Олий таълимга кириш имтиҳонларида минимал баллни тўплай олмаётган абитуриентлар сони сўнгги тўрт йилда 46 фоиздан 34 фоизгача камайди. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов 14 август куни Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман доирасида берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар қилмоқда Gazeta мухбири.
«Барча мактаб битирувчилари олий маълумотли бўлиши керак деган қараш нотўғри. Меҳнат бозорида олий таълимга тахминан 30 фоиз эҳтиёж бор. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда шундай. Қолган 70 фоиз ёшлар ўрта махсус таълимга эга бўлиши мумкин», — дейди вазир.
Конгратбай Шарипов / Фото: Олий таълим вазирлиги.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда кириш имтиҳонларида паст балл олаётган абитуриентлар улуши камайиб бормоқда.
«Биз яқинда охирги тўрт йилдаги натижаларни таҳлил қилдик. Ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллдан паст натижа қайд этган абитуриентлар улуши тўрт йил аввал 46 фоиз эди, бугун эса 34 фоизни ташкил этмоқда. 56,7 баллдан юқори натижа қайд этганлар сони 74 фоизга етди. Паст балл олаётган ёшлар йилдан йилга камаймоқда, бу — ижобий тенденция. Мактабларда таълим сифати яхшиланяпти, таълим тизимида ўзгаришлар бўляпти дея хулоса қилиш мумкин», — дейди Конгратбай Шарипов.
Маълумот ўрнида, 2025 йилда ўтиш балини тўплолмаганлар улуши 41,29 фоиз бўлганди, 2024 йилда — 46,9 фоиз.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтдаги асосий вазифалардан бири меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлаш ва ёшларнинг келажакда ишсиз қолиб кетишининг олдини олишдан иборат.
«Бу йил 36 мингта грант ўрни белгиланган. Шунингдек, қарийб 200 минг нафар талаба контракт асосида таҳсил олади. Бу рақамлар Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тақдим этилган меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида шакллантирилган. Биз йўналишлар ва қабул сони бўйича аниқ топшириқлар олганмиз», — дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, олий таълим муассасаларида меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда янги таълим йўналишлари ҳам очилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан республика олий таълим муассасаларига давлат грантининг минимал ўтиш бали 68 балл (энг юқори ўтиш бали 189 баллнинг 36 фоизи), тўлов контрактнинг минимал ўтиш бали 56,7 балл (энг юқори ўтиш балининг 30 фоизи) этиб белгиланган.
Амалдаги тартибга кўра, тест имтиҳонлари натижалари бўйича ўқишга кира олмаган абитуриентларга рўйхатдан ўтишда танланган барча бакалавриат таълим йўналишларидан бирида табақалаштирилган тўлов контракт асосида (супер контракт) ўқиш имконияти берилган. Минимал ўтиш балидан (56,7 баллдан) кам балл тўплаган абитуриентларга ҳам биринчи ўқув йилида супер контракт миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилган.
- 2025 йил 8 август куни олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев абитуриентларга ўқишга киришда яна бир имконият берилишини маълум қилганди. Энди абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган бали бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади.
