Сенатнинг 7 август куни ўтказилган 18-ялпи мажлисида «Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.Мажлис иштирокчиларини қонун билан сенатор Анвар Тўйчиев таништирди.
Қонун президентининг 2025 йил 18 апрелдаги «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсатини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ−67-сонли фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ равишда қайта ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Анвар Тўйчиев.
Тўйчиевнинг таъкидлашича, амалдаги тизимда давлатнинг асосий эътибори асосан маҳсулотни бозорга чиқаришдан олдинги назорат механизмларига, жумладан, мажбурий сертификатлаштириш, техник регламент талабларига мувофиқликни баҳолаш ва тегишли мувофиқлик ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнларига қаратилган.
«Бироқ, мазкур ёндашув маҳсулот бозорга чиқарилганидан кейин унинг хавфсизлигини бутун ҳаётий цикли давомида таъминлаш, хавфларни ўз вақтида аниқлаш ва тўлиқ бартараф этиш имконини бермайди. Бугунги кунда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасида 13 мингдан ортиқ товар позицияси мавжуд бўлиб, уларнинг 7 мингдан ортиғи бўйича умумий хавфсизлик талаблари белгиланмаган. Натижада ушбу маҳсулотлар бўйича ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий мажбуриятлари ва жавобгарлиги етарлича аниқ белгилаб берилмаган», — дейди маърузачи.
Унинг қайд этишича, янги қонун айнан ана шу ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган «умумий маҳсулот хавфсизлиги» тамойилини жорий этишни назарда тутади.
Тўйчиев мазкур ёндашув бугунги кунда Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада, Туркия, Япония, Саудия Арабистони ва бошқа ривожланган давлатларда самарали қўлланиб келинаётганини маълум қилди.
Қонун билан ноозиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлашда янги ёндашув жорий этилаётганлиги муносабати билан амалдаги Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги [ЎРҚ-819-сонли] қонуни ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.
Янги Қонуннинг қабул қилиниши билан қуйидаги муҳим ҳуқуқий механизмлар жорий этилади.
Биринчидан, барча ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун умумий хавфсизлик талаблари белгиланади. Шу билан бирга, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун юқори хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларга нисбатан қўшимча махсус хавфсизлик талаблари техник регламентлар орқали белгиланади.
Иккинчидан, маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда иқтисодий операторлар институти жорий этилади. Бунда ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, дистрибьютор ва ваколатли вакил маҳсулот реализация шаклидан қатъий назар, шу жумладан электрон савдо орқали сотилганда ҳам унинг хавфсизлиги учун бевосита масъул ҳисобланади. Бу эса халқаро амалиётдаги янги қонунчилик ёндашувлари тамойилларига тўлиқ мос келади.
Учинчидан, ишлаб чиқарувчининг маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулияти кучайтирилади.
Жумладан, маҳсулотни бозорга чиқаришдан олдин:
- хавф таҳлилини амалга ошириш;
- зарур техник ҳужжатларни тайёрлаш;
- маҳсулотни идентификация қилиш;
- истеъмолчилардан келиб тушган мурожаат ва шикоятларни ҳисобга олиш;
- хавф аниқланган тақдирда маҳсулотни бозордан қайтариб олиш мажбуриятлари белгиланади.
Бу аввалги тизимда тўлиқ мавжуд бўлмаган янги ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Тўртинчидан, бозор назоратининг хавфларга асосланган замонавий тизими жорий этилади. Бунда асосий мақсад тадбиркорни жазолаш эмас, балки:
- хавфли маҳсулотларни эрта аниқлаш;
- хавф даражасини баҳолаш;
- истеъмолчиларни ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда хавфли маҳсулотларни муомаладан чиқаришдан иборат бўлади.
Бешинчидан, жиддий хавф туғдирувчи маҳсулотлар бўйича тезкор ахборот алмашиш тизими ташкил этилади.
«Мазкур механизм Европа Иттифоқидаги Safety Gate тизимига ўхшаш миллий ахборот алмашинув тизимини шакллантириб, хавфли маҳсулотларни қисқа муддатларда республика ҳудудида муомаладан чиқариш имконини беради», — деди маърузачи.
Шунингдек, мазкур қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда:
- техник регламентлар ортиқча савдо тўсиқларини келтириб чиқармаслиги;
- маҳаллий ва импорт маҳсулотларига нисбатан бир хил талаблар қўлланилиши;
- халқаро стандартларга устуворлик берилиши ҳамда мувофиқликни баҳолаш натижаларига бўлган ишончни ошириш каби муҳим тамойиллар акс эттирилган.
«Бу эса мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади», — деди сенатор.
Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.
