• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Стандартлар блогерга ҳам, амалдорга ҳам бирдек ишлаши керак». Мансабдорлар иши нега ёпиқ кўриляпти? Мавзу муҳокамаси

«Стандартлар блогерга ҳам, амалдорга ҳам бирдек ишлаши керак». Мансабдорлар иши нега ёпиқ кўриляпти? Мавзу муҳокамаси


Яқин бир йил ичида Ўзбекистондаги баъзи соҳалар тизими яна бир катта тафтишни бошдан кечирди. Бу вақт мобайнида юқори лавозимдаги ўнлаб шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.

Хусусан, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Давлат активлари агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов ҳамда 90 млн доллар зарар кўрилгани айтилаётган Корея ишига алоқадор Давлат хавфсизлиги хизмати Ички хавфсизлик бошқармасининг собиқ бошлиғи Алижон Ашуровнинг жиноят ишлари судда кўрила бошланди.

Аммо қонун муҳофазасидаги маълумотлар борлиги важи билан судлар жараённи ёпиқ кўришга ажрим чиқарган. Яъни бу амалдорларнинг судланиш процесси жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Айрим ҳуқуқшунослар, фаоллар ҳолатни очиқлик ва шаффофлик принципига зид деб баҳоламоқда, улар судларнинг очилиши тарафдори.

Gazeta суд ишлари кесимида жараён қонунчиликнинг айнан қайси бандлари билан ёпиқ кўрилаётгани, демократик давлатларда тескари тенденция кузатилаётган вақтда бу сабаблар қанчалик асосли экани ҳамда «дело»лар қачондан очиқ кўрилиши мумкинлигини навбатдаги суҳбатда муҳокама қилди. Унда Тошкент шаҳри судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов иштирок этди.

Видеони тўлиқ ҳолда YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Суҳбатнинг қисқартирилган матни эса қуйироқда келтирилади.

Мансабдорларнинг жиноятига оид қанча иш судда кўрилди?

Расмий вакил Турсунали Акбаровнинг маълумот беришича, 2026 йилнинг биринчи яримйиллигида Тошкент шаҳри судлари томонидан 451 та жиноят иши бўйича 727 нафар мансабдорга ҳукм ўқилган. Улардан 3 нафари оқланган, қолганига айбдорлик даражасидан келиб чиқиб жазо белгиланган.

«Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан 18 нафар шахсга нисбатан 15 та жиноят иши кўрилган. Шундан судланувчиларнинг бир нафари оқланган, 17 нафарига қонун доирасида суд ҳукми билан жазо тайинланган. Жазо тайинланганларга қўшимча 45-модда (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ҳам қўлланган. Яъни бунда суд томонидан айбдор деб топилган шахс маълум муддат, дейлик, уч йилгача ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади», — дейди Акбаров.

Коррупцион жиноятлар туркуми эса анча кенгайган. Илгари фақат ишлар Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш), 211-моддаси (Пора бериш) атрофида бўлган бўлса, эндиликда:

  • 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 168-модда (Фирибгарлик);
  • 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
  • 209-модда (Мансаб сохтакорлиги);
  • 213-модда (Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш);
  • 214-модда (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) ва ҳоказо моддалар ҳам бор.

«15 та модда коррупцион жиноятлар туркумига киритилган бўлса, йилнинг илк олти ойида Тошкент шаҳрининг ўзида 451 та жиноят иши бўйича 727 нафар шахсга нисбатан шундай ишлар кўриб чиқилган. Бу — судга келиб тушган ишлар, терговдагиларга биз аралашмаймиз. Гумондор ёки айбланувчи мақомидаги шахслар тергов органида, ҳали судга чиқмаган бўлади. Судга чиққанлар бўлса, судланувчи ҳисобланади», — деди у.

Қўшимча қилинишича, ҳукм чиқарилган амалдорларнинг 68 нафари аёллар, 180 нафари 30 ёшгача бўлган шахслар, 27 нафари 60 ёшдан ўтганлар ва 10 нафари чет эл фуқароси ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 55-моддасига мувофиқ бир нечта ҳолатлар учун жазо енгиллаштирилиши белгиланган. Турсунали Акбаров, шунга асосан, етказилган зарарни қоплаган мансабдорларга озодликдан маҳрум қилиш эмас, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки жарима қўлланганини айтиб ўтди. Таъкидланишича, уларнинг сони анча. Суҳбат давомида бу рақам ошкор қилинмади.

Амалдорлар жинояти билан боғлиқ суд ишларида қандай тенденциялар кузатилмоқда?

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, амалдорлар жинояти билан боғлиқ ишлар фақат ҳозир эмас, балки анчадан бери ёпиқ тарзда кўриб келинади. Фаолнинг фикрича, жараён ҳуқуқий эмас, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан квалификация қилинмоқда.

«Бунга мисол тариқасида Рашиджон Қодиров (собиқ бош прокурор — таҳр.) бошчилигидаги Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев даражасидаги ишларни айтиш мумкин. Умуман, вазирлар, ҳукумат аъзолари иштирокидаги ишларнинг деярли ҳаммаси ёпиқ кўрилган. Расмийлар давлат сири ёки бошқа важлар билан судлар ёпиқ ўтганини асослайди, лекин бу аслида ҳукумат иддао қилаётган очиқлик, ошкоралик, шаффофлик сиёсатига унчалик ҳам мос келмайди».

««Офис иши»ни олайлик, унда ҳам таниқли бор эди. Масалан, Президент администрацияси ходими [Комил] Алламжоновга нисбатан қандайдир ҳодисалар бўлганди, лекин бу ишлар ҳам ёпиқ ўтди. Айни кунда Ички ишлар вазирлигининг 30 га яқин амалдори айбланяпти. Буларнинг иши ҳам гўёки давлат сирлари билан боғлиқ сабаблар билан ёпиқ кўриляпти».

«Бу ерда мақсад воситани оқламаяпти. Нима учун? Чунки шаффофлик нуқтаи назаридан давлат ёки корпоратив сирлар чиқиши мумкин бўлган жойларни суд ажрим қилиб, алоҳида ёпиқ тарзда, қолганини эса очиқ кўриши ҳам мумкин эди», — дейди Ташанов.

Суҳбатдош қонун билан муҳофазага олинган маълумотлар очилмаслигига ҳеч кимнинг қаршилиги йўқлигини, аммо бу суд мажлисининг тўлиғича ёпиқ кўрилишига асос бўлмаслигини билдирди. Унинг фикрича, айни ҳолатдан манфаатдор тарафлар бўлиши мумкин.

«Кейинги пайтларда яна битта тенденция кетяпти: адвокатларимизнинг ўзлари мижозлари билан келишган ҳолда гўёки „судланувчилар жамоатчиликка кўриниш беришни хоҳламаяпти“ деган важ билан илтимоснома киритяпти ва судлар ҳам худди баҳона керакдек жараённи ёпиб қўйяпти. Лекин бу аслида коррупциявий жиноятда айбланаётган шахсларнинг жуда узвий ҳуқуқлари эмас, яъни бунда жамоатчиликнинг ҳуқуқи устуворроқ. Улар бизнинг солиқларимиз эвазига бола-чақа боққан; бизнинг нонимизни ўғирлаган, чўнтагимизга қўл тиққан. Шунинг учун биз уларнинг суд ишини очиқ кузатишимиз керак», — деди респондент.

Тошкент шаҳри судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров Абдураҳмон Ташановнинг фикрларига нисбатан «тафаккурдан кўра тасаввурларга асосланиб гапирилаётганини» айтиб, раддия билдирди.

Кимларнинг суди ёпиқ кўриляпти? Нега?

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига биноан судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши тартиби белгиланган. Унга кўра, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятларга оид ишлар бундан мустасно.

Турсунали Акбаровнинг айтишича, суднинг ёпиқ ўтиши бўйича ажрим чиқарилгач, у муҳокама қилинмайди, унга нисбатан фақат шикоят киритиш мумкин.

«Суднинг ёпиқ ўтиши ҳақида судья ажрим чиқаришдан аввал тарафларнинг шу мазмунда тушган илтимосномасини тарафлар иштирокида муҳокама қилиб, кейин қабул қилади. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жамоатчилик эътиборидаги 4 та суд ишлари кўриб чиқиляпти. Шулардан биринчиси — ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва бошқаларга оид иш жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судьяси томонидан жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди биносида кўриляпти. Иккинчиси — жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов ва бошқаларга оид иш. Учинчиси — жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида Алижон Ашуров ва бошқаларга оид иш. Тўртинчиси — «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ раҳбари ва бошқаларга оид суд иши. Бу «Ўзбекнефтгаз» мансабдорларига нисбатан кўрилаётган иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқиляпти. Қолган учтаси ёпиқ. Лекин учаласининг ҳам муҳокамаси очиқ суд мажлисида бўлиб ўтган», — дейди Акбаров.

Маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлиги мансабдорлари, жумладан, Бекмурод Абдуллаевга оид ишнинг ҳажми 368 жилдни ташкил этади, ундаги етказилган зарар миқдори катта (қанчалиги очиқланмади). 30 нафар судланувчидан 19 нафарига қамоқ, қолганларга гаров, тилхат, муносиб хулқ-атворда бўлиш каби эҳтиёт чоралари қўлланган.

Айни жиноят иши ёпиқ кўрилишига 3 та асосий сабаб келтирилмоқда: бунга давлат харидлари, жазони ижро этиш муассасалари, қолаверса, шахсга доир маълумотлар борлиги сабаб бўлган. Адвокатларнинг илтимоси муҳокама қилингач, судья ишни ёпиқ кўриш бўйича ажрим чиқарган. Акбаров буни асосли деб билишини таъкидлади.

«Хоҳлаймизми-йўқми, ёпиқ маълумотлар ошкор этилиши давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам манфаатларига путур етказиши мумкин», — деди суд вакили.

Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид иш эса ёпиқ аукционлар билан боғлиқ, ундаги маълумотлар ҳам ошкор қилинмаслиги асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

«Биласизлар, ёпиқ аукцион ўтказилишининг ўзига яраша қонуний тартиблари бор. Бу ерда ҳам маълумотлар ёпиқлиги бўлади. Қолаверса, ёпиқ аукционлар давлат стратегик аҳамиятига эга, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ объектларга оид иш ҳисобланади. Қолаверса, бу аукционларда фақат аввалдан маълум бўлган, белгиланган шахсларгина иштирок этади. Демак, бу ерда маълумотларни муҳофаза қилиш масаласи ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, бу иш ҳам ёпиқ суд мажлисида кўрилиши белгиланган», — деди Акбаров.

Расмийнинг таъкидлашича, миграцияга оид жиноят иши алоҳида иш юритувига олинган, 4 нафар судланувчига нисбатан алоҳида тергов қилиниб, шундан сўнг иш ҳужжатлари судга оширилган. Бунда пора олиш (210-модда)дан ташқари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (243-модда) аломатлари борлиги ҳам кўзда тутилган.

«Биласизлар, ҳамма давлатда, жумладан, бизда ҳам ҳарбий соҳага оид маълумотлар ёпиқ маълумот ҳисобланади ва бу қонун билан муҳофаза қилинади. Мана шу асослардан келиб чиқиб, учала судда кўрилаётган жиноят ишлари бўйича олиб борилаётган суд мажлислари ёпиқ шаклида ўтказилиши белгиланди. Бу — қонун талаби», — деди Акбаров.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *