Сенатнинг 18-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
Амалда боланинг фамилияси ота-онасининг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она хоҳишига кўра, миллий анъаналар асосида бобонинг исми ҳам фамилия сифатида берилиши мумкин.
Сенаторлар отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятининг қонунчиликда белгилаб қўйилиши фуқароларга қўшимча қулайлик яратиши, миллий ва диний анъаналарга мувофиқ хоҳиш-истакларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунда «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими янги ҳуқуқий институт сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу институтни қонунчиликка киритиш орқали келгусида айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензия ёки рухсатномасиз шуғулланиш имконияти яратилади.
Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари лицензия ёки рухсатнома олмасдан, электрон тарзда ваколатли органни хабардор қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлади. Бунда уларга лицензия ёки рухсатнома талабларига мослашиш учун қўшимча вақт, шунингдек, фаолиятини синов тариқасида бошлаб, унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш имконияти берилади.
Ушбу ўзгариш тадбиркорлик фаолиятини бошлашни енгиллаштириш, вақт ва харажатларни тежаш ҳамда янги бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун билан «Архив иши тўғрисида»ги Қонунга архив иши соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини аниқлаштирувчи, нодавлат ва электрон архивларни ташкил этишга доир қоидаларни ҳамда архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатларини белгилайдиган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.