АЛЖИР музейи маълумотларига кўра, лагерь маҳбуслари орасида энг кўп рус миллатига мансуб аёллар бўлган. Ундаги статистикада ўзбек миллатига мансуб аёллардан 6 нафарининг исми шарифи қайд этилган, шу билан бирга, улардан тўрт нафари — Зина Аҳметова, Ҳалима Жолдаспаева, Амина Ибрагимова ва Ҳабиба Инагамованинг туғилган жойи сифатида Қозоғистон кўрсатилган.
«Ўзбекистонда туғилган Раҳбар Шермуҳамедова ва Тожихон Аҳмедовалар АЛЖИРда жазо муддатини ўтаган. Раҳбар Шермуҳамедова — 1937 йил 7 сентябрда “Халқ душмани” сифатида ҳибсга олинганида Ўзбекистон К (б)П Марказий Қўмитасида қишлоқ хўжалиги бўлимининг мудири бўлган Мирмуслим Шермуҳамедовнинг рафиқаси эди. Тожихон Аҳмедова эса — 1937 йил 3 августда қамалган жамоат арбоби ва журналист Абдулҳай Тожиевнинг аёли бўлган. У 1937 йилнинг 14 сентябрида, “ўнг троцкийчи аксилинқилобий блок аъзосининг хотини» сифатида ҳибсга олинган”, — дейди Азиза Аҳророва.