• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Келаётган қиш Ўзбекистон энергетика тизими учун «синов» бўлади — ҲЭТ раҳбари


Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида «қизил» тоифага киритилган муаммоли трансформаторларни 1 сентябрга қадар таъмирлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 6 август куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот якунлари бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқарув раиси Сардор Исақулов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 10 йилда энергетика соҳасига йўналтирилган инвестициялар электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва магистрал электр тармоқларини ривожлантириш имконини берди.

«Бироқ бугунги кунда энг қуйи бўғин — ҳудудий электр тармоқларидаги узилишлар ва камчиликлар тадбиркорлар ҳамда аҳоли томонидан билдирилаётган асосли эътирозларга сабаб бўлмоқда», — деди Сардор Исақулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Президент Янгийўл тумани мисолида (у ерда энергетика вазири Шерзод Хўжаев раҳбарлигида махсус штаб ташкил этилган) тақсимлаш электр тармоқларини такомиллаштириш бўйича ишларнинг асосий йўналишларини батафсил белгилаб берган. Бунда электр энергиясидаги йўқотишларни камайтириш ва соҳанинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

«Бугунги кунда электр узилишлари аҳоли ва тадбиркорларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётган, шунингдек, дебитор қарздорлик юқори бўлган туманлар танлаб олинди. Энергетика вазирлиги раҳбарлигида ҳар бир ҳудудга масъул раҳбар ходимлар бириктирилди», — деди компания раҳбари.

Унинг таъкидлашича, бириктирилган раҳбарлар электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини ташкил этиши, шунингдек, электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриши лозим.

Президент топшириғига мувофиқ ишлар аллақачон бошланган. Айни пайтда ҳудудларда трансформаторлар ва электр тармоқларининг техник ҳолати ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

«Энг аввало, „қизил“ тоифага киритилган трансформаторларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар куз-қиш мавсуми бошлангунга қадар, яъни 1 сентябргача таъмирланиб, мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилиши белгиланган», — деди Сардор Исақулов.

Шунингдек, унинг айтишича, Президент энергетика соҳаси корхоналарига алоҳида топшириқлар берган ҳамда келаётган куз-қиш мавсумини электр таъминоти тизими учун синов даври сифатида белгилаган.

«Куз-қиш мавсуми ҳар бир тадбиркор ва аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш масаласида синов мавсуми деб белгиланди. Шу боис бу мавсумда бизнинг масъулиятимиз икки баравар ортади. Биз ишимизни айнан шу талабдан келиб чиқиб ташкил этамиз», — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқарув раиси.

27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасини бошқариш тизимини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда электр тармоқлари, подстанциялар ва ускуналарни янгилаш учун 30 триллион сўм йўналтирилганига қарамай, авариялар ва узоқ давом этадиган электр узилишлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Ярим йил ичида электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2 фоизга, яъни 4,8 миллиард киловатт-соатга етган. Шунингдек, 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич автоматлаштирилган тизимларга маълумот узатмаётгани ҳам қайд этилган.

Йиғилиш якунларига кўра, Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбарияти ўзгарди. Шу билан бирга, бир қатор йирик энергетика компаниялари раҳбарлари учун йил охиригача синов муддати белгиланди. Янгийўл туманида эса ҳар бир маҳалла, трансформатор ва газ тақсимлаш пункти кесимида манзилли ишлашга қаратилган пилот тизим жорий этилади. Кейинчалик ушбу тажрибани бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *