Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида туризм соҳасидаги тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар эълон қилинган эди. Ана шу имтиёзлар 2026 йил 27 августда имзоланган ПФ-175-сон Фармонда ўз аксини топди.
Бунда тижорат банклари меҳмонхона қуриш ва реконструкция қилиш учун 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга миллий валютада йиллик 16 фоизли кредитлар ажратади. Хорижий валютада ҳам кредитлар ажратилади, бунда SOFR, EURIBOR ёки SHIBOR ставкаларидан ошган фоиз харажатларини «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ қоплайди.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарни қуриш субсидияси 2029 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. Шунингдек, юлдузли меҳмонхона субсидияси учун тоифани тасдиқлашда хорижий компания хулосаси энди талаб этилмайди. Маълумот учун, сўнгги 3 йилда юлдуз тоифасига эга 32 та меҳмонхона қурилиб, уларга давлат бюджетидан субсидия сифатида 156 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
Меҳмонхоналарнинг мол-мулк ва ер солиғига 0,1 коэффициент қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилди. Меҳмонхона, шу жумладан палатка ва ўтовли лагерлари учун ер ва мол-мулк солиғининг 90 фоизга камайтирилиши 2030 йил (лагерлар учун 2037 йил) 1 январга қадар амал қилади.
Туризм субъектлари учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларни божхона божидан озод этиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ўриндиқлари сони саккиздан ортиқ микроавтобуслар ҳам ушбу имтиёзга киритилиб, улар утилизация йиғимидан ҳам озод этилди.
Туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизмати экспортга тенглаштирилиб, 2027 йил 1 январдан ҚҚСдан озод этилмоқда.
Меҳмонхона ва умумий овқатланиш субъектлари сув, ичимлик, пиво ва тамаки маҳсулотлари харид қилганда, уларга бириктирилган рақамли маркировка кодлари якуний истеъмолга реализация қилинган деб ҳисобланади – қайта сотиш назорати талаб этилмайди. Шунингдек, 2026–2027 йилларда босқичма-босқич 50 тадан ортиқ хонали меҳмонхоналарда нақд валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, 2026 йил ноябрга қадар туристик йиғимни жойлашиш нархига қараб қайта белгилаш, меҳмонхоналар учун автотураргоҳ ташкил этиш талаби ҳамда 10 нафардан ортиқ гуруҳ олиб келувчи туроператорлар учун маданий мерос объектларига 30 фоизгача чегирмани назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ушбу таклифлар ҳозирча лойиҳа босқичида бўлиб, тегишли Президент қарори расман қабул қилингач, юқоридаги имтиёзлар тадбиркорлар учун расман кучга киради.
