танловлар ўтказилгани, «Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап» танловига старт берилгани маълум қилинди. Президент бундай хакатонларни барча ҳудудларда ташкил этишни топширди.
Тақдимотда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари фаолияти ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, 500 нафар номзод орасидан 222 нафар маслаҳатчи саралаб олинган. Давлат раҳбари ушбу лавозимларга хорижда таълим олган ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёш мутахассисларни кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини аниқ натижа ва самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, маслаҳатчиларнинг фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ва ташаббусларини мониторинг қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун алоҳида рақамли платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Тақдимотда сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон яқинда WAICO — Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотига таъсисчи давлатлардан бири сифатида аъзо бўлгани қайд этилиб, ушбу платформа орқали илғор технологиялар, катта тил моделлари ва рақамли трансформация ечимларини жорий этиш, хорижий технологик компаниялар ва илмий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Якунда Президент мутасаддиларга ҳисоблаш қувватларини изчил ошириш, соҳаларда амалий сунъий интеллект лойиҳаларини кўпайтириш, сифатли маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ёшлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.