Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон уч томонлама мудофаа битимини имзолади, дея хабар бермоқда Туркиянинг Anadolu агентлиги.
Маросим Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Туркия президенти Режеб Таййип Эрдоған ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашуви чоғида бўлиб ўтди.
Битимга кўра, уч давлатдан ҳар бирига қилинган қуролли ҳужум қолган барча уч давлатга қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқилади. Қўшма баёнотда айтилишича, янги шартнома уч мамлакат ўртасида ҳар томонлама мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожланишини назарда тутади ва «агрессиянинг барча кўринишлари»дан жамоавий тийиб туришни кучайтиришга қаратилган.
Мавзуга оид масъуллардан олинган маълумотларга кўра, деб ёзади Anadolu, Макка шартномаси ҳеч бир давлатни нишонга олмаган, масъулиятни тақсимлаш ва муштарак хавфсизлик тушунчаси асосида минтақавий ҳамда глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни ҳимоя қилиш мажбуриятларини кучайтиришга қаратилган мудофаа йўналишидаги ҳамкорлик ҳисобланади.
Reuters агентлигининг ёзишича, қўшма баёнотда ҳар бир иштирокчининг мажбуриятларига оид аниқ тафсилотлар келтирилмаган. Исми ошкор қилинмаган турк амалдорининг сўзларига кўра, битим минтақанинг бошқа давлатлари учун очиқ ва иштирокчиларнинг мавжуд халқаро келишувларини бекор қилмайди ёки ўрнини босмайди. Келишув бўйича музокаралар қарийб бир йил давом этган.
Янги шартнома АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши, шунингдек, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва Ғазо секторидаги урушдан кейин кучайган минтақадаги беқарорлик фондида учта йирик мусулмон давлатнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаши таъкидланди.
Маълумот учун, Туркия НАТОда иккинчи йирик армияга эга. Саудия Арабистони — АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий ҳамкорларидан бири. Покистон эса ядро қуролига эга.
