Россиянинг турли ҳудудларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг 12 нафар вояга етмаган фарзанди ватанга қайтарилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Мазкур инсонпарварлик тадбири Ўзбекистон элчихонаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакилларининг яқин ҳамкорлигида амалга оширилган.
Болаларнинг 8 нафари Москва вилоятидан, 1 нафари Чувашия Республикасидан, 1 нафари Москва шаҳридан, 1 нафари Новосибирск вилоятидан ва 1 нафари Тула шаҳридан олиб келинган.
Бортга кузатиш ва юбориш жараёнида масъул вазирлик ва идора ходимлари томонидан болаларнинг шахсини аниқлаш, ватанга қайтиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш, уларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш ва бошқа ташкилий масалалар муваффақиятли ҳал этилган.
2026 йилнинг ўтган 8 ойи давомида Россиянинг турли ҳудудларидан ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган жами 38 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилган.
Таъкидланишича, ҳозирда бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда ва яна 22 нафар болани олиб келиш бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
