Ўзбекистонда амалга ошириладиган юқори технологик инвестиция лойиҳаларида кадрлар тайёрлаш компоненти бўлиши шарт қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Президент ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай лойиҳаларнинг самараси нафақат замонавий технологияларга, балки уларни ишлата оладиган малакали кадрларга ҳам боғлиқ.
«Ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ», — деди давлат раҳбари.
Урганчда ўқувчиларни «яшил» энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими Германия ва Хитой тажрибаси асосида йўлга қўйилди. Ушбу тажрибани республиканинг барча ҳудудларига жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, техникум ташкил этадиган ёки давлат техникумини олиб, халқаро стандартлар асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиқдан чегириб берилади.
Мазкур тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиш ва уларни юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган.
Маҳаллий корхоналарни IPO’га тайёрлаш дастури
Шунингдек, маҳаллий корхоналарни капитал бозорига олиб чиқиш учун нуфузли инвестиция банклари билан акселерация дастури йўлга қўйилади.
Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олинади. Уларни IPO’га тайёрлаш ва молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатларининг ярми қоплаб берилади.
Бу орқали хусусий корхоналарга хориждан йилига камида 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда илк бор 13 та стратегик компания активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улуши Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди. Мазкур тажриба хусусий сектор учун ҳам ташқи капитал бозорларига йўл очди.