Тошкентда вояга етмаганлар жинояти ўсиб боряпти, шу сабабли эндиликда пойтахт мактабларида сунъий интеллект ёрдамида ўқувчиларнинг хулқи ва психологик ҳолати таҳлил қилинади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова Gazeta мухбирига маълум қилди.
Унинг Ички ишлар вазирлиги баёнотига таяниб айтишича, Ўзбекистонда ёшлар жиноятчилиги кескин камайган. Пойтахтда ҳам ўтган йилга нисбатан ёшлар ўртасидаги жиноятчилик: гиёҳвандлик, қасддан жиноят содир этиш ва ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, уларда иштирок этган ёшлар сони ҳам 24 фоизга камайган. Бироқ вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар сони ортган.
Дурдона Раҳимова.
«Ёшларимиз ўзлари билмасдан, бевосита жиноят иштирокчисига айланиб қоляпти. Бу талабаларимиз ўртасида ҳам кузатиляпти», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳолатлар такси, курьерлик ва почта хизматларидан фойдаланиш жараёнида ҳам юзага келяпти. Шу сабабли профилактика ишларини кучайтириш билан бирга, жиноятчиликка мойил ёшларни эрта аниқлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Мактабларда ўқувчилар СИ ёрдамида кузатилади
Дурдона Раҳимованинг таъкидлашича, Тошкентда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш чораларидан бири сифатида «Ақлли мактаб» тизими жорий этилмоқда. Лойиҳа доирасида 9, 10 ва 11-синфларнинг синфхоналарига «ақлли» камералар ўрнатилмоқда.
«Тизим дастлаб Сергели туманида пилот тарзда жорий этилди ва Вазиятлар марказига уланди. Ушбу тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9−11-синфхоналаридан жами 345 тасининг 177 тасига замонавий „ақлли“ камералар ўрнатилди. Энди пойтахтдаги яна 11 та туманда мактаблар камералар билан таъминланяпти», — дейди у.
Унинг айтишича, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган дастур ўқувчиларнинг давомати ва хулқ-атворидан ташқари, агрессивлиги, психологик ҳолати, ижтимоий ва дарсдаги фаоллигини ҳам таҳлил қилади.
«Мазкур дастур орқали биз мактаб ўқувчиларининг психологик ҳолатини аниқлаб, уларнинг салбий иллатларга қарши иммунитети ёки мойиллигини ўрганиш имкониятига эга бўламиз», — дейди ҳоким ўринбосари.
Раҳимованинг қайд этишича, тизим ҳали такомиллаштириш босқичида ва унда айрим хатоликлар бўлиши мумкин. Дастурнинг ишлаш механизми ва унинг натижалари ҳақида кейинроқ алоҳида матбуот анжуманида батафсил маълумот берилиши айтилди.
Жиноятчиликнинг сабаблари меҳнат бозори билан боғлиқ ҳолда ўрганилмоқда
Ҳоким ўринбосари жиноятчиликка қарши курашда фақат унинг оқибатларини бартараф этиш эмас, балки келиб чиқиш сабабларини аниқлашга ҳам эътибор қаратилaётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, жиноят содир этаётган ёшларнинг катта қисми таълимда ҳам, ишда ҳам банд эмас, яъни касб-ҳунари ҳамда аниқ даромад манбаига эга бўлмаганларни ташкил этмоқда.
«Шу боис маҳаллалардаги „еттилик“ механизми орқали бундай ёшларни аниқлаш ва уларга кўмаклашиш ишлари олиб бориляпти. Профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари ёшларни ишга жойлаштириш, даромад манбаига эга бўлиш, тадбиркорликни бошлаш ёки касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиши зарур», — дейди Дурдона Раҳимова.
«Бугун жиноятчиликнинг омиллари юзаки эмас, чуқур таҳлил қилинмоқда. Жараёнда ёшларнинг ишсиз қолиш сабаблари, қайси ҳудуддан экани, қайси корхонадан бўшагани, айрим тадбиркорлик субъектлари нима учун ёпилгани ва ёшлар нега муайян касбларни танламаётгани ўрганилмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Унинг айтишича, мазкур маълумотлар меҳнат бозоридаги талаб билан таълим тизимида тайёрланаётган кадрларни солиштириш учун ҳам қўлланяпти. Хусусан, қайси касбларга талаб юқори экани, ёшлар учун қайси иш ўринлари жозибадор ва даромадли экани аниқланмоқда.
Раҳимовага кўра, Тошкентдаги меҳнат бозори ва ёшларнинг касб танлаш тенденцияларини ўрганишда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
«Ушбу таҳлиллар асосида давлат дастурларига таклифлар киритиш, таълим квоталарини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш ҳамда вазирлик ва идоралар билан биргаликда тизимли чораларни ишлаб чиқиш режалаштирилган», — дейди у.
Аввалроқ 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 14,3 мингдан зиёд олдини олиш мумкин бўлган жиноят қайд этилгани маълум қилинганди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ёшлар, аёллар ва ишсизлар иштирокидаги жиноятлар камайган бўлса-да, вояга етмаганлар содир этган жиноятлар 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоизга ошган.
Шунингдек, Сергели тумани ҳокимлигида сунъий интеллект асосида вазиятлар маркази ишга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Президент уни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этиш, шунингдек, гавжум жойлар ва бозорларда ИИВга онлайн мурожаат қилиш учун «ақлли» қурилмаларни ўрнатишни кенгайтириш бўйича топшириқ берган.
