Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари учун янгиланган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларининг муҳокамаси давом этмоқда. Материалнинг биринчи қисмида мазкур масаланинг келиб чиқиш тарихи ҳамда янгиланган стандартлар ва дастурларнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилганди. Бу қисмда дастурларга асос қилиб олинган таълим фалсафаси, шунингдек, фанлар бўйича компетенцияларнинг белгиланган мақсадлар ва педагогик тамойилларга мувофиқлиги таҳлил қилинади. Муҳокама учун бор-йўғи 15 кун вақт ажратилгани — жуда кам, айниқса, мактабларда ўқув йили аллақачон бошланаётган бир пайтда. Бу муддатни узайтиришга ва барча манфаатдор томонларни: педагоглар, мутахассислар ва ота-оналарни жалб қилишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Муҳокама шаффоф ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликка асосланган бўлиши зарур. Бундан ташқари, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини жорий этиш механизмларини ҳам муҳокамага қўйиш муҳим.
Таълим фалсафаси: таълим якунида қандай шахсни кўрмоқчимиз?
Таълим фалсафаси деганда таълимнинг пировард мақсади тушунилади: таълим якунида қандай инсон, фуқаро, жамият аъзосини кўришни хоҳлаймиз ва энг асосийси- нима учун? Айнан таълим фалсафаси ўқитишнинг мазмуни ва методикасини, шунингдек, баҳолашга ёндашувларни белгилаб беради.
Ҳозирги кунда таълимда кўплаб фалсафий ёндашувлар шаклланган бўлиб, уларни шартли равишда бир нечта оқимга бирлаштириш мумкин. Уларнинг асосийлари қуйидагилар:
- Анъанавий фалсафалар — улар таълимнинг асосий мақсади деб муайян билим, кўникма ва қадриятларни етказишни билади. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчига жамиятдаги мавжуд ҳолатни (статус-кво) сақлаган ва давом эттирган ҳолда жамиятнинг бир қисмига айланишига ёрдам бериши керак;
- Прогрессивистик фалсафалар — билим ва кўникмалар ўқитувчидан ўқувчига пассив равишда ўтмайди, балки ўқитувчи йўналган фаол фаолият орқали ўқувчиларнинг ўзлари томонидан шакллантирилади. Таълимнинг асосий мақсади эса ўқувчини демократик жамиятда яшашга, эркинлик, тенглик ғоялари ва инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини ҳурмат қилишга тайёрлашдан иборат;
- Реконструкционистик фалсафалар — мактаб нафақат билим бериши ва ўқувчини мавжуд тартиб-қоидаларга мослашишга ўргатиши, балки янги авлодни жамиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳам тайёрлаши лозим.
Давлат стандартлари лойиҳасидаги асосий мақсадлар ва кутилаётган таълим натижаларини (9- ва 16-бандлар) диққат билан ўқиб чиқсак, анъанавий ва прогрессивистик фалсафий оқимлар унсурларини кўришимиз мумкин:
- анъанавий: ўқувчиларнинг академик тайёргарлигини таъминлаш ва уларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш;
- прогрессивистик: умрбод таълим олишга бўлган мотивацияни, танқидий фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, мулоқот, муаммоларни ҳал қилиш, мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини, шунингдек, ижтимоий-эмоционал компетенцияларни ривожлантириш.
Шундай қилиб, асосий урғу мактаб битирувчисини жамиятнинг мавжуд моделига интеграция қилишга қаратилган. Ҳатто шунда ҳам, қуйида кўриш мумкинки, прогрессив фалсафа — шахсни ривожлантиришдан кўра, анъанавий фалсафа — билим ва қадриятларни узатишга кўпроқ эътибор берилган. Мактаб жамиятни ўзгартиришга қодир фуқароларни тарбиялайдиган институт сифатида қаралмаяпти.
Кўплаб ривожланган мамлакатлар, жумладан, PISA натижалари бўйича кучли ўнталикка кирувчи Канада жамиятни яхши томонга ўзгартиришда келажак авлоднинг ўрнини англаб, ўз ўқув дастурларига реконструкционистик фалсафа элементларини жорий этяпти.
Эълон қилинган мақсадлар ва фанларга оид компетенциялар бир-бирига қанчалик мос келади?
Давлат таълим стандартлари лойиҳасининг иловаларида барча фанлар бўйича таълимнинг ҳар бир босқичи (бошланғич — 4-синф, таянч — 9-синф ва ўрта — 11-синф) якунида эришилиши керак бўлган мақсадлар ва кутилаётган натижалар келтирилган. Фан дастурларига киритилган компетенциялар ушбу мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаши керак.
Бироқ стандартларда эълон қилинган юксак макро-мақсадлар (танқидий фикрлаш ва таҳлил, муаммоларни ҳал этиш, рақамли ва медиа саводхонлик, фуқаролик позицияси) турли фанларнинг ўқув дастурларида бир хилда лойиҳалаштирилмаган ва айрим фанлар бўйича дастурларнинг амалдаги тузилиши бу мақсадларга эришишга тўсқинлик қилади.
Бошланғич мактаб (1−4-синфлар)
Бошланғич таълим босқичи учун давлат стандартлари лойиҳаси қуйидаги кўникмаларни шакллантиришни назарда тутади:
- она тилида (таълим тилида) коммуникатив компетенциялар ва ўқиш саводхонлиги;
- рус ва ўзбек тилларида (агар улар таълим тили бўлмаса), шунингдек, чет тиллардан бирида оддий маиший даражадаги базавий мулоқот кўникмалари;
- мустақил фикрлаш, мақсад қўйиш ва ўз ҳаракатларини оддий мезонлар асосида баҳолаш кўникмалари;
- оддий ҳаётий муаммоларни тушуниш ва уларни математик моделлаштириш ёрдамида ҳал этиш кўникмалари;
- алгоритмик ва мантиқий фикрлашнинг базавий кўникмалари, шунингдек, дастурлаш, маълумотларни тўплаш, гуруҳлаш ва таҳлил қилиш;
- табиий фанлар бўйича базавий билим ва кўникмаларни ҳамда улардан кундалик ҳаётда фойдаланиш;
- мусиқа, тасвирий санъат, технология, соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена, жисмоний тарбия ва спорт бўйича базавий кўникмалар.
Таълим ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида олиб бориладиган мактаблар учун мўлжалланган она тили дастурларида 2021 йилги Миллий ўқув дастурида асос солинган коммуникатив ёндашув давом эттирилган: тил қоидалари ва ҳодисалари ўз-ўзидан эмас, балки нутқ кўникмаларини (ўқиш, ёзиш, эшитиб тушуниш ва гапириш) ривожлантириш учун ўрганилади. Бироқ бадиий ва илмий-оммабоп матнларни ўқиш ҳамда тушуниш кўникмалари «Она тили» фанининг асосий компетенцияларидан бири сифатида белгиланганига қарамай, «Ўқиш саводхонлиги» деб номланган яна бир фан жорий этилди.
«Ўқиш саводхонлиги» фанининг мақсади сифатида ўқувчиларни миллий ва жаҳон болалар адабиёти намуналари билан таништириш орқали уларда мутолаага қизиқиш, эстетик дид ва китобхонлик маданиятини шакллантириш белгиланган. Моҳиятан, ушбу фан адабиётнинг бошланғич курси сифатида тузилган бўлиб, унда эътибор фақат бадиий матнларга қаратилади, фанга оид компетенция йўналишлари (улар 5 та) эса юқори синфлардаги «Адабиёт» фани билан тўлиқ мос келади.
Бироқ, ЮНЕСКОнинг «1−9-синфлар учун ўқиш кўникмаларининг глобал асослари», PIRLSʼнинг «Ўқишни баҳолаш асослари» ёки PISAʼнинг «Ўқиш асослари» каби халқаро ҳужжатлардаги «ўқиш саводхонлиги» таърифини таҳлил қилсак, ўқиш саводхонлиги — бу турли матнларни, жумладан, илмий-оммабоп ва ҳатто чизиқли бўлмаган (график, жадвал ва ҳоказо) матнларни тушуниш қобилиятидир. Бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги кўникмаларини баҳоловчи PIRLS халқаро дастури ўз матнларига ҳам бадиий, ҳам илмий-оммабоп матнларни киритади. Дарвоқе, айнан шу дастур тадқиқотлари Ўзбекистон ўқувчилари илмий-оммабоп матнларни ёмонроқ тушунишини кўрсатган.
Шундай қилиб, дастур муаллифлари «Ўқиш саводхонлиги» фанида фақат бадиий матнларга урғу бериш орқали фанни ўз номига номувофиқ қилиб қўймоқда. Агар ушбу фан «Ўқиш саводхонлиги» ўқув дастурининг 1.3-бандида кўрсатилганидек, таянч ўрта таълим босқичида адабиётни кейинчалик ўрганиш учун асос сифатида мўлжалланган бўлса, унга моҳиятини тўғрироқ акс эттирувчи ном бериш керак. Ёки она тили фани доирасида барча турдаги матнларни ўқиш, тушуниш ва таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қайтиш мумкин — коммуникатив ёндашувда одатда шундай қилинади.
«Тарбия» фанида дастурнинг декларатив (расмий) асоси ва кутилаётган таълим натижаларининг амалдаги тизими ўртасида тафовут сезилади. Бошланғич мактаб стандарти мустақил фикрлаш, мақсад қўйиш ва ўз ҳаракатларини баҳолаш кўникмаларини ривожлантиришни талаб қилса-да, аксарият мақсадлар Блум таксономияси бўйича паст когнитив даражадаги феъллар орқали ифодаланган: «тушунтириш», «сўзлаб бериш», «маълумот бериш». Масалан: «табиатни асраш ҳар кимнинг бурчи эканини тушунтириш» (T1.I.04), «одамларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларга ёрдам бериш ва раҳмдил бўлиш кераклиги ҳақида сўзлаб бериш» (T2.I.09), «дўстликнинг аҳамиятини тушунтириш» (T3.I.06), «давлат тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини тушунтириш» (T4.M.02).
Изоҳ: таълим натижалари кодификаторларида фан кодидан кейинги биринчи рақам синфни билдиради, масалан, Т4.М.02 коди 4-синфга тегишли.
Тўртта фан йўналишининг биринчиси бўлган «ватанпарварлик»ка оид барча таълим натижалари (битта натижа — T4.V.04 бундан мустасно) тушунтира олиш, сўзлаб бериш, қайта ҳикоя қилиб бериш, маълумот бериш қобилиятини назарда тутади. Қолган фан йўналишлари доирасида ҳам натижаларнинг аксарият қисми паст когнитив даражаларга тўғри келади.
Шундай қилиб, дастур стандартларда кўзда тутилганидек, мустақил фикрлашни рағбатлантириш ҳамда ўқувчига турли ҳаётий вазиятлар ҳақида ўзи мулоҳаза юритишни ва ўз ҳаракатларини оддий мезонлар асосида баҳолашни таклиф қилиш ўрнига, уни тайёр ижтимоий ақидаларни ёдлаш ва такрорлашга мажбур қилади.
«Тарбия» фани бўйича давлат таълим стандартларида «мақсад қўя оладиган шахсни тарбиялаш» деган қизиқарли бир мақсад кўзда тутилган, бироқ таълим натижаларида бу мақсадга эришилгани сезилмайди. 4-синф дастуридан «билим олиш орқали келажакда ўз олдига қўйган мақсад ва орзуларига эришиш йўлларини ифодалаш» (T4.F.02) компетенцияси ўрин олган. Лекин «келажакда ўз олдига қўйган мақсад ва орзулар» тўртинчи синф ўқувчиси учун анча олис ва мавҳум тушунчалардир. Дастурда кундалик ёки ҳафталик қисқа муддатли режалаштириш ва мақсад қўйишга доир амалий вазифалар умуман мавжуд эмас — ўқувчига, масалан, уй вазифасини бажариш учун вақтини тақсимлаш, дарсга тайёргарлик жадвалини тузиш ёки шахсий жисмоний фаоллик режасини ишлаб чиқиш каби оддий, ўлчанадиган мақсадларни қўйиш ва уларга эришиш ўргатилмайди.
Бошланғич мактаб учун математика бўйича давлат таълим стандарти асосий мақсадлардан бири сифатида «оддий ҳаётий масалаларни тушуниш, уларнинг моделларини яратиш, ечиш усулларини қўллаш ва натижаларни шарҳлаш орқали муаммоларни ҳал қилишнинг дастлабки кўникмаларини шакллантириш»ни белгилайди. Бошланғич мактаб математика ўқув дастурида бу мақсад «Муаммоларни ҳал қилиш учун математикани қўллаш» (М коди) номли предмет йўналишини жорий этиш орқали ўлчанадиган ўқув натижалари тилига таржима қилинган. Бунда муаммони ҳал қилиш 5 та кетма-кет босқичга ажратилган: муаммони аниқлаш, математик моделлаштириш, муаммони ҳал қилиш, муқобил ечимларни шарҳлаш ва баҳолаш ҳамда энг яхши ечимни тақдим этиш. Ушбу босқичларнинг ҳар бири бўйича компетенциялар 1-синфдан 4-синфгача спиралсимон тарзда ривожлантириб борилади. Масалан, муаммони аниқлаш босқичида 1-синф ўқувчиси «буюмлар, расмлар, чизмалар ёки қисқа матн асосида реал ҳаётий вазиятдаги оддий матнли масалани тушунади» (М1.М1.01). 4-синфга келиб эса у «ҳаётий вазиятдаги муаммоларни мустақил равишда аниқлайди ва уни ҳал қилиш учун саволлар туза олади» (М4.М1.01).
Бироқ 1−4-синфлар кодификаторининг бутун ҳажмини таҳлил қилсак, ўқув натижаларининг аксарият қисми соф техник арифметикага (қўшиш ва айириш, кўп хонали сонларни кўпайтириш, касрлар билан ишлаш) бағишланганини кўриш мумкин. Бу бир хил машғулотлар ҳажми шу қадар каттаки, оддий ўқитувчига тўлиқ синф ва 40 дақиқалик дарс шароитида моделлаштиришнинг юқорироқ босқичларини (масалан, М4 — муқобил йўлларни баҳолаш ёки М5 — ечим тақдимоти ва ҳимояси) амалга ошириш учун жисмонан вақт қолмаслиги мумкин.
Табиий фанлар дастурида табиий фанларни ягона, яхлит тушуниш ғояси илгари сурилган (1.7-бўлим), бироқ ўқув натижалари кодификаторлари фанларнинг бир-биридан ажратиб қўйилганини кўрсатади. Барча натижалар алоҳида фанлар ўртасида қатъий тақсимланган: B — биология, K — кимё (TF3.Kmt.01), F — физика ва G — география. Дастурда табиий ҳодиса ёки қонуниятларни бир вақтнинг ўзида бир нечта фан нуқтаи назаридан ўрганиш имконини берадиган гибрид мавзулар мавжуд эмас.
Ўрта мактаб (5−9- ва 10−11-синфлар)
5−9- ва 10−11-синфлар учун давлат таълим стандартлари лойиҳаси бошланғич мактабда асос солинган компетенцияларни ривожлантириш ва чуқурлаштиришни назарда тутади. Адабиёт, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, иқтисодиёт ва бизнес каби янги фанлар пайдо бўлади, 7-синфдан бошлаб эса ягона «Табиий фанлар» фани алоҳида физика, кимё, биология ва географияга ажратилади. Бу босқичда айрим фанларда стандартларда эълон қилинган илғор мақсадлар (танқидий ва ижодий фикрлаш, медиа-саводхонлик ва бошқа кўникмаларни ривожлантириш) билан фанлар даражасидаги ўқув натижалари ўртасида номувофиқлик борлигини кузатиш мумкин.
Бундай номувофиқликнинг яққол мисолларидан бири «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанидир. 5−9-синфлар учун мўлжалланган давлат стандарти давлат ва жамиятни бошқариш ишига танқидий фикрловчи, фаол фуқаролик позициясига ва дахлдорлик ҳиссига эга бўлган жамият аъзосини тарбиялаш мақсадини илгари сурса-да, 8−9-синфлар дастурига киритилган ўлчанадиган ўқув натижаларининг аксарияти (52 тадан 45 таси) биргина феъл — «изоҳлаш» орқали ифодаланган. Дастурнинг ўзида «изоҳлаш» расман «тушунча мазмунини шарҳлаш» деб белгиланган бўлиб, бу — Блум таксономияси бўйича қуйи когнитив даражалар иерархиясида иккинчи ўринда турадиган «тушуниш» босқичидир. 8−9-синфлар кодификатори даражасида реал кейсларни ҳал қилиш учун ҳуқуқни таҳлил қилиш, баҳолаш ёки қўллаш кўникмалари деярли мавжуд эмас, бу эса танқидий фикрлаш, фаол позиция ёки дахлдорлик ҳиссини ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадларга эришишни имконсиз қилиб қўяди.
Ҳатто «таҳлил қилиш» ва «баҳолаш» каби юқори даражадаги феъллар пайдо бўладиган ҳамда айбсизлик презумпцияси, омбудсман институти ёки меҳнат низолари сингари амалий ва процессуал институтларнинг бир қисми ўргатиладиган 10−11-синфларда ҳам танқидий таҳлил доираси қатъий чекланган: ўқувчилар фақатгина фуқаролар ёки иш берувчилар томонидан қонун бузилиши ҳолатларини баҳолайдилар (масалан, DHA.11.XH.08), лекин уларнинг олдига давлат идоралари қарорлари ёки ҳужжатларининг адолатлилиги ёхуд самарадорлигини баҳолаш вазифаси қўйилмаган.
Дастур, шунингдек, «инсон ва шахс тушунчаси» (DHA.8.OH.01), «жамият тушунчаси» (DHA.8.OH.02), «давлат белгилари» (DHA.8.OH.03), ҳуқуқнинг турли соҳалари асослари ва манбалари каби мавҳум таърифлар билан тўлдириб юборилган. Бу мавҳум тушунчалар ўсмирнинг ҳаётий тажрибасидан йироқ бўлиб, бу ҳолат билимларни реал воқеликка кўчиришни ҳаддан ташқари қийинлаштиради. Дастурда тақиқлар ва жавобгарликка, жиноятлар, ножўя хатти-ҳаракатлар, ҳуқуқбузарлик белгилари ва вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигига кучли урғу берилган, бироқ ҳуқуқий ҳимоя воситалари (масалан, давлат идораларига қандай мурожаат ёзиш, ёзги таътилдаги иш учун ойлик тўланмаса, қаерга шикоят қилиш ёки болалар омбудсмани амалда қандай ишлаши) ёритиб берилмаган.
«Тарбия» фани ҳам ўқувчидан мавҳум шиорлар орқали «тайёр» ҳақиқатларни «тушунтириш», «тушуниш», «асослаб бериш»ни талаб қилиши билан ажралиб туради: масалан, «табиатни муҳофаза қилиш ҳар бир кишининг бурчи эканини тушунтириш» (T5.I.06), «оилада тотувлик ва ўзаро ёрдамнинг муҳимлигини тушунтириш» (T5.V.08), «инсондаги пок туйғулар аввало оилада тарбияланишини тушуниш» (T8.V.02), «билим олиш инсонни тарбиялайдиган ва уни юксак мақсадларга ундайдиган куч эканини асослаш» (T8.I.04) ёки «жамоат жойларида маданий хулқ-атвор фуқаролик бурчи эканини асослаш» (T9.I.08). Юқори (10−11) синфларда ҳам бу фан кўп жиҳатдан маърузабозлик ва пассивликка асосланган бўлиб, «насиҳатгўйлик»ка мойиллиги сақланиб қолган: ўқувчилар «оилада масъулиятли бўлиш» (T10.I.01), «миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда урф-одатлар» (T11.M.01) ёки «барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик қилиш»нинг (T11.I.06) муҳимлигини «тушунтириши» ва «тушуниши» лозим.
Тарих дастури қизиқарли тузилган. Давлат стандартларида «тарихий манбалар билан ишлаш, тарихий воқеа ва жараёнларни таққослаш ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлигини аниқлаш орқали танқидий ва креатив фикрлашни ривожлантириш» ёки «таҳлилий фикрлай оладиган онгли фуқарони тарбиялаш» каби мақсадлар белгиланган. Дастурда танқидий фикрлашга нисбатан қўш стандарт қўллангани кузатилади: ташқи тарихий жараёнлар (масалан, деколонизация, империалистик экспансия, тоталитар усуллар) чуқур танқидий ўрганилади. Бироқ, мақсад Ўзбекистон тарихига келганда, ўқувчи аждодларининг ҳаракатларини (масалан, давлат бошқаруви ёки истилочилик юришларини) «тарихий эмпатия» нуқтаи назаридан таҳлил қилиши керак. Масалан, ўқувчи «Темурийлар даври давлат арбобларининг халқ фаровонлиги ва адолатга бўлган муносабатини „Адолат — давлат асоси“ тамойили контекстида тарихий эмпатияга таяниб баҳолаши» (OʻT8.II5.02) ёки «Амир Темурнинг ўзи босиб олган ерларда тартиб ўрнатиш ва бинолар қуриш бўйича қарорларини ўша давр қадриятлари ва сиёсати нуқтаи назаридан баҳолаши» (OʻT8.S6.03) лозим.
Тарих фани дастури ўз мазмунига кўра чизиқли-хронологик ва фактларга асосланган бўлиб қолган: таълим натижалари муайян тарихий воқеаларга қатъий боғлаб қўйилган. Бу эса билимларни трансфер қилиш, яъни ўқувчининг аниқ бир тарихий воқеадан умумий қонуниятлар ёки тамойилларни (қолипларни) англаб етиши ва уларни бошқа тарихий ёхуд замонавий вазиятларни таҳлил қилишда қўллай олиш қобилиятини йўққа чиқаради. Масалан, ўқувчи Россия империясининг Туркистонда темирйўл қуришини мустамлакачилик манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилади (O‘T10.IK4.01). Ундан умумий мавҳум моделни («инфратузилмавий империализм» ёки «экстрактив иқтисодиёт») аниқлаш кутилмагани учун у Туркистондаги темирйўлни якка-ягона тарихий факт сифатида қабул қилади ҳамда йирик давлатларнинг ўз мустамлакаларида ёки ривожланаётган мамлакатларда амалга оширган бошқа шунга ўхшаш йирик инфратузилмавий лойиҳалари билан қиёслай олмайди.
Яна бир мисол. Кодификаторда Михаил Горбачёв ислоҳотлари ва Европадаги геосиёсий ўзгаришлар кейси мавжуд (JT10.II1.02), бироқ таълим натижаси муайян давр ва шахсга боғлаб қўйилгани туфайли ўқувчи «қайта қуриш»нинг барбод бўлиши мантиғини дунёдаги «юқоридан» амалга оширилган бошқа ҳар қандай муваффақиятсиз давлат ислоҳотлари таҳлилига тадбиқ эта олмайди.
«Иқтисодиёт ва бизнес» фани дастурига YES (Youth Employment Skills) лойиҳасида асос солинган қуйидаги йўналишлар жорий этилган: молиявий саводхонлик, иқтисодий саводхонлик, тадбиркорлик ва ишга жойлашиш кўникмалари. 2025 йилгача бир нечта ҳудудларнинг синов мактабларида ишлаган YES лойиҳаси яхлит ва узлуксиз дастурни татбиқ этган бўлиб, унда бу уч йўналиш 9-дан 11-синфгача модуль форматида параллел равишда ўқитилган. Бу билимлар трансферини таъминлашга имкон берган: масалан, ўқувчи талаб назариясини (иқтисодиёт назарияси) ўрганиб, ўз эҳтиёжлари асосида шахсий бюджетини ҳисоблай олган (молиявий саводхонлик) ҳамда бизнес ғоя яратиш учун ўз маҳалласининг таклиф билан қопланмаган эҳтиёжларини ўргана олган (тадбиркорлик).
Янгиланган ўқув дастурида эса яна синфлар бўйича тақсимлашга қайтилди: 9-синф молиявий саводхонликка ажратилган, 10-синфда ўқувчилар иқтисодиёт назариясини, 11-синфда эса тадбиркорликни ўрганади. Конструктивизм нуқтаи назаридан, бу билимлар трансферини мураккаблаштиради: масалан, 10-синфда иқтисодиётнинг назарий қонунларини ўрганган ўқувчи уларни дарҳол ўз бизнес ғоясини ривожлантириш учун қўллай олмайди. Шунингдек, фан йўналишлари номида «меҳнат бозорида рақобатлашиш кўникмалари» қайд этилганига қарамай, ўқитиш натижаларидан ишга жойлашиш билан боғлиқ компетенциялар чиқариб ташланган. Ҳолбуки, улар — резюме ёзиш, бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонларни таҳлил қилиш, ишга кириш учун суҳбатдан ўтиш кўникмалари ва бошқалар YES лойиҳасининг ўқув дастурида мавжуд эди.

Услубий тамойиллар: улар амалда ишлайдими?
Янги стандартлар таълимнинг универсал дизайни (UDL) каби илғор, конструктивистик ёндашувни жорий этмоқда. UDL ўқувчиларга таълим жараёнига жалб этилиш, ахборотни ўзлаштириш ва ўқув натижаларини тақдим этишнинг турли имкониятларини яратишни кўзда тутади.
Бироқ таҳлиллар UDL тамойилларининг фанлар кесимида жорий этилишида кескин номутаносиблик мавжудлигини кўрсатмоқда. Информатика ва математика каби фанларда UDL интеграциясининг юқори даражасини кузатиш мумкин. Масалан, «unplugged» концепцияси — алгоритмларни рақамли қурилмаларсиз, яъни жисмоний карточкалар, ролли ўйинлар ва ҳаракатлар орқали ўрганиш ёки визуал 3D-моделлар билан ишлаш ҳамда муаммоларни ечишда математик моделларни эркин танлаш имконияти шулар жумласидан. Лекин бошқа айрим фанларда (масалан, ҳуқуқ, тарих) UDL интеграцияси даражаси номигагина бўлиб қолмоқда: дастурлар ҳамон матнга асосланган, кодификаторлар эса турли когнитив хусусиятларга эга ўқувчилар учун мақсадларга эришишнинг муқобил йўлларини ўз ичига олмайди.
Умуман олганда, яқин ўн йилликда мамлакат мактабларида болалар нима ва қандай ўқишини, мустақил ҳаётга қандай шахс бўлиб қадам қўйишини белгилаб берувчи таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаларининг аҳамиятини инобатга олиб, ушбу ҳужжатларни барча манфаатдор томонлар — педагоглар, ота-оналар ва мутахассислар билан янада кенгроқ ва атрофлича муҳокама қилиш зарур.
Фан компетенцияларининг стандартларда белгиланган мақсадларга мослигини ҳам, дастурларнинг умумий фалсафаси ва методикасини ҳам чуқурроқ таҳлил қилиш зарур. Бунинг учун Республика таълим маркази ажратган 15 кун етарли эмас. Мактабларда ўқув йили бошланиб бўлганини ва шу вақтга қадар янги дастурлар жорий этилишига жисмонан улгурилмаслигини ҳисобга олсак, муҳокама муддатини узайтиришга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.
Шунингдек, ўқув дастурларини касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар нуқтаи назаридан ҳам таҳлил қилиш керак: агар барча умумтаълим фанлари бўйича асосий билимларни эгаллаш энг ками 11-синфгача чўзилса, 9-синфни битириб, техникумларга кетаётган ўқувчиларнинг 50 фоизи тарқоқ билим олиш хавфи остида қолмайдими? Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун юқори синф стандартлари техникумлардаги умумтаълим блоки билан қандай интеграция қилинади?
Юқоридагилар ўрта таълимнинг чуқурлаштирилган (3+) босқичи учун ҳам ўринли. 10−11-синф стандартлари фанларни стандарт ва чуқурлаштирилган даражаларда ўрганишни назарда тутади, бироқ чуқурлаштирилган босқич учун ўқув дастурлари ҳали муҳокамага қўйилмаган. Бу ерда қиёсий таҳлил зарур: фан дастурларининг стандарт ва чуқурлаштирилган босқичлари ўзаро қандай мутаносибликда? Агар 10−11-синфларда айрим фанларни чуқур ўрганиш учун соатларни бўшатиш мақсадида, вариатив синфлардаги каби, дарс жадвалидан бошқа фанлар олиб ташланса, бу чуқурлаштирилган босқич битирувчисида кескин номутаносибликка олиб келмайдими: бир фанлардан чуқур билим, бошқаларидан эса минимал билим ҳам йўқ?
Муҳокама шаффофлигини ва давлат органининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш учун қонун лойиҳалари муҳокамасида бўлгани каби махсус порталга юборилган барча изоҳларни ҳаммага кўринадиган қилиш керак. Шундагина жамоатчилик лойиҳа муаллифлари қайси изоҳларни қабул қилгану, қайсиларини нима сабабдан рад этганини кузата олади.
Шунингдек, таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари билан бир қаторда, уларни такомиллаштириб, тасдиқлангач, жорий этиш механизмларини ҳам муҳокамага қўйиш муҳим. Бу ҳеч қандай изоҳсиз тўхтатиб қўйилган аввалги дастурлар билан боғлиқ вазият такрорланишининг олдини олади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
