Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2026 йилнинг январь-июнь ойларидаги молиявий ва ишлаб чиқариш якунлари бўйича ҳисобот берди.
Корхона 1,508 миллион трой унция ёки 46,9 тонна олтин ишлаб чиқарди — бу ўтган йилнинг мос давридагига (1,537 млн) нисбатан 1,9 фоизга кам.
Пул эквивалентида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми бир йил ичида 60,8 триллион сўмдан 86,2 триллион сўмгача, яъни 41,7 фоизга ўсди.
Инвестиция дастури доирасида комбинат ўтган йилги 219,5 миллион доллар ўрнига 236,8 миллион долларни ўзлаштирди. Ўсиш 7,9 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, яратилган янги иш ўринлари сони 1190 тадан 1008 тагача камайди (15,3 фоизга қисқарди).
Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга — 757,5 миллиард сўмдан 808,7 миллиард сўмгача ошди.
Тармоқлараро саноат кооперацияси доирасидаги харидлар 15,1 фоизга — 3,63 триллион сўмдан 4,18 триллион сўмгача ўсди.
Инвестиция лойиҳалари
НКМК, шунингдек, бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақида маълум қилди.
«Мурунтов конини ўзлаштириш. V навбат, II босқич» лойиҳаси доирасида январь ойидан июль ойигача конда 96 миллион куб метрдан ортиқ тоғ жинси қазиб олинди.
Корхонага янги карьер самосваллари ва бошқа тоғ-кон техникалари келтирилди. Циклик-оқим технологияси конвейер линияларини қуриш ва ускуналарни монтаж қилиш ишлари давом этмоқда.
Кўкпатас ва Дауғизтов конларида уларни ўзлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, 3-сонли гидрометаллургия заводининг чиқинди омбори қурилмоқда.
Бундан ташқари, «Дауғизтов» ва «Шарқий» маъданларига ковш сиғими 10 куб метр бўлган электр экскаваторлар, автогрейдер ва фронтал юклагичлар етказиб берилди.
НКМК 7-сонли гидрометаллургия заводида қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришда давом этмоқда. Рудани тайёрлаш ва элаш участкаларида қурилиш-монтаж ишлари якунланди.
Қуюқлаштириш ва десорбция объектлари, шунингдек, электр таъминоти тармоқларини қуриш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, таъмирлаш-механика цехи ва реагентлар омборини кенгайтириш ҳамда муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш кўзда тутилган.
Комбинатнинг энг йирик корхонаси — 2-сонли гидрометаллургия заводида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш давом этмоқда.
34 ва 35-сонли тегирмон блоклари ишга туширилганидан сўнг, фаолият кўрсатаётган тегирмонлар сони 82 тага етди. НКМК, шунингдек, 2-сонли ва 7-сонли гидрометаллургия заводлари чиқиндиларини биргаликда сақлашга мўлжалланган 2-сонли ГМЗ чиқинди омборини кенгайтириш ва реконструкция қилишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энг йирик компанияси бўлган Навоий кон-металлургия комбинати олтин ишлаб чиқаришни 98,2 тоннага (+2,1 фоиз) оширган, бироқ ўсиш суръатлари секинлашганди. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми пул эквивалентида 44,4 фоизга ўсган.
Ўзбекистон бюджетига тушадиган солиқ тушумларининг қарийб 20,2 фоизи НКМК ҳиссасига тўғри келади.