Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ерлан Каринни мамлакат вице президенти лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар берди Акорда.
Бундан олдин Тоқаев Кариннинг номзодини Қурултой (Қозоғистон парламенти) тасдиғига киритганди. 31 август куни бўлиб ўтган йиғилишда депутатларнинг кўпчилиги — 145 нафардан 141 нафари унинг тайинловини қўллаб-қувватлади.
Қозоғистонда вице-президент лавозими янги Конституция қабул қилингач киритилди. У Қурултойнинг розилиги билан президент томонидан тайинланади. Вице президентнинг ваколатларига парламент, ҳукумат ва бошқа давлат органлари билан ўзаро алоқаларда давлат раҳбари номидан вакиллик қилиш киради. Президент ўз лавозимидан муддатидан олдин озод этилган тақдирда, унинг ваколатлари вице президентга ўтади.
Мамлакатда вице президентлик институтини таъсис этиш ва уни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш ташаббуси билан 2026 йил январь ойида Қасим-Жомарт Тоқаев чиққанди. «Вице президент лавозими бир қатор мамлакатларда мавжуд. Бизнинг ҳолатда ушбу лавозимнинг таъсис этилиши давлатни бошқариш жараёнини барқарорлаштиради, шунингдек, ҳокимият иерархиясига тўлиқ аниқлик киритади», — деган эди ўшанда Қозоғистон президенти.
Ерлан Карин 1976 йилда Туркистон вилоятида туғилган. Турли йилларда ўрта мактабда ўқитувчи, Марказий Осиё сиёсий тадқиқотлар агентлиги директори, собиқ ҳукмрон «Нур Отан» партияси котиби, «Қозоғистон» миллий телерадиокорпорацияси раҳбари бўлиб ишлаган.
2019 йилдан бошлаб давлат раҳбарининг ёрдамчиси, давлат котиби ва давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган. 2026 йил июнь ойидан эса Қозоғистон президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият ишлаб келаётганди.
