1 cентябрдан Тошкент шаҳридаги брутто-шартнома асосида ишлайдиган автобуслардан фойдаланувчилар йўлкира ҳақини автобусга чиқиши биланоқ тўлаши мажбурий бўлади. Мазкур тартиб бўйича «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси Gazeta`га изоҳ берди. Шу пайтгача электрон чипта пулини сафар охиригача, яъни автобусдан тушишдан олдин тўлаш мумкин бўлган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги қарорига асосан, йўловчи йўлкира ҳақини валидаторлар билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида транспорт картаси, банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов турлари (NFC, QR, Biometric, BLE, UWB) ёки ижтимоий/транспорт картасини валидаторга текизган ҳолда тўлайди.
Йўлкира ҳақи мазкур бандда назарда тутилган усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаганда (тасдиқланмаганда), у автобусда чиптасиз юрган деб ҳисобланади.
Муассаса раҳбарияти бу тартиб аввал ҳам бўлгани, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарорида йўл карточкаси ёхуд автобусда юриш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлган йўловчи уни автобусга чиқиш вақтида кўрсатиши шартлиги белгиланганини эслатди.
Бироқ шу вақтгача буни назорат қилиш имкони чекланган тартибда бажариларди, эндиликда назоратчиларнинг мониторинг ҳаракати кенгаймоқда, дейилади тушунтиришда.
Таъкидланишича, бу тизим орқали йўналишлардаги йўловчи оқими ҳар бир бекат ва вақт кесимида аниқ таҳлил қилинади. Бу орқали йўналишлар ишини режалаштириш ва ривожлантириш имкони бўлади. Шунингдек, йўл ҳақи тўлови бўйича йўловчи ва назоратчи ўртасидаги турли тушунмовчиликлар ва баҳсли ҳолатларнинг олди олинади, дея тушунтириш берди муассаса раҳбарияти.
Пойтахтда автобуслар бекатга келиб тўхтаганда, йўловчиларни тушириш ва қабул қилиш учун барча эшиклар очилади. Бу ҳолатда йўловчилар автобусга чиқиши билан картасини валидаторга текизишни унутмаслиги керак. Сентябрь ойидан йўл ҳақи тўловини мониторинг қилувчи назоратчилар автобус салонида ҳам йўловчилардан йўлкира чекини кўрсатишни талаб қилиши мумкин. Шу пайтгача улар фақат бекатларда туриб, автобусдан тушган йўловчиларни текшириш ҳуқуқига эга эди.
Автобусда назоратчининг текшируви давомида йўловчи тўловни амалга оширганини тасдиқлай олмаса, бу ҳолат унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштиришга асос бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан мазкур ҳолатда жарима миқдори БҲМнинг ўндан бир қисмига тенг бўлади (1 сентябрдан 44 минг сўм).
Чиптасиз юрганларга қарши рейдлар 2025 йил 14 мартдан кучайтирилган. 2026 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан жами 82 055 та, умумий ҳисобда эса 104 557 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима солиш бўйича қарорлар чиқарилган. Ушбу қарорлар асосида ҳуқуқбузарлардан жами 2,038 млрд сўмлик жарима пуллари ундирилган.
Олиб борилган таҳлилларга кўра, маъмурий баённомаларнинг 76 371 таси ёки 93 фоизи 16−30 ёш тоифасига мансуб йўловчиларга нисбатан тузилган. Бундан:
-
57 850 таси ёки 70,5 фоизи 18−30 ёш тоифасига мансуб, ҳуқуқбузарларнинг аксарияти талабалар.
-
18 521 таси ёки 22,6 фоизи 16−17 ёш тоифасига мансуб фуқароларга нисбатан.
Шунингдек, автобусда йўл ҳақини тўламаслик, чиптасиз юрганлик учун жарима миқдорини ошириб, БҲМнинг ярмига тенг — 220 минг сўм этиб белгилаш таклифи киритилгани ҳам қўшимча қилинди.