Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортишига тайёргарлик кўрилмоқда. Пойтахтдаги барча олий таълим ташкилотларида биринчи смена машғулотлари соат 08:00 дан бошланиши белгиланган.
Шу сабабли эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда метро хизматига талаб ошиши кутилмоқда. Йўловчиларга қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатиш мақсадида тиғиз пайтларда барча йўналишларда поездлар ҳаракати оралиғи қисқартирилади.
Хусусан:
- Чилонзор йўналишида — 1,5–2 дақиқагача;
- Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқагача;
- Юнусобод йўналишида — 4 дақиқагача;
- Ер усти ҳалқа йўли йўналишида — 7–8 дақиқагача.
Шунингдек, 2026 йил давомида Тошкент метрополитенининг вагон парки 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдирилиши режалаштирилган. Ҳозиргача уларнинг 11 таси етказиб берилган, яқин кунларда яна 3 та замонавий ҳаракат таркиби олиб келиниши кутилмоқда.
Тиғиз вақтларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, хавфсизликни таъминлаш ва йўловчилар оқимини самарали бошқариш мақсадида барча 50 та метро бекатида навбатчилик тизими йўлга қўйилган.
Метрополитен раҳбарияти ва масъул ходимлардан иборат гуруҳлар эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда бекатларда навбатчилик қилиб, йўловчиларга зарур ёрдам кўрсатади.