Бугун Gazeta 18 га тўлди. Бир неча кун олдин биз сиз ўқувчиларимизга мурожаат қилиб, сиз учун Gazeta нимани англатиши ҳақида айтиб беришингизни сўраган эдик. Таҳририятга ўнлаб хабарлар келди — ўқувчилардан, шунингдек, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар, бизнес, жамоат ва маданият соҳалари вакилларидан. Ҳар бир муносабат биз учун жуда муҳим. Сизнинг сўзларингиз ишимиз кўзга кўринаётгани ва кераклилигини кўрсатади. Биз табрикларнинг бир қисмини эълон қилишга ваъда бергандик. Ваъдамизнинг устидан мамнуният билан чиқмоқдамиз.
Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси
Ҳар бир иш куним ОАВ шарҳидан бошланади ва Gazeta унда доимо биринчи ўринларда туради. Ўтган 18 йил давомида нашр мамлакатимиз ахборот майдонида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади ва журналистика учун энг муҳим қадрият — ўқувчилар ишончини қозонди.
Мен учун Gazeta`нинг қадри, аввало, унинг мазмунли материалларида. Таҳририят жамоаси шунчаки кун тартибидаги воқеаларни ёритиш билан чекланмай, улар ортида турган инсон, унинг манфаати ва ҳаётига дахлдор жиҳатларни очиб беришга ҳаракат қилади. Бу эса мамлакатда кечаётган жараёнларни теран англашга, очиқ мулоқот муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Парламент фаолиятига бўлган эътиборингизни алоҳида қадрлайман. Қонун қабул қилиниши билан иш якунланмайди. Унинг ҳақиқий аҳамияти инсонлар ҳаётида намоён бўлади. Қонун нимани ўзгартиради, инсонга қандай ҳуқуқ ва имкониятлар беради — буларни жамоатчиликка аниқ ва тушунарли етказишда журналистнинг сўзи муҳим.
18 йил — катта йўл. Бугун Gazeta`нинг ўз услуби, ўз қараши ва талабчан ўқувчиси бор. Бу ишонч ортида эса ҳар куни ўз сўзи учун масъулият ҳис қиладиган бутун бир жамоанинг меҳнати турибди.
Gazeta жамоасини 18 ёш билан чин дилдан табриклайман. Холисликка интилиш, ўқувчига ҳурмат ва ўз касбингизга садоқат сизларни доимо олдинга бошласин. Қилаётган ишингиз ўзингизга завқ, инсонларга эса наф келтирсин.
18 ёш муборак, Gazeta!
Тойво Клаар, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси
Европа Иттифоқи делегацияси учун Gazeta шунчаки янгиликлар нашридан анча каттароқ нарсадир. У Ўзбекистон медиа маконининг муҳим ва ишончга сазовор қисмига — биз жиддий журналистикани, пухта ўйланган саволларни ва одамларга атрофда содир бўлаётган воқеаларни яхшироқ тушунишга ёрдам берадиган материалларни кўрадиган майдонга айланган.
Бу йиллар давомида биз Gazeta`ни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ёритишда профессионал медиа ҳамкор сифатида алоҳида қадрладик. Нашр журналистлари бизнинг халқаро матбуот тадбирларимизда иштирок этди, ЕИ вакиллари ва ташриф буюрган экспертлардан интервьюлар олди, шунингдек, ҳамкорлигимизни шакллантирувчи воқеаларни изчил кузатиб борди. Биз нафақат ишимизга қаратилаётган эътиборни, балки ушбу муҳокамаларни янада мазмунли қиладиган саволлар ва нуқтаи назарларни ҳам қадрлаймиз.
Фикримча, Gazeta`нинг ўзига хослиги одамлар манфаатларини диққат марказига қўя олишидадир. Муҳим сиёсий ва иқтисодий воқеалар билан бир қаторда нашр кундалик ҳаётда муҳим бўлган одамлар, жамоалар, маданият ва муаммолар ҳақида сўз юритади. Ўзбек тилидаги контент ҳажмининг ўсиб бориши, шунингдек, инновацион мультимедиа ва махсус лойиҳалар сифатли журналистикани янада кенгроқ ва хилма-хил аудитория учун очиқ қилмоқда.
Биз учун Gazeta қизиқувчан, ўз қарашларида мустақил, масъулиятли ва саволлар беришга тайёр бўлган журналистикани намоён этади — булар соғлом ва тўлақонли медиа муҳит учун зарур бўлган фазилатлардир.
Gazeta`нинг бутун жамоасини 18 йиллиги билан табриклаймиз! Сизларга янги ва дадил ғоялар, мазмунли воқеалар ва, албатта, қизиқиб ўқийдиган ўқувчиларни тилаймиз.
ЮНИСЕФ ваколатхонаси
Бутун жамоани Gazeta вояга етгани билан табриклаймиз!
Сиз янгиликларни қизиқарли ва жалб қилувчи форматда тезкорлик билан улашадиган супер профессионалларсиз. Энг долзарб мавзулардаги таҳлилий материалларингиз алоҳида мақтовга лойиқ. Муҳим томони шундаки, сиз экспертларни жалб қилган ҳолда масалаларга турли ракурслардан қарайсиз.
Gazeta журналистлари фактларни текшириб, у ёки бу соҳа мутахассислари билан масалаларни аниқлаштирган ҳолда ўз материалларини қанчалик пухта тайёрлашини бевосита биламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик учун яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчимиз. Ўзбекистон болаларига тааллуқли масалаларни ёритгани учун Gazeta`га раҳмат.
Келгусида ҳам ижодий муваффақиятлар тилаб, ҳамкорлигимиз давом этишига умид қиламиз.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси
Gazeta — фактларга хизмат қилувчи журналистика намунасидир.
Миллий ва халқаро воқеаларни ёритаркан, нашр аҳолига, шунингдек, мамлакат раҳбарларига маълумот олиш ва текширилган ҳамда сифатли маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Франция элчихонаси Gazeta`нинг сўз эркинлиги ишига содиқлигини ва унинг 2008 йилдан бери Ўзбекистон тараққиётига қўшган ҳиссасини қутлайди.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси
Буюк Британия элчихонаси учун Gazeta аллақачон шунчаки оммавий ахборот воситасидан анча каттароқ нарсага айланган. Бу бизнинг кундалик иш тартибимизнинг бир қисми, асосий янгиликлар, пухта ўйланган материаллар ва Ўзбекистон нималар билан яшаётганини чуқурроқ тушуниш учун биз мурожаат қиладиган ишончли манбадир.
Кўплаб дипломатларнинг иш куни маҳаллий ОАВларни кўздан кечириш билан бошланади ва Gazeta ҳар доим биз кирадиган биринчи ресурслардан бири бўлиб қолмоқда. Қачонки текширилган маълумот, таҳлил, ҳақиқатан ҳам пухта ўйланган саволларга эга қизиқарли интервью ёки кучли экспертнинг колонкалари керак бўлса, биз кўпинча айнан сизга мурожаат қиламиз.
18 йил ичида Gazeta Ўзбекистонда мустақил журналистиканинг юқори мезонини ўрнатди: профессионал, масъулиятли, қизиқувчан ва жасур. Биз миқдорга эмас, сифатга интилишингизни, жамиятни ҳақиқатан ҳам ташвишга солаётган мавзуларга эътиборингизни ҳамда мураккаб ва нозик масалалар ҳақида ҳалол ва муносиб тарзда гапиришга тайёрлигингизни қадрлаймиз. Ҳамкорлик учун, барқарорлик ва касбга садоқат учун сизга раҳмат.
Gazeta`га мустақиллик, куч ва илҳомни сақлаб қолишини ҳамда яна кўп йиллар давомида Ўзбекистон медиа маконида аниқ, ишончли ва муҳим овоз бўлиб хизмат қилишингизни тилаймиз. Туғилган кунингиз билан!
БМТТД
БМТТД учун Gazeta — ишончлилик, тезкорлик ва профессионалликнинг ёрқин намунаси.
Ахборот шовқини даврида бизнинг ҳамкорлигимиз мустақил маълумотлар таҳлили ва барқарор ривожланиш қадриятларини омма эътиборига етказадиган ўша кўприкка айланди. Жамоатчиликнинг холис маълумотларга киришини таъминлаб, Gazeta Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда муҳим роль ўйнамоқда.
Биз глобал мақсадларни ва лойиҳаларимиз натижаларини тушунарли инсоний воқеаларга айлантириш ва биргаликда ҳаётни яхши томонга ўзгартирувчи асосланган қарорлар қабул қилинишига ҳисса қўшиш йўлида Gazeta билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз.
18 ёшингиз билан! Жасорат, илҳом ва янги марралар тилаймиз!
Жаҳонгир Азимов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори
Gazeta менда маълумот излаш ва текшириш билан ассоциация қилинади.
Сунъий интеллект одамларнинг ўрнини аста-секин боса бошлаган бир даврда мен фактчекинг ва инсон қўли билан матнлар яратиш каби фундаментал касбларни сақлаб қолишни муҳим деб ҳисоблайман.
Gazeta`да янгилик ўқир экансан, маълумот қайта текширилганини биласан. Янгиликлар кун тартибига теранлик бахш этадиган лонгридларни ҳам алоҳида қадрлайман.
Жавлонбек Умарходжаев, Uzbekistan Airports бошқаруви раиси
Бутун жамоани мамлакатдаги энг йирик медиалардан бирининг 18 йиллиги билан чин дилдан табриклайман!
Бу йиллар ичида Gazeta қўшимча таништиришларга муҳтож бўлмаган нашрга айланди. Сизда ОАВ учун керак бўлган энг асосий нарсалар бор — репутация, профессионаллик ва ўқувчилар ишончи.
Кўп йиллар давомида сиз тезкорликни чуқур таҳлил ва тафсилотларга эътибор билан уйғунлаштириб, журналистиканинг юқори стандартларини сақлаб келмоқдасиз. Айнан шундай ёндашув нашрларингизни кенг аудитория, шунингдек, давлат органлари, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари орасида талабгир қилади.
Сиз воқеалар ҳақида шунчаки тезкор айтиб беришни эмас, балки уларни тушунишни, тўғри саволлар беришни ва одамлар учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган нарсалар ҳақида гапиришни биласиз. Ва, эҳтимол, айниқса қадрлиси шундаки, ишингиз ортида доимо мамлакатимизни ривожлантиришга бўлган самимий интилиш, жамият ҳаётидаги ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшиш ва энг муҳим мавзуларни кенг жамоатчиликка етказиш истаги сезилиб туради.
Ҳар куни миллионлаб йўловчилар билан ишлайдиган ва жамият билан мулоқотга очиқ бўлган компания сифатида биз учун объективлик, масъулият ва ўз аудиториясига ҳурмат принципларига амал қиладиган профессионал оммавий ахборот воситалари, айниқса, муҳим. Gazeta ҳақли равишда шундай нашрлардан бири ҳисобланади.
Gazeta`га ушбу ёндашувни сақлаб қолишни, ривожланишда давом этишни ва мамлакатимиз нималар билан яшаётгани ҳақида профессионал ҳамда ҳалол мулоқот майдони бўлиб қолишини тилайман.
Янги мавзулар, кучли журналистик материаллар, қизиқарли воқеалар, илҳом ва, албатта, миннатдор ўқувчиларни тилайман.
Зафар Ҳошимов, Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси
Gazeta аллақачон кўпчилигимиз учун ахборот олишнинг одатий манбаига айланган: биз у орқали янгиликлардан хабардор бўламиз, атрофимиздаги воқеаларни кузатамиз ва вазиятга турли нуқтаи назардан қараймиз.
Шу йиллар давомида кўп нарса ўзгарди: форматлар, технологиялар, ахборот тарқатиш тезлиги. Аммо холис журналистика, самимий мулоқот ва профессионал ёндашувга бўлган эҳтиёж ҳамиша долзарб бўлиб қолмоқда.
Gazeta таҳририятини байрам билан самимий табриклайман ва сизларга ўз услубингиз, инсонлар ва воқеаларга бўлган қизиқишингиз, ўқувчи билан яқин муносабатларингизни асраб қолишингизни тилайман.
Бутун жамоангизга куч-ғайрат, қизиқарли мавзулар ва узоқ йиллик самарали фаолият тилайман. Байрам муборак!
Шуҳратбек Қурбонов, Simple Smart Systems раҳбари, Kurbanoff.Net Telegram канали муаллифи
2017 йил май ойида права ўзгартирадиган бўлса, «ақлли» права қилиш кераклиги тўғрисида Gazeta`да мақола ёзгандим, у ҳозир ҳам мавжуд. Ва шу билан июнда правага чип кўшиш кераклиги тўғрисида ҳукумат қарори чиққан. Шунинг оқибатида 2017 йил августда KurbanoffNet туғилган. Gazeta бўлмаганида, Kurbanoff ҳам бўлмасди.
Жаҳонгир Тошпўлатов, Poytaxt Parking бош менежери
Биз учун Gazeta — солиштириб, текшириб кўрадиган нашр.
Сиз шаҳар ҳақида шошилмасдан ва босимларсиз ёзасиз: фактларни текширасиз, тафсилотларни тушуниб етасиз ва ўқувчининг ўзига ўйлаш учун имкон берасиз.
Ҳозирги вақтда сифатли журналистик иш — камёб нарса.
Сокин оҳанг ва ҳалол мақолалар учун раҳмат.
Туғилган кунингиз билан!
Ирина Матвиенко, Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси
18 йил — ҳар бир инсон ҳаётидаги муҳим босқич, Ўзбекистондаги медиа учун эса катта ютуқ. Gazeta жамоасини шундай муҳим босқич билан табриклайман. Мен учун сизнинг медианингиз, меҳнатингиз — текширилган янгиликларнинг кундалик манбаи ҳамда аниқлик, мустақиллик ва ижтимоий масъулият тамойилларига содиқликдир.
Мен танийдиган таҳририят ходимларини бирлаштира оладиган сўз — бефарқ эмаслик. Мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ эмаслик, тизимли муаммоларга бефарқ эмаслик, Ўзбекистон келажагига бефарқ эмаслик. Маъмурий сиёсат масалалари бўладими, заиф гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик ёки бошқа муаммолар бўладими — Gazeta ҳар доим муҳим бўлган нарсаларни тўғри, этикавий ва профессионал тарзда ёритишга ҳаракат қилади.
Gazeta`нинг Instagram саҳифасини юритувчиларга алоҳида эътибор қаратмоқчиман — у ерда мен вақти-вақти билан ҳафтанинг энг ёқимли янгиликларини кўришим ва кайфиятимни кўтаришим мумкин.
Туғилган кунингиз билан, қадрли Gazeta таҳририяти! Меҳнатингиз учун раҳмат!
Рустам Нарбаев, паллиатив ёрдам шифокори, Ezgu Amal жамоат фонди бошқаруви раиси
Мен учун Gazeta — ҳалоллик ва профессионаллик демак. Агар бирор-бир қайноқ янгилик пайдо бўлса, мен бу ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилиш учун унинг Gazeta`да чиқишини кутаман.
Мен муаллифлик мақолаларини ва ҳеч ким қўл урмайдиган мавзуларни ёрита оладиган жамоани яхши кўраман. Таҳририят мунтазам равишда паллиатив ва ҳоспис ёрдамидаги муаммолар ҳақида ёзиб келяпти. Паллиатив ёрдам тизимининг ўзи йўқлиги ҳақида анчадан бери ва қатъий равишда мақолалар эълон қилмоқда.
Агар авваллари бундай мавзулар табу ҳисобланган бўлса, бир қатор материаллардан сўнг бу муаммо ҳақида нафақат беморлар ва шифокорлар орасида, балки Олий Мажлис сессияларида ҳам гапира бошлашди. Энг қувонарлиси шундаки, буларнинг барчаси президентнинг 239-сонли янги қарори кўринишида ўз натижасини берди. Қачонки жамият, ОАВ ва давлат бирлашиб, муаммони ҳал қилишни бошласа, бу шунчалик ажойиб бўлади.
Таҳририятга келгусида ҳам шундай жасур ва эркин бўлишини тилайман!
Отабек Бакиров, молиячи
Gazeta мен учун веб саҳифасиям, Twitter ва Telegram`даги аккаунтлариям доимий очиқ турадиган ва Ўзбекистонга оид манба қидирганда биринчи бўлиб мурожаат қилинадиган, ўзбекчасиям, русчасиям баб-баравар профессионал бўлган энг жиддий миллий нашр.
Қайсидир журналист Gazeta`да ишлаётган бўлса ёки қачондир Gazeta`да ишлаб кетган бўлса ҳам, демак, у сифатли журналист.
Лола Сайфи, Human House галереяси асосчиси
Тўққиз йил олдин Ўзбекистонга қайтиб келганимдан бери Gazeta мен чинакамига ишонадиган асосий нашрлардан бирига айланди.
Кўпинча Gazeta таҳририяти ўзининг долзарблиги, принципларга содиқлиги ва материаллар сифати билан бошқа ОАВлар учун кўп жиҳатдан тонни белгилаб беради. Баъзан бу материаллар ўткир бўлади, лекин уларнинг ортида доимо жиддий журналистик иш сезилиб туради: фактлар, ҳужжатлар, маълумотларни текшириш, тафсилотларга эътибор.
Мен Gazeta таҳририяти ва журналистларининг профессионаллигини жуда қадрлайман. Улар санъат, тарих, футбол, шаҳар муҳити, инсон ҳуқуқлари ва ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаёти ҳақида бирдек диққат билан ёзишни билади. Масалан, Виктория Абдураҳимова ва Дмитрий Поваров маданий воқеалар — бизнинг Human House`да ва бошқа маданий маконларда бўладиган воқеалар ҳақида ажойиб тарзда ҳикоя қилиб беради.
Яқиндагина Gazeta биз учун шунчаки яхши материал ёзишдан кўра каттароқ иш қилди. Юлианна Морознинг 2026 йил 24 июлдаги «Бизни эшитишмаяпти» мақоласи том маънода одамларни ноқонуний қурилишдан ҳимоя қилишга ва аҳолига ҳовлида — болалар майдончаси, яшил ҳудуд ва уй ёнидаги хавфсиз макон билан оддий ҳаёт кечириш ҳуқуқини қайтаришга ёрдам берди. Мақола Gazeta`да чиққанининг эртасигаёқ ҳовлимизга Яшнобод тумани ҳокими келди ва болалар майдончаси ўрнидаги «замонавий маҳалла» қурилиши учун қазилган пойдевор чуқури кўмилишини маълум қилди. Бир кундан кейин бу ҳақиқатан ҳам юз берди. Ҳозирда ҳокимият аввалроқ аҳолидан тортиб олинган болалар майдончасини қайта тикламоқда…
Эҳтимол, журналистиканинг асл кучи шундадир: шунчаки муаммо ҳақида айтиб бериш эмас, балки мақоладан сўнг реал ҳаётда нимадир ўзгариши учун шароит яратиш. Шунинг учун Gazeta`нинг 18 йиллиги кунида мен таҳририятга энг асосийсини — худди шундай мустақил, эътиборли, жасур ва профессионал бўлиб қолишни тилайман. Ва жуда узоқ яшашни. Чунки яхши журналистика ҳақиқатан ҳам одамларга ўз ҳовлисини, дарахтларини, болалар майдончасини — ва уларнинг овози барибир аҳамиятга эга экани ҳиссини қайтара олади. Демак, сизсиз бунинг иложи йўқ.
Нозима Маҳмудова, педагог
Олти йилдан бери янгиликларни сизнинг сайтингиз орқали билиб бораман. Март ойида газ узилиши муносабати билан ўзимнинг мурожаатимга бундай тезкор муносабат кутмагандим (2026 йил 14 мартдаги «Сотиб олинган шашлик ва ўчоқдаги палов» мақоласи).
Скандинавия адабиёти бўйича маърузамга қизиққанингиз учун эса миннатдорлик билдираман (2026 йил 18 апрелдаги «Муми-троллар терапия сифатида»мақоласи, рус тилида). Оддий одамларга, қувонч ва оғриққа шунчалик яқин эканингиз бир мўъжизадир.
Сизнинг доимо холис эканингиз менга ёқади. [Шуҳрат] Латипов, [Комил] Жалиловни ўқийман, Азаматнинг [Шамузафаров] болалар китоблари бўйича обзорларини кўздан кечираман. Экология билан боғлиқ вазиятларга қанчалик тез муносабат билдиришингиз ёқади, гендер масаласини эса, фикримча, ҳеч ким сиз каби қўллаб-қувватламайди.
Комилжон Аслонов журналист
Gazeta.uz нинг «Нима ўқиймиз?» рукнида бериладиган китоб тавсияларига оид маълумотларни маза қилиб ўқийман…
Баъзида телевидение учун материал тайёрлаётганда бевосита Gazeta материалларидан ҳам айрим маълумотларни аниқлаштириб олиш ёки муҳим маълумотларни олишда фойдаланаман.
Gazeta`нинг бошқа сайтлардан фарқи — мавзуни содда, оддий, тушунарли услубда беришида… Хабарлар сони учун эмас, сифати учун ишлайди.
Барно Бахтияровна
Севимли Gazeta! Аввало, меҳнатингиз учун ташаккур! Сўзнинг ҳар қандай маъносида «тўғри» бўлиб қолаётганингиз учун раҳмат!
Сайтингиздаги маълумотлар ҳар доим текширилган ва мен доимо шубҳасиз айта оламан: агар Gazeta ёзган бўлса, демак бу — ҳақиқат. Гарчи бирор нарса ҳақида бошқа манбадан билиб олсам ҳам, маълумотни сизнинг каналингизда кутаман…
Вояга етганингиз билан!
Лайло Рустамова
Мен Gazeta`ни ҳар доим воқеаларни чуқур, пухта ва холис ёритишга ҳаракат қилгани учун ўқийман. Мен учун энг муҳими шундаки, сиз янгиликларни шунчаки «хўжакўрсин»га эълон қилмайсиз — ҳар бир материал ортида профессионал журналистик иш сезилади.
Юқори профессионаллигингиз, тафсилотларга эътиборингиз ва ҳақиқатан ҳам муҳим мавзуларни кўтара олиш қобилиятингизни таъкидлаб ўтмоқчиман. Ишингиз ва 18 йилдан бери сифатли ҳамда мустақил маълумот манбаи бўлиб қолаётганингиз учун раҳмат.
Туғилган кунингиз билан, Gazeta! Сизга янги кучли материаллар, миннатдор ўқувчилар ва профессионал журналистиканинг яна кўп йилларини тилайман!
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Gazeta — энг адекват нашр. Ҳақли равишда, Gazeta тасдиқламагунча ҳар қандай хабар миш-миш мақомида бўлади.
Анваровна
Gazeta деганда, аввало, ижодни қадрлайдиган таҳририят, рюкзагини елкасига осиб, ҳар бир тадбирга алоҳида савол билан кириб борадиган Миролим [Исажонов], болаларнинг дори воситаларидан заҳарланиши ҳақида 18 бетлаб ёзиб, бу воқеани тарихга муҳрлаб қўйган Зиёда [Рамазонова] кўз олдимга келади.
Бугун кўплаб сайтлар шов-шув ортидан қувиб, обуначи йиғишни асосий мақсадга айлантирган бир пайтда, Gazeta таҳлил, мутолаа ва тарбиявий материалларни унутмаган, ўз услуби ва йўналишига эга, такрорланмас медиа майдон сифатида ажралиб туради.
Аваз Ибрагимов
Gazeta янги очилган пайтлар эди, 2008/2009 йил. Наманганда Кичкинтой парки очилгани ҳақида янгилик тайёрлаганман, N70 телефонимда расмга олиб, қайси автобусларда борса бўлади ва ҳоказоларни юборгандим редакцияга.
Роса кутганман чоп этилишини, кейин бироз вақт ўтганидан кейин Азамат Атаджановга ёзганман, ака, янгилик жўнатгандим, нега чиқмади деб сўраб. Спамга тушиб қолган экан, улар кўрмаган эканлар, унгача янгилик актуаллигини йўқотганди, шу билан чоп этилмай қолиб кетган.
Лекин Азамат ака «Сиздан яхши журналист чиқади, менимча» деб кўнглимни кўтариб қўйганди.
Хуллас, яхши хотира қолган, балки ўшанда янгилик чоп қилинганида, ҳозирга келиб журналист бўлиб кетган бўлармидим.
Gazeta Узнетда содир бўлган энг яхши воқеалардан, шубҳасиз!
Азиза Исматова
Сизнинг ресурсингиз мамлакатда ҳақиқатни гапиришдан қўрқмайдиган кам сонли манбалардан биридир. Бизнинг воқелигимизда энг долзарб мавзуларда ёзишга қандай жасорат ва мардлик етаётганини билмаймиз.
Нашрингизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли сўнгги умидидан айрилганлар ҳимояга эришмоқда ва ҳали ҳаммаси йўқолмаганига ишонч ҳосил қилмоқда.
Халқнинг ҳурмати ва ишончини қозониш осон эмас. Сиз бунинг уддасидан чиқдингиз. Бардошли бўлинг, сиз тўғри йўлдасиз.
Бутун жамоага мустаҳкам соғлиқ, темирдек асаб ва чексиз сабр-тоқат!
Костя Еремеев
Gazeta`ни табриклайман! Менинг севимли муаллифим — Дима Поваров. Жаҳон чемпионати майдонларидан олиб борилган ажойиб қайдлари ва Тошкентдаги рассомлар кўргазмалари ҳақидаги қизиқарли материаллари учун унга раҳмат. Гўзал услуб ва ёрқин хулосалар.
Нурсаид Ёрмуҳаммадов
Биринчи маротаба Gazeta`ни Х (Twitter)да кўрганман, ўшандан бери нашрнинг Telegram каналида борман…
Энг ёқадигани баъзи бир янгиликлар борасида тест тайёрланиши ва ечиб бўлинган тестдан кейин чиқадиган реакциялар. Масалан: «Эҳ, сиз 10 та саволдан 5 тасига тўғри жавоб бердингиз. Ҳайҳот, сиз режиссёрдан бироз узоқлашибсиз» каби жумлаларни ўқиш учун ҳам тестларни қолдирмасдан ечаман.
Садулла Тухтаев
15 августда 75 ёшга тўламан. 15 йилдирки, сизларни ўқиб, озуқа оламан. Бу дегани сиз ижодкорлар — мен учун дори-дармон, куч-қувватсиз… Айрим материаллар ўта долзарб бўлиб, ечими топилмоқда. Сиёсат, коммунал соҳа, тарифлар ўзгариши, афзаллик ва имтиёзлар, хуллас, барча керакли мавзуларни ёритаётганингиз учун офарин.
Лочинбек Ҳусанов
Фотографларингизнинг ишини жуда севаман, айниқса, турли хил манзиллардан олинган сара расм ва фотолар инсоннинг эътиборини тортади. Вилоятларнинг турли қишлоқларидан репортаж қилиниб тайёрланган расмларингизга доим тасанно.
Қаҳрамон Жуманазаров
Оддий одамларнинг ҳаёти, шаҳримиздаги ўзгаришлар, жамиятдаги муаммолар ҳақида очиқ ва дадил ёзилган мақолаларни қадрлайман. Чунки ҳақиқий журналистика нафақат хабар беради, балки инсонни ўйлашга, савол беришга ва ўзгаришларга бефарқ бўлмасликка ундайди.
Gazeta`нинг ҳар бир янги материали мен учун мамлакатимиз ҳаётининг бугунги тарихидан бир парча, эртанги кун учун эса муҳим хотирадир.
Жалолиддин Дадабоев
Gazeta`ни 2 йилдан бери ўқиб келаман… Бир кун келиб Gazeta жамоасида ишлаш — энг катта орзуларимдан бири. 18 ёш муборак бўлсин. Яна узоқ йиллар инсонларга холис ахборот етказишда давом этинг.
Дилдора Назарова
Янгиликларни биринчилардан бўлиб ва объектив ёритасизлар. Соҳамга оид — ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоийлашувига оид масалаларни ёритишда объектив ёндашасизлар.
Иқболжон Абдужабборов
Нашр фаолиятини бошлаган пайтларда интернет журналистикаси ҳали янги эди. Онлайн ахборот майдони энди шаклланаётган, тезкор ва мустақил ахборот бериш осон бўлмаган бир даврда Gazeta биринчи бўлиб майдонга чиққан нашрлардан бири бўлди.
Энг қадрлайдиган жиҳатим — холислик ва шошилмаслик. Баъзан ахборотни биринчи бўлиб эмас, тўғри бўлиб бериш муҳим. Шу маънода Gazeta кўп ҳолатларда фактларни текшириб, вазиятни таҳлил қилиб, ҳайпга берилмасдан материал тайёрлайди. Балки баъзан бошқалардан кечроқ чиқар, аммо ўқувчи муҳим, ишончли ва таҳлилий ахборот олади.