Ўзбекистон бозорларига қасддан ўт қўйиш ҳолатлари қайд этилмаган, ёнғин ҳолатларига, асосан, электр тармоқларига тушаётган ортиқча юклама сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Хуршид Сотиев 13 август куни Тошкентда ўтказилган тадбирдан сўнг Gazeta мухбири саволига жавобан маълум қилди.

У бозорларда содир бўлаётган ёнғинлар атайлаб амалга оширилаётгани ҳақидаги тахминларни рад этди.

Хуршид Сотиевнинг сўзларига кўра, бозорлар қурилаётган вақтда электр кабеллари ва симлари белгиланган юкламани кўтариш имкониятига эга бўлади. Кейинчалик тадбиркорлар қўшимча совиткич, музлаткич ва бошқа электр жиҳозларини ўрнатиши натижасида тармоққа тушадиган юклама ортади. Бу кабелларнинг қизиши ва эришига олиб келиб, айниқса, ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтларда ёнғин чиқишига сабаб бўляпти, деди у.

бозорда ёнғин, ёнғин, фвв, хуршид сотиев

Хуршид Сотиев.

«Бозорларда атайлаб ёнғин қўйиш ҳолатлари ҳали бирор марта қайд этилгани йўқ. Сабаб фақат электр жиҳозларидан чиқяпти ёки газ мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик талаблари бузиляпти», — дейди Хуршид Сотиев.

Вазир ўринбосари ёнғинларнинг яна бир сабаби газ баллонларидан фойдаланишдаги қоидалар бузилиши эканини айтди. Жумладан, баллонларни йиллик синовдан ўтказмаслик, уларда тўпланган конденсатни бўшатмаслик ва техник ҳолатини текширмасдан қайта тўлдириш хавф туғдиради.

«Газ баллонларини хусусий автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш ёки уларни иссиқлик ва очиқ олов манбалари яқинида сақлаш ҳам ёнғин хавфини оширади», — деди у.

Сотиев бозор ҳудудида очиқ оловдан фойдаланиш қатъиян тақиқланганини қўшимча қилди.