Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида MAN русумли юк автомобили иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 6 август куни соат 16:00 ларда Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида, Самарқанд-Қашқадарё йўналишида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракатланаётган MAN русумли юк автомобили кабинасининг салон қисмида тўсатдан ёнғин чиққан.

Ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатишга уринган вақтда бошқарувни йўқотган. Оқибатда юк автомобили йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиққа урилиб, ағдарилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи турли даражадаги оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Нуробод тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида енгил ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди.