Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцариянинг «Лугано» клубида давом эттиради. Ўзбекистон футбол ассоциацияси 19 ёшли футболчи янги жамоаси билан шартнома имзолаганини маълум қилди.
2007 йил 7 августда туғилган Каримов футболчилик фаолиятини «Одил Жуниор» академиясида бошлаган. Кейинчалик Тошкентнинг «Олимпик» жамоасида фаолият юритган футболчи 2025 йил февралида Термизнинг «Сурхон» клубига ўтган.
Ўнг қанот ҳимоячиси қисқа вақт ичида Ўзбекистон чемпионатида ўзини кўрсатиб, миллий терма жамоага жалб этилди. У 2026-йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг асосий таркибида Колумбия ва Португалияга қарши учрашувларда майдонга тушди.
1908 йилда ташкил этилган «Лугано» Швейцариянинг тарихий клубларидан бири ҳисобланади. Жамоа мамлакат чемпионатида уч марта, Швейцария кубогида эса тўрт марта ғолиб чиққан.
«Лугано» 2025/26-йилги мавсумни Швейцария Суперлигасида 3-ўринда якунлади. Жамоа 38 учрашувда 19 та ғалаба, 10 та дуранг ва 9 та мағлубият қайд этиб, 67 очко жамғарди. Клуб мавсум якунларига кўра УЕФА Конференциялар лигаси саралашида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
