Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази умумий ўрта таълим тизими учун Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Муҳокама 20 августдан бошлаб 15 кун давом этади. Махсус порталга бошланғич таълим (1−4-синфлар), таянч ўрта таълим (5−9-синфлар) ва ўрта (10−11-синфлар) таълим босқичлари учун стандартлар лойиҳалари, ўқув режаси (барча фанлар ва синфлар кесимидаги дарс соатлари сеткаси) ҳамда мактабда ўқитиладиган барча фанлар бўйича дастурлар жойлаштирилган. Gazeta ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва асосий ўзгаришлар хусусида сўз юритади.
Масаланинг тарихи
Бу умумтаълим мактабларида ўқитишнинг узвийлигини таъминлайдиган ягона дастурларни жорий этиш йўлидаги биринчи уриниш эмас. 2021 йилда Миллий ўқув дастури қабул қилинган ва ўша йилданоқ уни мактабларда жорий этиш бошланганди. Республика таълим марказининг ўша пайтдаги директори Шуҳрат Сатторов Gazetaʼга берган интервьюсида Миллий ўқув дастури ва аввалги стандартлар ўртасидаги асосий фарққа тўхталар экан, Миллий дастур ўқувчида XXI асрда муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган компетенциялар: танқидий фикрлаш, ижодий фикрлаш, мулоқотга киришувчанлик, ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш кўникмаси ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга асосланганини таъкидлаган эди. Дастурлар ва улар асосидаги дарсликларни ишлаб чиқишга кўмаклашган ЮНИСЕФ эса бу дастур Ўзбекистондаги фактларни ёдлашга асосланган таълимдан воз кечишга қаратилган, «компетенциявий ёндашувга асосланган илк дастур» экани ҳақида ёзганди.
Президент фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2026 йилгача ривожлантириш дастурида вазирликка 2024 йил 1 сентябрга қадар мактабларнинг Миллий ўқув дастурига тўлиқ ўтишини таъминлаш топширилган. Янги дастур бўйича 1−3-, 6−7- ва 10-синфлар учун дарсликлар чиқаришга ҳам улгурилган. Бироқ 2023 йилда янги дастур жорий этилиши режалаштирилгани маълум бўлди, бошланғич синфларга янги дарсликлар жорий этилди, кейинроқ 5−6-синфлар учун математика ва табиий фанлар бўйича Сингапур дарсликлари таржима қилинди, юқори синфларнинг бошқа айрим дарсликлари ҳам янгиланди.
Шу тариқа, мактабларда турли синфлар турли йилларда нашр этилган ва кўпинча бир-бирига мос келмайдиган дарсликлар асосида ўқитиладиган ҳолат юзага келди (ва бу ҳолат ҳозиргача сақланиб қолмоқда).
2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари мактаблар учун таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. 2026 йил февраль ойида эса мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар дастурларини юқори самарали жаҳон таълим тизимларининг дастурлари ва баҳолаш мезонларига мувофиқлаштириш мақсадида уларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш бошланиши эълон қилинди. 18 август куни Ўзбекистон мактаблари учун қайта кўриб чиқилган Миллий ўқув дастури тақдим этилди. У билан махсус порталда танишиш ва фикр-мулоҳазалар қолдириш мумкин. Республика таълим маркази маълумотларига кўра, муҳокама 20 августдан бошлаб 15 кун давом этади.
Давлат таълим стандартлари лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари
Давлат таълим стандартлари лойиҳасида айтилишича, янгиланган стандартлар таълимга компетенциявий ёндашувга асосланади. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг нафақат билимларни ўзлаштириши, балки уларни амалий кўникмалар, қадриятлар ва муносабатлар билан уйғун тарзда турли ўқув ва ҳаётий вазиятларда мустақил, самарали ва онгли қўллай олишини таъминлаши керак. Таъкидланишича, стандартлар ўқувчиларда танқидий ва ижодий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари, ҳамкорликда ишлаш, коммуникативлик, рақамли ва технологик саводхонлик, ижтимоий-ҳиссий компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган.
Асосий педагогик тамойиллар сифатида билим ва кўникмалар изчил ривожлантириладиган спиралсимон ёндашув ҳамда ўқувчиларга ўқув жараёнига жалб этилиш, ахборотни ўзлаштириш ва ўқиш натижаларини тақдим этишнинг турли вариантларини беришни назарда тутувчи таълимнинг универсал дизайни (UDL) тилга олинган. Стандартларда, шунингдек, гендер тенглиги, инклюзивлик ҳамда иқлим ўзгариши ва «яшил» таълим, ижтимоий-эмоционал таълим, саломатлик ва фаровонлик, ҳаётий кўникмалар каби «барча фанлар мазмунида ўзаро кесишувчи» мавзуларнинг мавжуд бўлиши белгиланган.
Ўқувчиларда танқидий ва ижодий фикрлаш ҳамда ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш билан бир қаторда, 11-синф якунида кутиладиган натижалар сифатида қуйидагилар қайд этилган:
- интеллектуал, маънан ва жисмонан баркамол шахсни тарбиялаш;
- ўқувчиларда миллий ғурурни шакллантириш ва уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
- шахсий, ижтимоий, фуқаролик, миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш;
- ўзбек тили ва хорижий тилларда самарали мулоқот қила олиш, ўқиш, математик, молиявий, табиий-илмий саводхонлик, тарихий тафаккур, ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш;
- ўқувчиларда экологик маданиятни, иқлим ўзгариши ва глобал экологик хатарларни англашни, шунингдек, масъулиятли истеъмол маданиятини шакллантириш;
- соғлом турмуш тарзини онгли равишда танлай оладиган инсонни тарбиялаш;
- ўқувчиларни танлаган касбига йўналтириш ва уларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш.
Таълим стандартларига иловаларда 4-, 9- ва 11-синфлар якунидаги ўқитиш натижалари тафсилотлари келтирилган. Шунингдек, фанлар ва синфлар кесимида ўқув соатлари миқдорини белгилайдиган таянч ўқув режаси ҳам тақдим этилган. 2026−2027-ўқув йили учун мўлжалланган ўқув режаси билан таққослаганда, унда қуйидаги ўзгаришлар кўзга ташланади:
- она тили, ўқиш ва адабиёт фанларига ажратилган умумий соатлар миқдорининг камайиши (жорий йилдаги 64 соат ўрнига 60 соат);
- чет тили фанига ажратилган умумий соатлар миқдорининг бироз кўпайиши (29 соат ўрнига 31 соат);
- юқори синфларда математикани алгебра ва геометрияга ажратишдан воз кечиш ва умумий соатлар миқдорини (55 соат) сақлаб қолиш;
- информатика фанига ажратилган умумий соатлар миқдорининг бироз камайиши (14 соат ўрнига 13 соат);
- 1−6-синфларда табиий фанларга ажратилган умумий соатлар миқдорининг ошиши (9 соат ўрнига 13 соат);
- 11-синфда астрономияни алоҳида фан сифатида ўқитишдан воз кечиш (астрономияни физика фанига интеграция қилиш кўзда тутилмоқда);
- география фанига ажратилган умумий соатлар миқдорининг бироз ошиши (7 соат ўрнига 8 соат) ва ушбу фанни 11-синфда ҳам давом эттириш (ҳозирда 10-синфда якунланади);
- 8−9-синфлардаги «Иқтисодий билим асослари» ва 11-синфдаги «Тадбиркорлик асослари» фанлари ўрнига 9−11-синфларда «Иқтисодиёт ва бизнес» номли бирлаштирилган фанни жорий этиш;
- жисмоний тарбия фанига ажратилган умумий соатлар миқдорининг бироз камайиши (21 соат ўрнига 19 соат);
- 8−9-синф ўқувчиларининг ҳафталик ўқув юкламасини ошириш (мос равишда 33 ва 34 соат ўрнига 35 ва 36 соат) ҳамда 10−11-синфларда камайтириш (31 соат ўрнига 29 соатдан).
Янгиланган дастурнинг ўзига хос жиҳатлари
Барча фанлар бўйича ўқув дастурлари бир хил тузилишга эга. Биринчи қисмда таълимнинг умумий мақсадлари ҳамда таълимнинг тегишли босқичлари (бошланғич, таянч ва ўрта) учун белгиланган ўқув мақсадларидан сўнг муайян фанни ўқитиш вазифалари келтирилган. Сўнгра қадриятлар ва умумий компетенциялар, ўқув дастурининг ўзига хос хусусиятлари, «барча фанлар мазмунида ўзаро кесишувчи» мавзулар, фанга оид компетенциялар, методик ёндашувлар, баҳолаш тизими ва ўқув юкламаси баён қилинган. Иккинчи қисмда ўқитиш мақсадлари синфлар бўйича батафсил ёритилган ва уларнинг синфлар кесимида ривожланиши кўрсатиб ўтилган. Ҳужжат сўнгида унда қўлланилган атамалар глоссарийси илова қилинган.
Дастурларда «компетенция» билим, кўникма, муносабат ва қадриятларни муайян шароитда уйғун қўллаш натижасида тўғри ва самарали фаолият юрита олиш қобилияти сифатида таърифланади. Шундай қилиб, ўқув фаолиятини марказида қадриятлар (шахсий, ижтимоий, фуқаролик, миллий, умуминсоний), унинг атрофида ҳаётий («юмшоқ») кўникмалар ҳалқаси ва ташқи ҳалқада предметга оид кўникмалар жойлашган модель орқали лойиҳалаш кўзда тутилади. Бундай ёндашувга кўра, ўқувчининг ички қадриятлар базасини (марказ) шакллантириш учун ҳар қандай предметга оид ҳаракат (ташқи ҳалқа) муайян бир юмшоқ кўникма (ўрта ҳалқа) орқали амалга оширилиши керак. Ўқитувчи натижаларни баҳолашда ўқувчининг қандай топшириқни бажаргани ёки ёзганигагина эмас, балки гуруҳда қандай ҳамкорлик қилгани, ўз нуқтаи назарини қай тарзда исботлагани ва қандай ахлоқий хулосалар чиқарганига ҳам эътибор қаратиши лозим.
«Биология» фанида уч ҳалқали моделга мисол.
«Она тили» фанида 2021 йилги дастурга киритилган коммуникатив ёндашув сақлаб қолинган. Асосий мақсадлар сифатида коммуникатив кўникмаларни (ўқиш, ёзиш, эшитиб тушуниш, гапириш) ривожлантириш ҳамда бу кўникмалардан кундалик ҳаётда самарали фойдаланиш, фикрни оғзаки ва ёзма шаклда адабий тил меъёрларига мос, аниқ ва изчил ифодалай олиш малакаларини шакллантириш белгиланган. Сўнгра ушбу мақсадларга мувофиқ фанга оид компетенцияларни ривожлантириш талаблари батафсил баён этилган. Матнни тушуниш кўникмаларига қўйиладиган талабларда халқаро баҳолаш дастурларида кўзда тутилган ўқувчилар саводхонлиги моделининг барча босқичлари ҳисобга олинган: яққол англашилган (эксплицит) ва яширин (имплицит) маъноларни англаш, матн тузилишини таҳлил қилиш, талқин қилиш, рефлексия ва баҳолаш (PIRLS тизимида ўқувчилар саводхонлиги тавсифи ҳамда PISA дастурининг баҳолаш ва таҳлил қилиш асосларига бағишланган ҳужжати 33-бетидаги ўқувчилар саводхонлиги асосларига қаранг).Тилга оид билимлар (лексика, грамматика, пунктуация) алоҳида ажратиб ўргатилмайди ва бу якуний мақсад ҳам эмас, балки улар тил кўникмалари таркибига сингдирилган.
Коммуникатив ёндашув «Ўзбек тили» (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун) ва «Хорижий тил» (инглиз, немис, француз) фанларида ҳам сақланиб қолган: асосий мақсад сифатида мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ҳамда турли вазиятларда тилдан фойдаланиш белгиланган. Она тили бўлмаган тиллар (ўзбек, хорижий) бўйича 11-синфни битиргач, CEFR бўйича B1 даражасига эришиш кўзда тутилган. Бу даража асосий ҳаётий вазиятларда тилдан фойдаланиш, аксарият маиший ҳолатларда эркин мулоқот қилиш ҳамда кенгайтирилган нутқнинг асосий маъноси ва тафсилотларини тушуниш имконини беради.
Бошланғич синфлардаги «Ўқиш саводхонлиги» фани моҳиятан адабиётнинг бошланғич курсига айлантирилган: унда миллий ва жаҳон болалар адабиёти намуналари билан танишиш орқали эстетик дид ва мутолаа маданиятини ривожлантириш назарда тутилган. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги дастурда бошланғич синфларда ўқиш фани она тили билан бирлаштирилиб, ягона «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарсликлари жорий қилинган эди. 2023 йилдан эса бу икки фан ажратилди.
«Тарих» фанида чизиқли, хронологик ёндашув сақланиб қолган: ўқувчилар 5-синфда тарихга доир умумий мавзуларни, 6-синфда қадимги цивилизацияларни ўрганганидан кейин 7-синфда ўрта асрларга, 8−9-синфларда эса Янги даврга «ўтадилар» ва юқори синфларда XX аср тарихи ҳамда замонавий жараёнларни ўрганиш билан курсни якунлайдилар. Фанга оид компетенциялар сиёсий тарих, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, маданият ва санъат, фан ва кашфиётлар каби йўналишларга ажратилган.
Тегишли тарихий даврдаги одамларнинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, қадриятлари ва хатти-ҳаракатлари мантиғини тушунишни англатувчи «тарихий эмпатия» деган қизиқ бир тушунча киритилган.
Математика фанида муаммоларни математика ёрдамида ҳал қилишнинг беш босқичли ёндашуви жорий этилиши айтилади. Булар: муаммони аниқлаш, математик моделлаштириш, муаммони математика ёрдамида ҳал қилиш, муқобил ечимларни таққослаш ва таҳлил қилиш ҳамда энг яхши ечимни танлаш. Бундай ёндашув PISA дастурида қабул қилинган математик саводхонлик моделига яқин.
Математика дастурида қабул қилинган математик моделлаштириш ёрдамида муаммоларни ҳал қилиш модели.
Табиий фанлар блокида ҳам амалдаги ёндашув сақлаб қолинган: 1−6-синфларда табиат ҳодисалари ва қонунлари ҳақида бошланғич билим берувчи «Табиий фанлар» деб номланган ягона фандан сўнг 7-синфдан бошлаб алоҳида физика, кимё, биология ва география фанларига бўлинади. Астрономия фани 7- ва 11-синфлар физика курсига интеграция қилинган.
Энг қизиқарлиси — «Иқтисодиёт ва бизнес» номли бирлаштирилган фандаги ўзгаришлар. Моҳиятан, ушбу фан доирасида учта йўналиш бирлаштирилган: молиявий саводхонлик — шахсий молияни бошқариш (9-синф), иқтисодиёт назарияси — талаб ва таклиф қонунлари, микро ва макроиқтисодиёт (10-синф) ҳамда тадбиркорлик ва меҳнат бозорига тайёргарлик — тадбиркорлик, стартаплар, менежмент, маркетинг ва бизнес-молия (11-синф).
«Иқтисодиёт ва бизнес» фанининг йўналишлари.
Дастурларга асос қилиб олинган таълим фалсафаси, шунингдек, фан компетенцияларининг белгиланган мақсадлар ва педагогик тамойилларга қай даражада мос келиши ҳақида материалнинг кейинги қисмида ўқинг.
