Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистонда хоккейни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Аввалроқ хоккей ишқибозлари гуруҳи соҳага давлат томонидан қўллаб-қувватлов кўрсатиш сўрови билан мамлакат раҳбариятига мурожаат қилган эди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мамлакатда хоккейни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълум қилишича, учрашувда президентнинг спорт масалалари бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Хоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғафуров иштирок этди.
Томонлар хоккейни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, ёшлар учун хоккей билан шуғулланишга янада қулай шароитлар яратиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистон ўсмирлар ва миллий терма жамоаларининг жаҳон чемпионатлари юқорироқ дивизионларига чиқиши учун зарур шароитларни таъминлаш, шунингдек, Қишки Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, хоккей клублари фаолиятини мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, малакали мураббийлар ва мутахассислар тайёрлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилди.
Аввалроқ хоккей ишқибозлари гуруҳи мамлакат раҳбариятига мурожаат қилиб, соҳани қўллаб-қувватлашни сўраган эди. Хусусан, спорт мактаблари ва иншоотларини молиялаштириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ўтказиш ҳамда уларда маҳаллий хоккейчиларнинг иштирокини таъминлашда ёрдам бериш таклиф қилинган.
Мурожаатда молиялаштириш етишмаслиги сабабли мамлакатдаги ягона профессионал катталар хоккей клуби — «Ҳумо» ёпилиш хавфи остида қолгани таъкидланган.
«2019 йилда шайбали хоккей қайта тикланганидан буён Ўзбекистон хоккейчилари салмоқли натижаларга эришди. Миллий ва ёшлар терма жамоалари икки мартадан ўз дивизионларида жаҳон чемпиони бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон хоккей клублари нафақат мамлакатимизда, балки унинг ташқарисида ҳам мухлисларига эга бўлди. Бу ютуқлар шайбали хоккейга қизиқиш юқори экани ва унинг оммабоп спорт турига айланганини тасдиқлайди», — дейилган мурожаатда.
