• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент «Ўзбекнефтгаз»га нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларини бажаришни топширди


Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни нефть-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш чора-тадбирлари билан танишди.

Тақдимотда нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиши табиий газ ҳамда нефть маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Бундай шароитда мавсумий талабни олдиндан ҳисобга олиш, ички бозорни зарур ҳажмдаги ресурслар билан таъминлаш ва нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик зарур.

Президент тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжларини аниқ ҳисоблаш, ички талабни биринчи навбатда таъминлаш ҳамда етказиб бериш графикларига риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

27 та қудуқ ишга туширилади

«Ўзбекнефтгаз»нинг табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини сақлаб қолиш, амалдаги конлар салоҳиятидан фойдаланиш ва янги қудуқларни ишга тушириш бўйича ишлари алоҳида кўриб чиқилди.

Август ойида 27 та қудуқни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

«Янги Қултак», «Ниёз», «Қоратоғ», «Марварид» ва «Тегирмон» конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу июнь ойида барча газ қазиб чиқарувчи компанияларнинг бир суткалик ўртача қазиб чиқариш ҳажмининг қарийб 1 фоизига тенг. «Ўзбекнефтгаз» раиси Абдуғани Сангинов аввалроқ август ва сентябрь ойлари компания учун табиий газ қазиб чиқаришни ошириш ойлари бўлишини таъкидлаган эди.

Gazeta аввалроқ, июнь ойида табиий газнинг суткалик ўртача қазиб чиқариш ҳажми камида 2022 йил бошидан бери қайд этилган рекорд даражада паст кўрсаткичга — 83,3 млн куб метрга тушгани ҳақида ёзган эди. Бу май ойига нисбатан 19,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 26,8 фоизга камайган.

Президент қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ узатиш тармоғига улашгача бўлган барча жараёнларни ҳар куни назорат қилишни йўлга қўйиш, шунингдек, электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбари нефть-газ соҳаси корхоналарини хомашё билан бир маромда таъминлаш, мавжуд қувватлардан самаралироқ фойдаланиш ҳамда ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Сунъий тақчилликка йўл қўйилмайди

Масъулларга углеводород ресурсларини ҳудудларга зарур ҳажмларда ўз вақтида етказиб бериш ва захираларни олдиндан шакллантириш топширилди.

Шунингдек, нефть-газ маҳсулотларини қазиб чиқариш, ташиш ва сотиш билан шуғулланувчи корхоналар ўз фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириши керак.

Нархларни барқарор сақлаш учун бозорда етарли таклиф ҳажмини таъминлаш, маҳсулотларни талабдан келиб чиқиб биржа савдоларига чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш режалаштирилган.

Шунингдек, етказиб беришни асоссиз чеклаш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни сунъий равишда оширишга қаратилган ҳаракатларнинг олдини олиш устидан назоратни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режадан ортиқ оширилади

Ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз»га нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини бажариш топширилди.

Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини аввал режалаштирилган 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ, 12 январь куни президент «Ўзбекнефтгаз»га суткалик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 млн куб метрдан 70 млн куб метрга ошириш ҳамда 2026 йилда камида 25,4 млрд куб метр газ ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.

Бу кўрсаткич компаниянинг 2025 йилдаги амалдаги қазиб чиқариш ҳажмидан — 25,2 млрд куб метрдан — атиги бироз юқори. Шу билан бирга, ўтган йилги натижа 26,5 млрд куб метр этиб белгиланган прогноздан 1,3 млрд куб метрга кам бўлган.

«Ўзбекнефтгаз» аввалги йилларда ҳам газ қазиб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларини бир неча бор пасайтирган. 2022 йил учун 34 млрд куб метрлик прогноз белгиланган бўлса, амалда 32,2 млрд куб метр газ қазиб олинган. 2023 йилги прогноз 34,1 млрд куб метрдан 32,3 млрд куб метрга туширилган, 2024 йил учун эса 29,3 млрд куб метрлик режа белгиланган.

2026−2027 йилларда ҳукумат газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш ва 300 дан ортиқ геологик-техник тадбирларни амалга ошириш вазифасини қўйган. Январь ойида, шунингдек, геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, газ захираларини кўпайтириш ва «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий ҳолатини соғломлаштириш бўйича топшириқлар берилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *