Россиянинг Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрига 10 август куни Украина дронлари ҳужуми уюштирилди. Оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Аввалроқ ҳалок бўлган 13 киши орасида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум қилинган эди.

ФВВ маълум қилишича, ҳалок бўлган фуқаролар қурилиш компаниясида қурувчи бўлиб ишлаган. Яна бир неча нафар Ўзбекистон фуқароси турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Унинг таркибига қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари киритилган.

Ҳукумат комиссиясига жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш ва уларнинг оилаларига ҳар томонлама кўмак бериш вазифалари юклатилган.

Россияга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда бошқа масъул тузилмалар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ юборилган.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари Нижнекамск шаҳрида бўлиб турибди. Улар Россиядаги тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, зарур чораларни кўрмоқда.

Ҳалок бўлган ва жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида тезкор маълумот олиш учун қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин:

  • Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги: +7 965 600-79-79;
  • Россиядаги Миграция агентлиги ваколатхонаси: +7 925 750-87-57, +7 925 127-00-02.