17 август куни Шавкат Мирзиёев Хивада очилган Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ҳамда Конфуций институти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Янги таълим мажмуаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ва Ляонин педагогика университетининг қўшма лойиҳаси доирасида қурилган. Уни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан йирик миқдорда маблағ ажратилди. Бу ерда кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Мажмуада кенг сиғимли ўқув бинолари, кутубхона, спорт зали, маданият саройи ва ошхона мавжуд. Иккинчи кўп қаватли бинода катта ўқув аудиториялари ва талабалар учун ётоқхона жойлашган. Жорий йил учун қабул квотаси белгиланди. Келажакда йиллик қабулни ва талабаларнинг умумий сонини сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.
Ўқиш кундузги ва масофавий шаклларда ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. Бакалавриат босқичида «Халқаро хитой тили таълими», «Туризм бошқаруви», «Халқаро бизнес», «Сунъий интеллект», магистратурада эса «Хитой тили ва маданиятини ўқитиш методикаси», «Таълим бошқаруви», «Сунъий интеллект ва таълим технологиялари» йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Филиал дипломи Ўзбекистонда тўғридан тўғри тан олинади. Иқтидорли битирувчиларга Хитойнинг етакчи олийгоҳларида грант асосида ўқишни давом эттириш ва ташкилотларида амалиёт ўташ имконияти яратилади.
Президент матбуот хизмати қайд этишича, бугунги кунда Хоразм вилоятида хитойлик инвесторлар иштирокида жуда катта қийматдаги бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларда замонавий технологиялар ва хитой тилини биладиган мутахассисларга талаб юқори. Университетнинг янги филиали ва Конфуций институти айнан шундай кадрларни тайёрлашга хизмат қилиши керак, дейилади хабарда.
