• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жавоҳир Синдаров Сент Луисдаги иккинчи ўриндан сўнг Grand Chess Tour финалига яқинлашди


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Grand Chess Tour 2026 элит турнирлар сериясининг тўртинчи босқичи бўлган Saint Louis Rapid & Blitz мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. У ҳам рапид, ҳам блицда иккинчи бўлиб, умумий ҳисобда 22 очко тўплади.

Турнир 2−6 август кунлари бўлиб ўтди ва 9 та рапид ҳамда 18 та блиц партиясини ўз ичига олди. Рапидда ғалаба учун икки очко, дуранг учун бир очко берилди, блицда эса стандарт тизим амал қилди — ғалаба учун бир очко ва дуранг учун ярим очко. Босқичнинг мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил этди.

Рапидда ҳам, блицда ҳам иккинчи

Фото: Lennart Ootes / Grand Chess Tour

Рапиднинг тўққиз тури якунларига кўра Синдаров 11 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллаганди. Ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа 12 очко, АҚШ вакили Уэсли Со эса 10 очко жамғарган.

Синдаровнинг рапиддаги перформанси 2739 ни ташкил этди. Турнирнинг якуний жадвалига кўра, унинг ушбу йўналишдаги рейтинги босқич олдидан 2730 эди.

Блиц баҳслари бошланишидан олдин ўзбекистонлик шахматчи пешқадамдан атиги бир очко ортда қолаётганди.

Блицнинг дастлабки тўққиз партиясида Синдаров 5,5 очко тўплаб, иккинчи ўринни сақлаб қолди. Тўртинчи турдан олтинчи тургача бўлган оралиқ у учун айниқса муваффақиятли кечди ва у қаторасига учта ғалабага эришди — Фабиано Каруана, Эвондер Лян ва Леньер Домингес устидан зафар қучди.

Блицнинг биринчи кунидаги энг муҳим партиялардан бири Прагнанандҳага қарши кечди. Синдаров қўшимча пиёдани қўлга киритди ва Chess.com баҳосига кўра ғалабали позицияга эга бўлди, бироқ пиёдалар якунида ноаниқликка йўл қўйди, шундан сўнг рақиблар дурангга келишди. Агар у ғалаба қозонганида, пешқадамдан фарқни ярим очкогача қисқартирган бўларди.

«Ўйиннинг ҳал қилувчи палласида деярли исталган юриш билан ғалаба қозонаётганимни кўрган эдим», — деб тушунтирди кейинроқ Синдаров партиянинг ҳал қилувчи палласидаги танловини изоҳлаб.

Блицнинг биринчи даврасидан кейин умумий ҳисобда Прагнанандҳанинг 18 очкоси, Синдаровнинг 16,5 очкоси ва Сонинг 15 очкоси бор эди.

Фото: Lennart Ootes / Grand Chess Tour

Иккинчи куни Синдаров 9 та имкониятдан яна 5,5 очко тўплади. Левон Аронян билан дуранг ўйнаганидан сўнг у қаторасига Йорден ван Форест ва Винсент Каймерни мағлуб этди. Шундан сўнг Каруанадан мағлубиятга учради, бироқ кейинроқ ўзбекистонлик шахматчи Аниш Гирини мағлуб этди.

Якун олдидан Прагнанандҳа билан фарқ айрим пайтларда ярим очкогача қисқарди.

Блицнинг 17-турида пешқадамлар ўзаро тўқнаш келди. Синдаров қўшимча пиёдага эга эди, аммо Прагнанандҳа позицияни сақлаб қолди. Дуранг натижа ҳиндистонлик шахматчига мусобақа тугашига бир тур қолганида турнирда ғолибликни таъминлади.

Сўнгги турда Синдаров Уэсли Со билан дуранг ўйнади.

Блицнинг барча 18 та партияси якунларига кўра, Прагнанандҳа 11,5 очко, Синдаров 11 очко, Со 10,5 очко ва Аронян 10 очко жамғарди.

Ўзбекистонлик шахматчи блицда бешта ғалабага эришди, иккита мағлубиятга учради ва 11 та дуранг қайд этди. Унинг перформанси 2749 ни ташкил этди — бу Прагнанандҳаникидан (2771) кейин турнирдаги энг яхши иккинчи кўрсаткичдир. Мусобақа давомида Синдаровнинг блицдаги рейтинги тўққиз пунктга ўсди.

Умумий ҳисоб

grand chess tour, жавоҳир синдаров, шахмат

Умумий ҳисобда Прагнанандҳа 23,5 очко жамғарди: рапидда 12 ва блицда 11,5 очко. Синдаров 22 очко (11+11) билан иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринни 20,5 очко билан Уэсли Со, тўртинчи ўринни эса 19 очко билан Левон Аронян банд қилди.

Кейинги ўринларда Леньер Домингес, Фабиано Каруана ва Йорден ван Форест — ҳар бири 17 очкодан — бор. Аниш Гири 15,5 очко, Винсент Каймер 14,5 очко, Эвондер Лян эса 14 очко тўплади.

Ғолиб 50 минг доллар, Синдаров 40 минг доллар, Со 30 минг доллар, Аронян эса 20 минг доллар мукофот олди.

Прагнанандҳа учун бу ғалаба фаолиятидаги Grand Chess Tour сериясининг алоҳида босқичидаги иккинчи ғолиблик бўлди. У илк бор 2025 йил май ойида Бухарестдаги босқичда ғолиб чиққан эди.

grand chess tour, жавоҳир синдаров, шахмат

Турнирдан сўнг Прагнанандҳа ўзбекистонлик вакил билан кечган курашни алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Якуний ҳисобга қаралса, ҳаммаси силлиқ кўринади, аммо ундай эмасди. Ҳаммаси жуда ақл бовар қилмас тарзда кечди. Жавоҳирга ҳурмат кўрсатиш керак — у охиригача курашди», — деди ҳиндистонлик гроссмейстер.

Синдаровнинг ўзи Каруанадан учралган мағлубиятдан тегишли хулосалар чиқарганини ва умуман олганда ўз ўйинидан мамнун қолганини айтди.

«Баъзан яхши ўйнашнинг ўзи етарли эмас. Яна омад ҳам керак», — деди у мусобақа якунлари бўйича.

Синдаровга Grand Chess Tour финали йўлида ярим балл

Сент Луисдаги натижа Жавоҳир Синдаровнинг Grand Chess Tour финалига чиқиш йўлидаги кураши учун алоҳида аҳамиятга эга.

Иккинчи ўрин учун у сериянинг 10 очкосини қўлга киритди ва тўртта босқичдан сўнг 20,5 очко билан умумий ҳисобнинг бешинчи қаторига кўтарилди.

Фабиано Каруана 25 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Прагнанандҳа (24,5) ва Уэсли Со (23,5) эгаллаб турибди. Финалга чиқувчи сўнгги — тўртинчи ўринни эса 21 очкога эга Винсент Каймер банд этган.

Шу тариқа, Синдаровни финалга чиқиш зонасидан атиги 0,5 очко ажратиб турибди.

Сўнгги босқич олдидан вазият

grand chess tour, жавоҳир синдаров, шахмат

Grand Chess Tour босқичидаги ғалаба учун 13 очко, иккинчи ўрин учун 10 очко, учинчи ўрин учун эса 8 очко берилади. Шундан сўнг иштирокчилар 7, 6, 5, 4, 3, 2 ва 1 очкодан олади. Ўринлар бўлишилганда, ўша позициялар учун мўлжалланган баллар қўшилади ва шахматчилар ўртасида тақсимланади.

Grand Chess Tour финалига умумий ҳисобдаги энг яхши тўрт нафар шахматчи чиқади. Рейтингнинг биринчи рақами тўртинчи, иккинчиси эса учинчи рақамли шахматчи билан баҳс олиб боради.

Сент Луисда 10−20 август кунлари классик шахмат бўйича ўтказиладиган ва Grand Chess Tour мунтазам қисмининг бешинчи, сўнгги босқичи ҳисобланадиган Синкфилд кубоги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Синдаров ўз дебют GCT мавсумида серия финалига чиқиши учун турнир якунларига кўра умумий ҳисобда Каймерни ортда қолдириши керак.

Grand Chess Tour финалининг ўзи 22−27 август кунлари Сент Луис шаҳрида ўтиши режалаштирилган. Унинг мукофот жамғармаси 450 минг долларни ташкил этади, шундан ғолиб 200 минг долларни қўлга киритади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *