• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро савдони 2030 йилгача 5 млрд долларга етказишга келишди


Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ҳамда 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини $5 млрдга етказиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашув аввалида Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон мустақиллиги куни билан табриклаб, мамлакат халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Музокараларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор $1 млрддан ошди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони етти баробарга кўпайган, мамлакатлар ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан тўғри парвоз амалга оширилмоқда.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилгача товар айирбошлашни $5 млрдга етказиш учун зарур чораларни кўришга келишиб олди.

Музокараларда саноат кооперацияси ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ҳам кун тартибидан ўрин олди. Жумладан, Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.

нарендра моди, савдо, товар айирбошлаш, шавкат мирзиёев, ҳиндистон

Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга келишди. Маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказиш, шунингдек, ташриф доирасида Маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.

Шунингдек, музокараларда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилишини жадаллаштириш топширилди. Ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини қамраб олган «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *